Рамазони шариф Қуръони каримни яхши кўради, Қуръони карим ҳам уни севади, улар бир-бири билан яқин дўстдирлар. Аллоҳ таоло айтади: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир” (Бақара сураси, 185-оят).
Рамазон ойида Қуръони каримнинг барчаси дунё осмонига нозил қилинган ва бу ой ушбу Китоб унда нозил қилиниши билан шарафли бўлган. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Жаброийл алайҳиссалом билан бирга Қуръондан дарс қилардилар, уни тинглаб, тиловат қилиб, оятларни тадаббур қилардилар. Унинг яхшиликлари узра яшаб, қалб кўзларини унинг бўстонлари аро сайр қилардилар ва муҳаббат кафтларини унинг хазиналари аро эркин қўярдилар.
Қуръон ўқийдиган рўзадор рўза тутган вақтида Қуръони карим ва Рамазон ўртасини улфат қилади ва буюк Китоб бирла ушбу ойни ўтказади. Бу улуғ Китоб ҳақида уни нозил қилган Зот бундай марҳамат қилади: “Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир” (Сод сураси, 29-оят). “Қуръонни тадаббур ила ўйлаб кўрмасларми? Ёки қалбларида қулф борми?” (Муҳаммад сураси, 24-оят). “Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар” (Нисо сураси, 82-оят).
Рамазонда Қуръон тиловат қилишда ўзига хос илҳомланиш ва бошқа аломатлар бор. Унинг тиловати саховатларни янгилаб, нафасларни нафис атирлар ила хушбўйлантиради. Яна Рамазон ойида Қуръон тиловати унинг нозил бўлиши, ўзаро дарс қилиниши ва ўтган солиҳларнинг унга бўлган эҳтимомлари хотираларини қайта жонлантиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қуръонни ўқинглар, Чунки у Қиёмат куни соҳибларига шафоатчи бўлади”. Бошқа бир ҳадисда: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръондан таълим олган ва ундан таълим берганларингиздир”, дейилади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Икки заҳро(нур сочувчини) ўқинглар: Бақара ва Оли Имрон сураси. Чунки иккиси Қиёмат кунида ё икки булут, ё икки соябон ёки саф-саф қушлардан икки фирқа бўлиб келиб, соҳибларига соя қилади”. Набий алайҳиссалом яна марҳамат қилиб айтадилар: “Қуръонга моҳир бўлиб ўқийдиган киши мукаррам, ўта яхши фаришталар билан бирга бўлади. Ўқиганда қийналадиганга икки ажр бордир”.
Шоир айтади:
Қуръоним, тингладим сени ғофил кеч кирганда,
Сайр айлатдинг коинот аро қалбим титратиб.
Сен-ла фатҳ этдик дунёни субҳ нурин сочганда,
Борлиқ узра учдик ҳар ерга ажр тўлдириб.
Солиҳ зотлар Рамазон келганда бошқа ишларини тўхтатиб, фақатгина Қуръон билан машғул бўлишарди. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ҳақларида қуйидаги хабар келган: У зот Рамазон келса фақатгина Қуръон билан машғул бўлар, дарс бериш, фатво айтиш ва инсонлар билан ўтиришни тарк қилар эдилар ҳамда: “Бу Қуръони карим ойидир”, дер эдилар.
Рамазон кунлари ўтган солиҳларнинг уйларидан арининг овозига ўхшаш шовқин эшитилиб турар, бу уйлар саодатга тўлиб, ундан нур тараларди. Улар Қуръонни тартил (дона-дона) қилиб ўқишар, унинг ажойиботлари узра тўхташар, насиҳатларидан йиғлаб, башоратларидан қувонишар ва унинг буйруқларига бўйсуниб, қайтариқларидан қайтишар эди.
Кунларнинг бирида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Нисо сурасининг аввалидан ўқиб бердилар. “Ҳар бир умматдан бир гувоҳ келтириб, сени уларнинг ҳаммасига гувоҳ этиб келтирган чоғимизда ҳол қандоқ бўлур?!” (Нисо сураси, 41-оят) оятига етганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кифоя қилади”, дедилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Қарасам, у зотнинг кўзлари ёш тўкарди”.
Кўз ёшлар яноқ ила бирлашган дам,
Рост-у ёлғон йиғлаганлар ажралар.
Чин ёшлар соҳибин эритар алам,
Чунки ундан тақво атри таралар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг қироатларини тингладилар, сўнгра бундай дедилар: “Тунда қироатингни тинглаётганимни кўрганингда эди! Дарҳақиқат, сенга Довуд алайҳиссалом аҳлининг най (хуш овоз)ларидан бир най берилган экан”. Шунда Абу Мусо розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, агар сиз мени тинглаётганингизни билганимда сиз учун янада зийнатлаган бўлар эдим!”, дедилар.
Бунинг маъноси, овозимни янада гўзалроқ қилиб, у ила Қуръони каримнинг таъсири, ажойиблиги ва гўзаллигини янада оширган бўлар эдим, деганидир.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу саҳобалар бир жойга тўпланиб қолса: “Эй, Абу Мусо, бизга Роббимизни эслатинг”, дер эдилар. Шунда Абу Мусо розияллоҳу анҳу ўзларининг хуш овозлари ила қироат қилар, саҳобалар эса йиғлаб тинглар эдилар.
Қуръоннинг муҳим вазифаларидан бири инсонларни тўғри йўлга бошлашдир. У қалбларга шифо, илм, маданият ва маърифатдир. Қуръон ҳаёт, руҳ, нажот калити, саодат, ажр ва мукофотдир. Унда раббоний таълимотлар, илоҳий дастурлар ва абадий ҳикматлар мавжуд.
Шундай экан, Рамазонда ҳам, ундан бошқа ойларда ҳам Қуръон билан бирга яшаб, унинг улуғлигини англаб, у ила ҳаётимизни саодат, нур ва мазмун ила тўлдирайлик!
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Рўзадорлар учун дарслар" китобидан
Бугунги глобаллашув шароитида барча соҳалар каби дин билан боғлиқ жараёнлар ҳам жадаллашиб бормоқда. Айниқса, ижтимоий тармоқларда диний арконларни нотўғри талқин қилиш ҳолатлари тобора авж олмоқда. Бундай вазиятда ҳар бир киши билим ва ахборот истеъмоли маданиятига жуда муҳтож бўлади. Динини соф сақламоқчи бўлган инсон тўғрини нотўғридан ажратиб олиши учун етарлича салоҳиятга эга бўлиши давримизнинг энг долзарб талабларидан бўлиб қолди.
Ҳозирги кунда оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилиб, одамларни ўз бузғунчи ғояларига ундаётган оқимлардан бири салафийлик тоифаси бўлиб, у Марказий Осиё минтақасига ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказмоқда.
Аввало “салафийлик” иборасига тўхталадиган бўлсак, у араб тилидаги “سلف” [салаф] сўзидан олинган бўлиб, “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар” маъноларини англатади. Ҳадисларга кўра, “салафлар” ё “салафи солиҳлар” деганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги икки даврда яшаган мусулмонлар тушунилади. Яъни, булар – саҳоба, тобеин ва табаа тобеинлар. Улардан кейинги даврларда яшаб ўтган одамларга нисбатан “салаф” атамаси ишлатилмаган.
Кейинги йилларда “салафи солиҳларга эргашиш” шиори остида сохта салафийлар жамоаси пайдо бўлди. Уларнинг ақидавий асоси Ибн Таймия (1263/1328) исмли шахсга бориб тақалади. У фиқҳий-ақидавий масалаларда ихтилоф қилгани сабабли аҳли сунна уламолари томонидан қаттиқ танқид қилинган ва кескин раддияларга учраган. Шундай бўлса-да, унинг ғоялари турли мутаассиб тоифаларга асос бўлиб хизмат қилишда давом этяпти.
Мустақилликдан кейинги йилларда бизнинг юртимизда ваҳҳобийлик ҳаракати бўй чўзди. Аслида салафийлик билан ваҳҳобийлик орасида фарқ йўқ. Уларнинг эътиқод ва қарашлари бир хил. Ваҳҳобийлик салафийликдан келиб чиққан. Унинг асосчиси Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб (1703-1791) Ибн Таймиянинг фикрларига қўшилишга чақирган.
Салафийликнинг фаолиятига эътибор берилса, улар аҳли суннанинг ақида бўйича ашъарийлик ва мотуридийлик таълимотларини, тўрт фиқҳий мазҳаб ва тасаввуфни инкор этади. Фиқҳий мазҳаблар ўртасидаги жузъий ихтилофли масалаларни танқид қилиб, уларни айблайди ва мазҳабсизликка ундайди. Фиқҳий-ақидавий ихтилофлар келтириб чиқарибгина қолмай, ижтимоий-сиёсий ҳолатларни танқид остига олиб, ўз бузуқ ғояларини сингдиришга уринади. Уларнинг тарғиботи замирида жиҳод ва халифалик ғоялари ётади.
Ҳозирги вақтда салафийлик ғояларининг тарқалиши кенг тус олмоқда. Мамлакатимиз мисолида кўрадиган бўлсак, хорижда туриб, ўзини шайх, ҳақ даъватчи ва исломнинг асл моҳиятини тўғри очиб берувчи қилиб кўрсатаётган баъзи салафий даъватчилар мазҳабларни ихтилофда айблаб, Қуръон ва суннатга эргашиш даъвоси билан салафийликка, мазҳабсизликка даъват қилмоқда. Ижтимоий-сиёсий вазиятга доир айрим ҳолатларни танқид қилиб, ўз таъсирини оширишга уринмоқда.
Салафий даъватчилар ижтимоий тармоқлардаги “ваъз”ларида фиқҳий-ақидавий мазҳабларни тугатиш ва тасаввуфни инкор қилишга қаттиқ урғу бермоқда. Даъволари жуда жимжимадор. Гўё улар Қуръон ва суннатга эргашаяпти-ю, ихтилофларни мазҳаблар келтириб чиқараётгандай.
Тарихдан маълумки, барча даврларда ўз мақсади йўлида ислом ақидаси ва арконларини нотўғри талқин қилиб, одамларни ҳақ йўлдан оздиришга ҳаракат қиладиган тоифалар чиқиб турган. Салафийлар ҳам шулардан бири. Чуқурроқ таҳлил қилинадиган бўлса, уларнинг ғоялари тарихдаги мўътазила, мушаббиҳа, мужассима, карромия каби ботил тоифаларнинг қарашларига ўхшаши яққол кўринади. Қуйида улардан баъзиларини санаб ўтамиз.
Салафийлар ақида борасида “Раҳмон Аршга истиво қилди” (Тоҳа сураси, 5-оят), “Ёки сизлар осмондаги Зот (Аллоҳ)дан хотиржаммисиз?!” (Мулк сураси, 16-оят), “Балки Аллоҳ таоло у (Исо алайҳиссалом)ни Ўзига кўтариб олди” (Нисо сураси, 158-оят) каби баъзи муташобиҳ (бирини-биридан ажратиш қийин бўлган ва бир неча маъноларни англатадиган) оятларни зоҳирига (юзаки маъъносига) қараб, Аллоҳ таолога макон нисбат беради ва У Зотни осмонда, деб даъво қилади.
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, Аллоҳ таоло макондан олий ва беҳожат Зотдир. Уламоларимиз ақидавий масалаларда, айниқса, Аллоҳ таоло борасида, У Зотни нуқсон ва камчиликлардан поклашда ўта эҳтиёткордир. Энг нозик нукталарни ҳам эътибордан четда қолдирмай, масаланинг асл моҳиятини очиб беришга бор куч-қувватини сарфлаган. Аллоҳ таолога макон нисбат бериш У Зотни махлуқотларга ўхшатишдир. У Зот азза ва жалла Қуръони каримда: “Албатта, Аллоҳ барча оламлардан беҳожатдир” (Анкабут сураси, 6-оят), деган. Яъни, Арш, ер ва осмонлар каби нарсалар Аллоҳ яратган махлуқотлар бўлиб, олам жумласига киради. Олам эса азалий эмас, Аллоҳ таоло азалийдир. Азалда эса Аллоҳдан ўзга ҳеч ким ва ҳеч нарса мавжуд бўлмаган. У Зот азалдан макон ва замон эҳтиёжидан холи бўлган ва бундан буён ҳам шундай бўлади. Демак, Аллоҳ таоло оламлардан беҳожат, яъни уларга эҳтиёжи тушмайдиган Зотдир. Бошқа бир оятда: “Унга ўхшаш бирор нарса йўқ” (Шўро сураси, 11-оят), дейди. Яъни, Аллоҳ таоло бирор нарсага ўхшамайди ва Ўзи яратган нарсаларга ўхшаб бирор маконга муҳтож эмас.
Бундан ташқари, салафийларнинг тавҳид, қабрларни зиёрат қилиш, мавлидни нишонлаш, намоздан кейин жамоат бўлиб дуо қилиш ва яна кўплаб ақидавий масаларда ихтилофлари мавжуд. Уларнинг барча даъволарига аҳли сунна олимлари кучли далиллар асосида жавоб берган ва бериб келмоқда.
Ҳозир баъзи салафийлар Оли Имрон сурасининг 103-оятидаги “Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг” сўзларини келтиради ва “Аллоҳнинг арқонини биргаликда ушлаш ва ихтилофга бормаслик керак. Биз ихтилофга борсак, қалбларимиз ихтилофга боради. Айримлар ўзича: “Биз исломда одамларни тарбиялаяпмиз. Ўз мазҳабига амал қилса, нима бўпти, деяпмиз”, деб ўйлаши мумкин. Лекин бу ҳеч қачон одамларни бирликка олиб бормайди. Балки ихтилофга, бўлинишга олиб боради” деб, мазҳабга эргашиш ихтилофга сабаб эканини даъво қилади. Шундай даъво билан мазҳабларни исломдан айродек тасаввур қилдиришга уринмоқда. Ваҳоланки, ислом дини шу тўрт мазҳаб асосида асрлар оша давом барқарор қолиб келмоқда. Бугун ҳам қанчадан-қанча одамлар шу мазҳаблар асосида динга амал қилиб келади. Яъни, ақидада – Мотуридий ва Ашъарий таълимотларига, фиқҳда – Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеий ва Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳабларига амал қилиб келмоқда. Худди Пайғамбаримиз айтганларидек, саводул аъзам – улкан жамоатни лозим тутиб келмоқда. Асрлар давомида шу тўрт мазҳабнинг мужтаҳид олимлари исломнинг асл моҳиятини Қуръон ва суннат асосида мусулмонларга баён қилиб келган. Салафийлар эса, тарихда ҳам, ҳозир ҳам уммат ичида ихтилоф ва тафриқага (бўлинишга), диний ва ижтимоий-сиёсий нотинчликка сабаб бўлган, холос.
Салафийларнинг ғалати бир жиҳати шундаки, ҳақ йўлдалигини айтиб, даъватида ўзига эргашишни тарғиб қилади. Ваҳоланки, мусулмонлар шундоқ ҳам улардан олимроқ, Қуръон ва суннатни улардан кўра чуқур билувчироқ бўлиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга улардан яқинроқ даврда яшаган мазҳаб мужтаҳидларига эргашади. Демак, яқинда чиқиб, ўзига эргашишга чақираётган бундай тоифаларнинг этагини тутишга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Чунки мазҳаб мужтаҳидлари эргашишга улардан кўра лойиқроқ зотлардир. Шундай экан, динини соф сақламоқчи бўлган ҳар бир мусулмон кеча пайдо бўлган тоифага эмас, аҳли сунна вал жамоа мазҳабига эргашиши мақсадга мувофиқ. Ахир, биз осмон-фалакка кўтарилиб, узоғимизни яқин қиладиган самолётларни, коинот кенгликларини забт этадиган ракеталарни ташлаб, яқинда велосипедни кашф қилган ва нотўғри ясаган одамнинг икки қадам масофадан кейин ағанаб тушадиган ихтиросига ўзимизни урсак, бу бирор мантиққа ҳам тўғри келмайди-да.
Салафийликнинг тарихий илдизларига эътибор берилса, Марказий Осиё минтақаси бундай оқимларга макон бўлмаган. Аммо доимий тарзда бу ердаги ўлкаларга ботил ғояларни сингдиришга уринишлар бўлиб турган ва ҳозир ҳам давом этмоқда. Лекин ҳар даврда аҳли сунна вал жамоа уламолари уларнинг ғояларига қарши ўз фиқҳий-ақидавий мазҳабларини маҳкам тутган ҳолда қаттиқ курашиб келган.
Тарихан бизнинг халқимиз ақидада мотуридийликни, фиқҳда ҳанафийликни асрлар оша маҳкам тутиб келган. Урф одатларимиз ва миллий онггимизда ушбу фиқҳий-ақидавий мазҳаб асосий ўрин тутади. Яқинда чиқиб, “ҳақиқий тўғри йўл”ни кўрсатмоқчи бўлаётганлар асрлар оша муайян тартиб-қоидалар асосида динга амал қилиб келган бу халқ, дунёга қанчадан-қанча улуғ олимларни етиштириб берган бу диёр одамлари исломга нотўғри амал қилиб келганини даъво қилмоқда. Ташвишланарли ва ачинарли томони бўлмаганда, бу жуда кулгили бўларди. Салафийлар Қуръон ва суннатга амал қилаётганини иддао қилиб, мазҳабларни инкор этмоқда. Расулуллоҳ алайҳиссалом ва саҳобалар даврида ҳеч қандай мазҳаб бўлмаганини далил қилиб келтирмоқда. Бу жуда ҳам нотўғри ва сохта даъво экани кундек равшан. Бунга ҳужжат-далиллар етарли даражада кўп. Тарихда ҳам, ҳозир ҳам аҳли сунна олимлари уларнинг йўли нотўғри эканини бот-бот исботлаган.
Четдан қараганда, бир табиий хулоса яққол намоён бўлади. Биз Қуръони каримнинг ҳар бир ояти қачон, қандай вазиятда нозил бўлганини аниқ биладиган, унинг турли тафсир ва таъвилларидан бохабар бўлган, юз минглаб ҳадисларни ёд олган мужтаҳидларнинг йўлини тутганимиз тўғрими ё кечагина дуёга келган, илмининг тайини бўлмаган, бирор улуғ асар ёзиб уламолар эътирофини қозонмаган, ижтиҳодга мутлақо ярамайдиган, пешволари ўргатганини такрорлаб, мустақил фикр билдиришга қодир бўлмаганларга эргашишимиз дурустми? Асрлар давомида муайян мазҳабни маҳкам тутган ота-боболаримиз ҳақми ё анавилар улардан ақллироқ чиқиб қолдими? Интернет орқали тинмай “сайраётган” бу салафийларнинг бирортаси, дейлик, Абу Ҳанифа ё Имом Шофеий ё уларнинг мужтаҳид издошлари билганини биладими?
Ташвишга соладиган жиҳати шуки, салафийликнинг мамлакатимиз ҳаётига салбий таъсири йўқ эмас. Мамлакатимиз аҳолиси аҳли суннанинг фиқҳий-ақидавий мазҳабларини маҳкам тутган ва ҳаёт тарзига тасаввуф ғояларини сингдирган халқдир. Салафийлик эса айнан мазҳаблар ва тасаввуфни қоралайди. Шу сабабли салафийлик ғояларининг кириб келиши ва кимларнинг уларнинг домига тушиши оқибатида халқ орасида ихтилоф ва бўлинишлар эҳтимоли юзага келади.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида кузатилган ваҳҳобийлик хуружлари бунга ёрқин мисолдир. Салафийлик ҳам диний, ҳам ижтимоий-сиёсий беқарорликка сабаб бўлади. Чунки бу тоифанинг асл мақсадлари замирида ҳижрат ва халифаликни тиклаш каби ғоялар ётади. Ваҳоланки, мусулмонларнинг ягона халифалик ҳукмронлиги остида яшаши ҳақида буйруқ ёки кўрсатма на оят ва на ҳадисда мавжуд. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам халифалик борасида: “Мендан сўнг халифалик ўттиз йилдир. Ундан кейин подшоҳликлар бўлади”, деганлар. Ҳижрат хусусида эса: “Фатҳдан (Макка мусулмонлар томонидан забт этилганидан) кейин ҳижрат йўқ”, деб айтганлар. Уламолар “бу ҳадис умумий бўлиб, ўзидан олдин келган ҳижратга далолат бўлувчи ривоятларни насх (бекор) қилувчи” эканини айтган. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам исломни қабул қилганларга ўзлари томон ҳижрат қилишни амр этмаганлар ва ўз юртида яшашини инкор ҳам этмаганлар.
Нафсиламрини айтганда, салафийлик жамият ичида диний асосдаги қарама-қаршилик, зиддият ва низолар юзага келиш эҳтимолини оширади. Ҳозир кўп жойларда жамоатчилик осудалигини бузишга уринаётган, баъзан бузаётган бу тоифа бизнинг мамлакатимизга ҳам таъсир ўтказишга уринмоқда. Айниқса, ижтимоий тармоқларда ўзбекзабон баъзи салафий даъватчилар ўз ғояларини ёйишга қаттиқ киришиб кетган. Бу, афсуски, гоҳида натижа ҳам бермоқда. Турли давлатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам уларнинг ботил ақидасига эргашиб қолиш ҳолатлари йўқ эмас. Бу ҳолат, айниқса, интернет ва ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланадиган ёшлар орасида учраб туради. Динга қизиққан ёшлар орасида билиб-билмай салафийларнинг таъсир доирасига тушиб қолиш ҳолатлари содир бўлмоқда.
Салафий даъватчиларнинг ижтимоий тармоқлар ва бошқа платформалардаги фаолияти анча ривожланган ва такомилига етган. Уларни кузатиб борувчилар сони кўпайишда давом этмоқда. Бунга Яқин Шарқдаги, айниқса, Сурия ва Фаластин ерларидаги беқарорликдан фойдаланиш, шу билан одамларнинг жазавасини қўзғаш каби усуллар катта туртки бермоқда. Чунки салафийлар ўзини мусулмонлар учун қайғураётган жонкуяр инсонлар қилиб кўрсатади. Ўзи демократик мамлакатлар ҳудудидан бошпана топганига қарамай, Ўзбекистондаги демократик тузумни “куфр тузуми” деб атаб, ёшларимизни чалғитяпти. Лекин моҳиятан бу мантиқсизликдан бошқа нарса эмас. Шундай эса-да, бир қарашда майда кўринадиган салафийликнинг таъсири оғир кечадиган оқибатларга олиб келиши мумкин экан. Улар гўё жузъий диний масалаларни кўтариб чиққандек бўлади, лекин майда-майда қилиб, пировардида тоғдек ғоясини сингдириб юбориши ҳеч гап эмас.
Бу бузғунчилар нуфузли илмий ташкилотлар ёки эътиборли уламолар томонидан эътироф этилган эмас. Шундай бўлса-да, ривожланиш даражаси қандай эканидан қатъи назар, ҳар қандай юртда учраши мумкин бўлган айрим ижтимоий муаммоларни кўтариш услуби уларнинг аудиторияси кенгайишига ҳисса қўшмоқда. Баъзан кичкина ҳақиқатни гапира туриб, ортидан улкан ноҳақликни ирода қилаётгани, буни эса дин борасида етук билимга эга бўлмаган ёшлар англаб етмаётгани уларга жуда асқотмоқда. Уларнинг бундай маърузалари ёшлар орасида ислом дини борасида тушунмовчиликлар келтириб чиқаради, албатта. Бунинг олдини олиш учун эса, аввало, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш лозим. Адашган тоифаларнинг даъволари нотўғри эканини исботловчи раддия шаклидаги аудио-видео мурожаатларни, ихчам рисолаларни кўпайтириш ва одамларга етказиш ҳам фойдадан холи эмас.
Бундай салбий иллатларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатимиз маъанавий-маърифий соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз томонидан халқ маънавиятини янада бойитиш, диний билимсизликни бартараф этиш мақсадида турли институтлар, университет ва илмий марказлар, масжид ва мадрасалар барпо этилиб, кўплаб имкониятлар яратиб берилмоқда. Шундан фойдаланган ҳолда ўз маънавиятини бойитиб, дунёқарашини кенгайтириб, мантиққа таяниш ва танқидий фикрлашни ўрганиш, шу тариқа салафийлик каби тоифаларнинг ғояларига алданиб қолишдан сақланиш каттаю-кичик ҳар бир юртдошимизга лозим бўлади.
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими