Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муҳаббатни уйғотувчи ва бошқаларга меҳр улашувчи гўзал табассумингиз яхши.
Шаръий дўстликни бино қилиб, нафратни кетказадиган ширин сўзингиз яхши.
Мискинни шодлантирадиган, фақирни хурсанд этадиган ва очни тўйдирадиган мақбул садақангиз яхши.
Қуръонни тиловат қилиб, уни тадаббур этиб, унга амал қилиб, зикр ва истиғфор айтиб ўтиришингиз яхши.
Фарзандларингизни динимизга мувофиқ қилишингиз, суннатни ўргатишингиз ва манфаат нарсалар томон уларни йўналтиришингиз яхши.
Ибоингиз ва Аллоҳ буюрган сатри авратингиз яхши.
Аллоҳдан қўрқадиган, динини севадиган ва қадр-қимматини биладиган аёллар ила суҳбатингиз яхши.
Ота-онага яхшилик қилишингиз, қариндошлар билан алоқани мустаҳкамлашингиз, қўшниларга яхшилик қилишингиз ва етимларни кафолатингизга олишингиз яхши. Манфаатли китоб ўқишингиз яхши.
Доктор Оиз Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
من صام رمضان ثم أتبعه بست من شوال كان كصوم الدهر
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Рамазон рўзаси ўттиз кунининг ўн баробари ўн ой (300 кун), Шаввол ойининг олти кун рўзаси эса (60 кун) икки ой бўлади. Жами 360 кун (бир йил)ни ташкил этади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” (Анъом” сураси, 160-оят).
عن ابن عمر رضي الله عنهما أن رسول الله صلَّ الله عليه وسلم قال من صام رمضان واتبعه ستاً من شوال خرج من ذنوبه كيوم ولدته
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан Шаввол ойида олти кун рўза тутса, ҳудди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Уламолар: "Шаввол ойи рўзасини ой бошида кетма-кет олти кун ёки ой давомида бўлиб-бўлиб тутиш ҳам жоиз", деганлар. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шаввол ойи рўзаси кетма-кет олти кун тутилса ҳам, бўлиб-бўлиб тутилса ҳам фазилати тенгдир”.
Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашимизга тавфиқ ато эт!
Даврон НУРМУҲАММАД