Агар бирор киши “Ҳазрат, Аллоҳ таолонинг бандаларига муҳаббатининг бирор далили борми?” деб сўраса, яъни Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибондир, карамлидир, лекин муҳаббатли эканлигига бирор далил борми? Бунга уламолар кўплаб далилларни келтирганлар. Мисол учун, барча бирдек тушунадиган оддий мисол: “Агар бандада муҳаббат бўлса, у ўз маҳбубига қанча кўп яхшилик қилса ҳам уни оз деб билади. Қачонки маҳбубидан бирор арзимас ва оз туҳфа олса ҳам уни қадрли ва жуда кўп деб билади. Бундай ҳолат Аллоҳ таоло ва банда орасида ҳам учраши Қуръони каримда баён этилган. Аллоҳ таоло бандаларига дунёда минглаб, балки ундан-да зиёда неъматлар билан сийлаган бўлса ҳам, лекин Қуръони каримда бундай дейилади:
﴿قُلْ مَتَاعُ الدُّنْيَا قَلِيلٌ﴾
«Сен: “Дунёнинг матоҳи оз” деб айт» (Нисо сураси, 77-оят).
Маҳбуб тарафидан бўлгани учун бандалар қисқа умрларида ўз ҳожатларидан ортиб, Аллоҳ таолони ёд қилсалар, ибодатни тўкис адо этсалар, муродларига эришадилар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اذْكُرُوا اللَّهَ ذِكْرًا كَثِيرًا﴾
«Эй, имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар» (Аҳзоб сураси, 41-оят).
Субҳаналлоҳ! Маҳбубидан бўлган амални кўп деб, ўзи берган неъматларини оз деб марҳамат қиляпти. Бу Аллоҳ таолонинг ўз бандаларига бўлган муҳаббатининг далилидир.
Яна Қуръони мажидда Аллоҳ таоло ўз муҳаббатини изҳор қилиб марҳамат қилади:
﴿اللَّهُ وَلِيُّ الَّذِينَ ءَامَنُو﴾
«Аллоҳ имон келтирганларнинг дўстидир» (Бақара сураси, 257-оят).
Субҳаналлоҳ! Қандай бахт ва саодат, Аллоҳ таолонинг марҳаматики, бир сўз билан Буюк Роббимизга имон келтирганларга Ўзининг муҳаббатини эълон қиляпти.
"Илоҳий ишқ" китобидан
Нодир Одинаев таржимаси
Озарбайжон сафари давомида Туркий давлатлар муфтийлари ва анжуман иштирокчилари Боку, Фузулий, Ағдам, Шуша сингари шаҳарлардаги муборак қадамжоларни зиёрат қилишди. Хусусан, Боку шаҳридаги Саййид Яҳё Бакувий зиёратгоҳи ва "Шаҳидлар хиёбони"да бўлдилар.
Ташкилотчилар илтимосига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Ағдам шаҳридаги тарихий “Жума” масжидида турли давлатлардан келган муфтийлар, уламолар ва мартабали меҳмонларга пешин намозида имомлик қилиб бердилар.
Зиёратлар асносида уламолар томонидан Қуръони карим оятлари ўқилиб, қардош эллар тинчлиги, барқарорлиги ва бирдамлигини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати