Ташриф доирасида Мир Араб олий мадрасаси, Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси ҳамда Жўйбори Калон аёл-қизлар ислом таълим муассасаси педагог-ўқитувчилари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда Дин ишлари бўйича қўмита раиси биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифаларнинг мазмуни ва аҳамиятига атрофлича тўхталиб ўтдилар.
Шунингдек, диний таълим тизимини янада такомиллаштириш, таълим сифати ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашилди.
Йиғилиш давомида таълим муассасаларида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари, илмий фаолият самарадорлигини ошириш, илмий изланишларни амалиёт билан уйғунлаштириш масалалари бўйича қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Йиғилиш якунида таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш бўйича келгусида амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Mirarab.uz
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати