Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Умрингизни беҳуда муҳаббат интиқоми ва яхшилиги йўқ жанжалларга сарф қилманг.
Саломатлигингиз, бахтингиз, уйқу ва фароғатингиз эвазига мол-мулк йиғишга интилманг.
Вақтингизни инсонларнинг хатоларини қидириш ва уларни ғийбат қилиш билан ўтказиб, ўзингизни унутиб қўйманг.
Нафс роҳатлари ва у хоҳлаган барча нарсани беришга шўнғиб кетманг.
Бекорчилар билан вақтингизни ўтказиб, беҳуда ишларга қимматли умр неъматини сарфлаб юборманг.
Баданингиз бадбўй бўлишига, уйингиз тартибсиз қолишига йўл қўйманг.
Ҳаром ичимликлар, тамаки ва турли хил ёмон нарсалардан бутунлай узоқлашинг.
Ўтиб кетган кўнгилсизлик ва мусибатлар ҳамда содир бўлган хатоларни эсламанг.
Охиратингиз, у учун амал қилиш ва у кун келишини асло унутманг.
Мол-мулкингизни ҳаром амаллар, бекорчи ишлар ва ибодатда камчиликларга олиб борадиган нарсаларга сарф қилманг.
Доктор Оиз Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хоразм вилояти вакиллиги мажлислар залида ҳудуддаги имом-хатиблар иштирокида навбатдаги анъанавий «Маънавият соати» ташкил этилди.
Йиғилишда бугунги кунда юртимизда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини чуқур тадқиқ этиш ҳамда уни халқимиз, айниқса, ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази томонидан нашр этилган «Фатволар тўплами» китобининг 3-жилди тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур нашр диний-маърифий соҳа ходимлари ва мўмин-мусулмонлар учун муҳим дастуриламал экани таъкидланди.
Шунингдек, йиғилишда буюк муҳаддис Имом ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллигини юксак савияда нишонлаш, жойлардаги масжидларда ушбу санага бағишланган маърифий тадбирлар ва давра суҳбатларини пухта ташкил этиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати