Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Июл, 2026   |   22 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:13
Қуёш
04:57
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
07 Июл, 2026, 22 Муҳаррам, 1448

Яхшиликлар кушандаси

10.02.2026   9476   3 min.
Яхшиликлар кушандаси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Диний ёки дунёвий бўлса-да, бир инсонга берилган неъматнинг қўлидан кетишини истаб ҳасад қилиш динимизда ҳаром қилинган. 

Қуръони каримда ҳасад ҳақида шундай марҳамат қилинади:

“Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми? Батаҳқиқ, Иброҳим оиласига китобни, ҳикматни ва улуғ мулкни берганмиз-ку?!” (Нисо, 54-оят). 

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам замонида яшаган яҳудийлар бугунгиларидек барча яхши нарсаларга фақат ўзларини муносиб кўрардилар.  Улар охирзамон пайғамбари келишини билардилар, аммо уни ўзларидан чиқади, деб ўйлардилар. Ўйлаганларидек бўлмаганди, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарликка, мусулмонларни иймон ва исломга лойиқ кўрмадилар. Қурайш қабиласи ва арабларни улардан пайғамбар чиққани учун ёмон кўрдилар, ҳасад қилдилар. Ояту карима ҳасад – Аллоҳнинг тақдири ва марҳаматига норозилик қилиш, эътироз этишлик эканини, бунга ҳеч кимнинг ҳақи йўқлигини кўрсатмоқда. Қуръони каримда ҳасадгўйлиги ва ғайирлиги билан тилга олинган яҳудийларга ўхшашни истамаган банда қалбини ҳасад ва кўролмасликдан поклаши керак.  

Ҳасад – яхшиликларни ейди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Ҳасаддан сақланинглар! Олов ўтинни еб битириганидек, ҳасад ҳам яхшиликларни еб битиради” (Абу Довуд ривоят қилган). 

Аллоҳга иймон келтирган мўминнинг Унинг тақдири ва эҳсонига кўнмаслиги хайрсиз ҳиссиёт. Бу туйғу бўлган қалбда иймон ва таслимият бўлиши ишонарли эмас. 

Ҳасадгўйнинг дини ҳам, дунёси ҳам маҳрумиятга тўлади.

Олов учун ўтин ва ёғочларни кулга айлантириш қанчалик осон бўлса, кўролмаслик ҳам инсоннинг яхшиликларини шундай ёқиб адо қилади. Чунки ҳасадгўй ҳасад қилган кишисини ғийбат қилади, унга ёмонликлар келишини истайди. Бу ҳасадгўйнинг маҳрумияти ва зарарини, ҳасад қилинган инсоннинг эса неъмат ва савобини ортиради. Ҳасадга мойил қалб вақтида муолажа қилинмаса, оқибатда кишининг иймони зиёнга кетади. Яхшиликлар, хайр ва ҳасанотнинг қуввати — иймоннинг камоли, ўзини йўқотишдан қаттиқ қўрқиш керак. Шунинг учун ҳам ҳасаддан қатъий қайтарилади. 

Қуръони каримда марҳамат қилинган: “Мўмин киши томонидан қилинган ҳар бир яхши иш ёмонликларни кетказади” (Ҳуд, 114-оят) ояти каримаси юқорида келтирилган ҳадисни тасдиқлайди. Ҳасадгўйни яхшиликларни кўролмаслиги бадном қилади. Ёмонликларини ўчирувчи яхшиликларидан маҳрум ҳасадгўйнинг ҳолига вой.

Ҳадис бизга нима ўргатади?

1. Ҳасад — ҳаром.
2. Ҳасад — ҳасадгўйнинг яхшилик ва савобларини еб битиради.
3. Аллоҳнинг тақдири ва эҳсонига норозилик қилиш — ҳасаддан зинҳор тийилиш керак. 
4. Мусулмон тақдир неъматларига муносибдир.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Очиқ кўнгил бандага Аллоҳ раҳм қилсин

07.07.2026   1755   2 min.
Очиқ кўнгил бандага Аллоҳ раҳм қилсин

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Интиқом маҳкамасига айлансангиз энг аввалги қурбон ўзингиз бўласиз

Баъзи инсонлар жуда очиқкўнгил бўлишади. Улар ўзларининг барча ҳақларини талаб қилишмайди, кўп ишларга аҳамият беришмайди, гоҳида ўзларини билмаганга олишади. Умуман олганда очиқкўнгил, кўп нарсани аниқлаштиришга уринаверишмайди, ҳар қандай гапга эътибор қилаверишмайди ва ўзларини бундай майда ишлар билан қийнашмайди. Яна шундай инсонлар борки, юқоридаги инсонларнинг акси. Очиқкўнгиллик нима эканини билишмайди, зарра миқдорида бўлсин ҳақлари бировга ўтиб кетишига йўл қўйишмайди, инсонлар билан доимо ҳақ талашиб жанжаллашади, курашади ва камдан-кам ҳолларда рози бўлишади.

Табиийки, очиқкўнгил инсоннинг кўнгли хотиржам, изтиробдан йироқ бўлади. Шунингдек, у инсонларнинг қалбига яқин, уларнинг муҳаббатларига муносиб бўлади. Инсонлар билан доимий жанжаллашиб юрадиган кишидан фарқли равишда унинг қаршисида муваффақият эшиклари доим очиқ туради. Иккинчи тоифадаги инсон эса барча гаплар ва воқеаларни таҳлил қилади, улардан ярамас мақсадларни излайди. Шу сабабли ўзига турли тарафдан изтиробни жалб қилади, инсонлар уни ёмон кўришади ва ўзларини олиб қочишади.

Аслида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар икки ишдан бирига ихтиёр берилса модомики гуноҳ бўлмас экан енгилини танлардилар, агар гуноҳ бўлса ундан узоқлашадилар. У зот айтадилар:

قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: رحم الله عبدا سمحا إذا باع، سمحا إذا اشترى، سمحا إذا اقتضى

“Аллоҳ (бирор нарса) сотса, сотиб олса ва (ҳақ) талаб қилса ҳам очиқ кўнгил бўладиган бандага раҳм қилсин” (Имом Бухорий ривояти).

Шуъла: Эртага изтироб чекмаслигингиз учун бугун қаттиқ ҳаракат қилинг.
 

Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан

Мақолалар