Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Диний ёки дунёвий бўлса-да, бир инсонга берилган неъматнинг қўлидан кетишини истаб ҳасад қилиш динимизда ҳаром қилинган.
Қуръони каримда ҳасад ҳақида шундай марҳамат қилинади:
“Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми? Батаҳқиқ, Иброҳим оиласига китобни, ҳикматни ва улуғ мулкни берганмиз-ку?!” (Нисо, 54-оят).
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам замонида яшаган яҳудийлар бугунгиларидек барча яхши нарсаларга фақат ўзларини муносиб кўрардилар. Улар охирзамон пайғамбари келишини билардилар, аммо уни ўзларидан чиқади, деб ўйлардилар. Ўйлаганларидек бўлмаганди, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарликка, мусулмонларни иймон ва исломга лойиқ кўрмадилар. Қурайш қабиласи ва арабларни улардан пайғамбар чиққани учун ёмон кўрдилар, ҳасад қилдилар. Ояту карима ҳасад – Аллоҳнинг тақдири ва марҳаматига норозилик қилиш, эътироз этишлик эканини, бунга ҳеч кимнинг ҳақи йўқлигини кўрсатмоқда. Қуръони каримда ҳасадгўйлиги ва ғайирлиги билан тилга олинган яҳудийларга ўхшашни истамаган банда қалбини ҳасад ва кўролмасликдан поклаши керак.
Ҳасад – яхшиликларни ейди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Ҳасаддан сақланинглар! Олов ўтинни еб битириганидек, ҳасад ҳам яхшиликларни еб битиради” (Абу Довуд ривоят қилган).
Аллоҳга иймон келтирган мўминнинг Унинг тақдири ва эҳсонига кўнмаслиги хайрсиз ҳиссиёт. Бу туйғу бўлган қалбда иймон ва таслимият бўлиши ишонарли эмас.
Ҳасадгўйнинг дини ҳам, дунёси ҳам маҳрумиятга тўлади.
Олов учун ўтин ва ёғочларни кулга айлантириш қанчалик осон бўлса, кўролмаслик ҳам инсоннинг яхшиликларини шундай ёқиб адо қилади. Чунки ҳасадгўй ҳасад қилган кишисини ғийбат қилади, унга ёмонликлар келишини истайди. Бу ҳасадгўйнинг маҳрумияти ва зарарини, ҳасад қилинган инсоннинг эса неъмат ва савобини ортиради. Ҳасадга мойил қалб вақтида муолажа қилинмаса, оқибатда кишининг иймони зиёнга кетади. Яхшиликлар, хайр ва ҳасанотнинг қуввати — иймоннинг камоли, ўзини йўқотишдан қаттиқ қўрқиш керак. Шунинг учун ҳам ҳасаддан қатъий қайтарилади.
Қуръони каримда марҳамат қилинган: “Мўмин киши томонидан қилинган ҳар бир яхши иш ёмонликларни кетказади” (Ҳуд, 114-оят) ояти каримаси юқорида келтирилган ҳадисни тасдиқлайди. Ҳасадгўйни яхшиликларни кўролмаслиги бадном қилади. Ёмонликларини ўчирувчи яхшиликларидан маҳрум ҳасадгўйнинг ҳолига вой.
Ҳадис бизга нима ўргатади?
1. Ҳасад — ҳаром.
2. Ҳасад — ҳасадгўйнинг яхшилик ва савобларини еб битиради.
3. Аллоҳнинг тақдири ва эҳсонига норозилик қилиш — ҳасаддан зинҳор тийилиш керак.
4. Мусулмон тақдир неъматларига муносибдир.
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси