Рўзадорлар учун уларни руҳлантирувчи хос куйлар ва уларга эҳтиром кўрсатувчи қўшиқлар бор. Улар инсонларнинг Аллоҳ таолони такбир, таҳлил ва истиғфорлар ила энг кўп зикр қиладиганлари бўлишади. Агар кун узайиб кетса зикрлар ила уни қисқартиришади, уларга очлик алам берса зикрлар унинг ҳароратини кесади. Улар зикрлар билан лаззат ва тасбеҳлари билан саодат ичида бўладилар. Улар Аллоҳ таоло: “Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман” (Бақара сураси, 152-оят) дегани каби Уни эслайдилар ва Аллоҳ уларни эслайди.
Аллоҳ таолонинг: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман” (Иброҳим сураси, 7-оят), оятига амал қилиб, Унга шукр қиладилар ва Аллоҳ уларга зиёда қилиб беради.
Рўзадорлар Аллоҳ таолони ўтирган, турганларида ҳам, ётганларида ҳам зикр қиладилар. Ҳақиқий рўзадорларнинг қалблари зикр ила ором топади, руҳлари Аллоҳнинг муҳаббати ила бахтиёр бўлади ва нафслари Аллоҳга бўлган шавқ ила роҳатланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббисини зикр қиладиган ва Уни зикр қилмайдиганнинг мисоли, гўёки тирик ва ўликнинг мисоли кабидир”, деганлар.
Не ажабки, ҳаётда еб-ичишни, яшашни биладиган, аммо зикрни билмайдиган қанча-қанча “тирик” ўликлар бор. Улар тирик, аммо ҳақиқий тирикликни англамайдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Муфарридлар ўзиб кетди…” . Саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Муфарридлар ким ё, Расулуллоҳ?” деб сўрашди. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчи эркаклар ва аёллар”, дедилар.
Зикр қилувчи рўзадор инсонларнинг яхшиликларга энг яқини, жаннатга энг тези ва дўзахдан энг узоғидир. Унинг ҳисоб дафтарлари яхшиликлар билан тўлган бўлади.
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан уни маҳкам тутиб бажарадиган амал ҳақида сўради. У зот алайҳиссалом: “Тилинг Аллоҳнинг зикридан доимо нам (янги) бўлиб турсин”, дедилар.
Бу қанчалар гўзал таъриф! Рўзадор Аллоҳни доимо эслаб туриб қандай оч қолиши ва Унга тасбеҳ айта туриб қандай чанқаши мумкин?!
Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчилар ҳар нафас чиқиши, лаблар бир-бирига тегиши ва лаҳзалар алмашиши миқдорича зикр қиладиган кишилардир. Уларнинг қилган зикрлари ила ҳисоб дафтарларига улкан ажр ва мукофотлар битилади. Баъзи хатокорлар зикрдан юз ўгирган вақтларида уларни ташвишлар ҳалок қилади, ғамлар ўраб олади ва маҳзунликлар кетма-кет келаверади. Уларда дори бор эди, лекин улар уни қабул қилишмади, уларда муолажа воситаси бор эди, аммо улар буни билишмади. Аллоҳ таоло айтади: “Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи деса унга жаннатда бир хурмо экилади”, деганлар. Қанча-қанча экилиши мумкин бўлган хурмолар ғафлат босган уйқу ва бефойда ўйин-кулгулар билан ўтиб кетди?...
Хато томон бошловчига раҳм қиласан-у, ўзинга шафқат йўқ,
Исрофга мени ундайсан-у билмайсан, у умринг қилганин йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, Субҳаналлоҳи, валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, деб айтишим мен учун устига қуёш чиққан нарсалар (бутун дунё)дан яхшироқдир”.
Дунё нима? Унинг олтину кумушлари нима? Қайси нарса уни беҳуда ўтказиш бўлади? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу тариқа дунёни ўлчар ва юқоридаги бир калимага қуёш чиққан бир кун тенглаша олмайди деб баҳолар эдилар. Ким бутун вақтини ушбу қимматбаҳо калималар ила тўлдирса Қиёмат куни нур, шодиёна ва хурсандчилик қилиб топади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Малик(Робб)ингиз ҳузурида амалларингизнинг энг яхшиси ва энг каттаси, олтин ва кумушни инфоқ қилишдан яхшироқ ҳамда сизлар душманингизга йўлиқиб сиз уларнинг бўйнига (қилич) уришингиз, улар сизнинг бўйнингизга уришидан хайрлироқ бўлган (нарса) нинг хабарини берайми?” дедилар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Ҳа, ё Расулуллоҳ!” дейишди. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳ таолонинг зикри”, дедилар.
Солиҳ инсонлар бомдод намозини ўқиб бўлганларидан сўнг кун чиққунига қадар зикр қилишарди. Уларнинг баъзилари Қуръон ўқиб, қалбларини нурга, ҳисоб дафтарларини эса ажрга тўлдирар эдилар. Бутунлай хатога йўл қўйган киши – Рамазонни Роббисини зикр қилмасдан, вақтини Мавлосига тасбеҳ айтишга сарфламасдан ўтказган кишидир. Умрининг дақиқаю сонияларининг қадрига етадиган ва уларни ғанимат биладиган инсонлар борми?
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Рўзадорлар учун дарслар" китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Эр: Аср намозини ўқидингми?
Хотин: Йўқ.
Эр: Шом намозини ўқидингми?
Хотин: Йўқ.
Эр: Нима учун?!
Хотин: Ишдан жуда чарчаб келдим ва озгина ухлаб қолибман...
Эр: Яхши... Бор, Хуфтонга азон айтилгунча Аср ва Шом намозларини ўқиб ол.
Эртаси куни... Эр хизмат сафарига жўнаб кетди. Одатда у манзилга етиб бориши билан қўнғироқ қилар ёки хабар йўллаб қўярди. Аммо орадан бир неча соат ўтса ҳамки, ундан дарак бўлмади.
Аёл хавотир олиб, эрига қўнғироқ қила бошлади... Жавоб йўқ. Қайта қўнғироқ қилди, телефон чақиряпти, лекин кўтармаяпти.
Аёлнинг юрагига ғулғула тушди! Бу унинг одати эмас эди-ку. Бир марта, икки марта, уч марта қўнғироқ қилди... Фойдаси йўқ!
Бир неча соатдан кейин эрнинг ўзи қўнғироқ қилди.
Аёл ҳаяжон билан: Эсон-омон етиб олдингизми?
Эр: Ҳа, етиб келдим, Алҳамдулиллаҳ.
Аёл: Қачон етиб бордингиз?
Эр: Тахминан 4 соат олдин.
Аёл ғазаб билан: 4 соат олдин?! Нега менга қўнғироқ қилмадингиз?
Эр: Жуда чарчаб келгандим, озгина ухлаб қолибман...
Аёл: Менга икки оғиз гапириш сизни чарчатиб қўймасди-ку... Кейин, мен қўнғироқ қилганимда телефон овозини эшитмадингизми?!
Эр: Эшитдим...
Аёл: Эшитиб туриб жавоб бермадингизми?! Нима учун? Наҳотки мен сиз учун аҳамиятсиз бўлсам?
Эр: Аксинча... Лекин сен ҳам кеча азонни — Аллоҳнинг нидосини эшитганингда унга бепарво бўлгандинг-ку...
Аёл (кўз ёшларини тийиб, бироз сукутдан сўнг): Ҳа... Сиз ҳақсиз... Мени кечиринг...
Эр: Кечирим сўраладиган зот мен эмасман. Аллоҳдан мағфират сўра ва бошқа бу ишни такрорлама. Зеро, менинг энг катта орзуим — Аллоҳ бизни Жаннатдаги қасрларда гўзал ҳаёт ила жамлашидир.
Ўша кундан бошлаб аёл бирорта намозини қазо қилмади.
Сизни ҳақиқий яхши кўрган инсон — сизни Аллоҳ сари етаклайдиган ва ортга қайтишингизга йўл қўймайдиган инсондир.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ