#xabar #musobaqa #final
Узоқ кутилган финал ўйини бўлиб ўтди. “Ўзбекистон мусулмонлари идораси кубоги” волейбол мусобақаси якуний учрашувида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ва Қашқадарё вакиллиги жамоалари ўзаро беллашди. Икки жамоа ҳам ушбу мусобақага жиддий тайёргарлик кўриб келишгани яққол сезилиб турди.
Финал ўйинини таниқли футбол шарҳловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаев шарҳлаб борди.
Муросасиз кечган ўйинни спорт шайдолари олқишлар ила кузатиб боришди. Унда Қашқадарё вилояти вакиллиги жамоаси 2:0 ҳисобида устун келишди. Шундай қилиб, мусобақа якунига кўра:
1-ўрин: Қашқадарё вилояти вакиллиги жамоаси.
2-ўрин: Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти жамоаси.
3-ўрин: Навоий вилояти вакиллиги жамоасига насиб этди.
Мусобақадан сўнг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири маслаҳатчиси Шарифжон Мўминжонов, Ўзбекистон волейбол федерацияси бош котиби Фарҳод Алимов, Дин ишлари бўйича қўмита бошқарма бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов ва бир қатор мутасаддилар бош кубокни финал ўйини ғолиби Қашқадарё вилояти жамоасига тантанали тарзда топширдилар.
Шунингдек, ғолиб жамоа аъзоларининг ҳар бирига биринчи ўрин медали ва ноутбук тақдим этилди.
Қорақалпоғистон жамоасига эса иккинчи ўрин медали ва замонавий телевизор, Навоий жамоасига учинчи ўрин медали ва планшет топширилди.
Шунингдек, спортнинг волейбол ва шахмат турлари бўйича ўтказилган "Ўзбекистон мусулмонлари идораси кубоги" мусобақаларининг энг яхши уйинчиси номинацияси ғолиби деб Наманган вилояти вакиллиги жамоаси таркибида ўйнаган Мухторжон домла Юнусов топилди. Унга диплом ва умра йўлланмаси тақдим этилди.
Аллоҳ таоло ғолиб жамоаларга мукофотларни муборак айласин, дўстлик ва ҳамжиҳатликка хизмат қилувчи бундай мусобақалар давомли бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Сурхондарё вилояти вакиллигида мухтасиб вазифасида кўп йиллар фидокорона фаолият юритиб, вилоятдаги масжидлар ва зиёратгоҳлар ободлигига, диний-маърифий ишлар ривожига улкан ҳисса қўшган ходим Абдувоҳид Мажитовнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради.
Абдувоҳид Мажитов умрининг охирги кунларига қадар Термиз шаҳридаги "Султон Саодат" мажмуасида диний ходим сифатида элга хизмат қилиб келди.
Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амаллари, дин йўлидаги хайрли хизматларини ҳусни қабул айлаб, охиратини обод, жаннатдаги даражаларини юксак қилсин. Барча яқинлари ва оила аъзоларига гўзал сабр, ажру мукофотлар ато этсин.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси