Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Диний идора тизимида кўп йиллар меҳнат қилган уламо Рустамжон домла Раҳматуллоҳзоданинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Аллоҳ таоло марҳум устознинг дин ривожи, Ватан равнақи йўлида қилган хизматларини ҳусни қабул қилиб, барча солиҳ амалларини садақаи жория ўлароқ мақбул айласин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, Ўзининг раҳматига олсин.
Маълумот ўрнида, Рустамжон домла Раҳматуллоҳзода Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Марҳум уламо узоқ йиллик фаолияти давомида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасида бош котиб, таржимон, Тошкент, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари жоме масжидларида имом-хатиб ҳамда Тошкент Ислом институти, "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юртида ўқитувчи вазифаларида хизмат қилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳум уламонинг барча яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Жаноза намози бугун, 11 февраль куни пешин намозидан сўнг "Шайх Зайниддин" (https://yandex.uz/maps/-/CHRAQUna)(Кўкча) жоме масжидида ўқилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Ҳидоят» ва «Мўминалар» журналлари ҳамда «Ислом нури» газетасига 2026 йил учун обуна мавсумида фаол иштирок этиб, нашрларни халқимиз орасида кенг тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшган имом-хатиблар ва масъулларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Навоий вилояти бош имом-хатиби Темурхон домла Атоев, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Shamsuddinxon Boboxonov» нашриёт-матбаа ижодий уйи вакиллари — Даврий нашрлар бўлими бошлиғи Иброҳим Иномов ҳамда бош муҳаррир Абдужалил Ҳўжамов иштирок этдилар.
Тадбир давомида диний-маърифий нашрларнинг бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти, уларни кенг оммага етказишда имом-хатиблар ҳамда масъулларнинг вазифалари ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Тадбир якунида обуна жараёнларида фаол иштирок этган бир гуруҳ имом-хатиблар ва масъулларга ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.