Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Уламолар даволаниш ҳукми борасида турли фикр билдирганлар.
1. Имом Нававий турли касалликлардан даволаниш салафи солиҳ жумҳур уламолари, улардан кейингилар, шофеъийларнинг жумҳури ва баъзи ҳанбалий мазҳаби уламолари фикрига кўра мубоҳ ҳисобланади.
2. Баъзи ҳанафий мазҳаби уламолари сўзига кўра,касаллик даволаниш билан тузаладиган бўлса, унга муолажа қилиш вожиб бўлади. Даволанилмаса касаллик оқибати ёмон ҳолатга олиб келадиган бўлса, давони тарк қилиш ҳаромдир.
Ибн Ҳажар Ҳайсамий айтади: “Агар касалнинг жароҳати оғирлашиб, унга зарар етиш хавфи бўлса, даволаниш вожибдир”.
Бағавийраҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар бемор даволаниб шифо топишини билса, унга даволаниш вожиб бўлади”.
Ибн Ҳазм айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даволанишга буюришлари уни тарк қилишдан қайтариқ ҳисобланади. Бу эса даволанишнинг вожиб эканини ифода этади”.
3. Жумҳур ҳанафий мазҳаби уламолари “даволаниш мубоҳдир” деган фикрни билдирганлар. Улар айтадилар: “Агар киши шифо берувчи Аллоҳ таолонинг ўзи деган эътиқодда бўлиб, шу билан бирга унинг даволанишида ҳеч қандай зарар йўқ”.
Моликий мазҳабига кўра ҳам даволанишда ҳеч қандай зарар йўқ. Ибн Рушдбаъзи уламолардан худди шу фикрни айтиб ўтган.
Абулвафо, ибн Жавзий, Хаттобий ва бошқа ҳанбалий мазҳаби уламолариҳам юқоридаги фикрни қайд этганлар.
4. Баъзи уламолар: “Даволаниш жоиз. Лекин Аллоҳ таолога суяниб уни тарк этиш афзалроқдир”, деганлар. Ушбу фикрни Имом Нававий ҳам билдирганлар.
Имом Ғаззолий: “Баъзи ҳолатларда даволанмаслик афзалроқ бўлсада, аслида даволаниш жоиздир.Бу киши таваккулининг қувватига қараб бўлади” деганлар.
Ибн Барзий Шофеъийнинг фатвосига кўра: “Бемор даволанишни тарк этиши афзалроқ. Бу унинг таваккули қувватини кўрсатади. Ким руҳан заиф, сабри оз бўлса, унга даволаниш афзал”.
5. Бу тоифадагилар касал бўлганда даволанмай Аллоҳ таологагина суяниб ва Унинг имтиҳонига рози бўлиш керак деган фикрнибилдирадилар. Айний раҳматуллоҳи алайҳ шундай фикрдаги баъзи суфийларни зикр қилганлар. Имом Нававий бу фикрни динда чуқур кетиш деб ҳисоблаганлар.
Доктор Насимий айтади: Ўтган салафи солиҳларнинг даволаниш борасида турлича фикр билдиришларининг сабаби, улар яшаган даврда тиббиёт ривожланмаганлиги, касалликларга турли гумонлар билан ташхис қўйилиб муолажа қилиниши ва турли касалликларга қарши дори-дармонларнинг жуда кам топилиши билан боғлиқ. Аммо бугунги кунда замонавий тиббиёт ва даволаниш борасидаги барча набавий ҳадисларга синчиклаб эътибор бериб, даволаниш борасида қуйидаги қуйидаги бешта ҳукм келиб чиқишини айта оламиз. Аллоҳ билгувчироқ.
1. Турли саратон ва шу каби бедаво касалликларга гарчи даво бўлишига тўла ишонч бўлмасада мубоҳнарсаларниқўллаб шифо излаш мубоҳдир. Хусусан, баъзи касалликка бошланишидаёқ муолажа қилинмаган бўлса, вақт ўтгандан сўнг даволаниш фойда бермайди.
2. Касаллик тузалишида фойда бериши мумкин бўлган ёки оғриқ қолдириши эҳтимоли мажуд дориларни оғриқли жойга қўллаш мандуб(динимизда тавсия этилган яхши амал) ҳисобланади.
3. Бемор ўзи ёки табиб касаллик зўрайиб, оғирлашиб қолишидан қўрқадиган ўринларда тиббиёт мутахасислари тажрибаларида синалиб дардга шифо бўлиши аниқланган дориларни истеъмол қилиш вожиб бўлади. Дард инсон ҳаётига хавф соладиган ва бирор аъзога зарар етиши мумкин бўлган ўринларда ҳам даволаниш вожиб.
4. Мубоҳ бўлган дори-дармонлар етарли бўла туриб, истеъмоли макруҳ (динда қайтарилган) бўлган нарсалардан тайёрланган дориларни ишлатиш макруҳдир. Чунки бундай дорилар бир жиҳатдан фойдали кўринсада, бошқа аъзоларга зарар етказади.
5. Даволанишга умуман бошқа имконият бўлмаган пайтда эҳтиёж даражасидан ортиқ ва заруратсиз ҳаром нарсалар билан муолажа қилиш ҳаром ҳисобланади.
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғлининг
"Исломда саломатлик" китобидан
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати