Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Сентябр, 2026   |   6 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:45
Қуёш
06:05
Пешин
12:18
Аср
16:40
Шом
18:33
Хуфтон
19:49
Bismillah
17 Сентябр, 2026, 6 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

"ҲАЁТИЙ МАЁҚЛАР"

11.02.2026   18277   37 min.

«Агар огоҳсан сен – шоҳсан сен.

Агар шоҳсан сен – огоҳсан сен!»

 

 

ҚАДРЛИ ва ТАБАРРУК ҲОЖИБОБО ва ҲОЖИОНАЛАР!

МУҲТАРАМ ҲОЖИАКАЛАР!

АЗИЗ ва ҚИММАТЛИ МЕҲРИБЕПОЁН ОТАЛАР!

ҲУРМАТЛИ ва МУНИС МЕҲРИДАРЁ ОНАЛАР!

 

Бугунги юртимизнинг тинчлигида СИЗЛАРНИНГ ҳам хизматларингиз БЕҚИЁС КАТТА!

СИЗЛАРНИНГ ўз оилангиз тарбиясидаги машаққатли ва шарафли, оғир ва савобли, сермаҳсул ва олижаноб фаолиятларингиз

ҳар қандай таҳсину мукофотларга лойиқ ва муносиб!!!

 

Халқимизнинг миллий маънавияти, оилаларимизда амал қилинадиган тартиб-қоидалар ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эгалигини ҳаммамиз жуда ҳам яхши биламиз. Улар оила мустаҳкамлигини таъминлашда улкан ва кучли пойдевор вазифасини ўташлигини ҳам жуда пухта эгаллаганмиз.

Диёримизда миллий қадриятлар ва муборак динимизнинг эзгу таълимотлари асосида оилага доир қонун-қоидалар янада мукаммал қайта ишланди. Буюк ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолиб келаётган доно халқимизнинг юксак маънавиятига давлатимиз раҳбари Муҳтарам Президентимиз «Жаҳолатга қарши маърифат» қимматбаҳо ғояни қўшимча сифатида бизларга енгилмас куч қилиб бердилар.

Бу вазифа нафақат бирор вазифадор ёки бирор соҳадаги масъулларга белгиланган, балки ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН буюк вазифа, деб билмоғимиз лозим!

 

Муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини ўниб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда.

Ҳозирги даврда, ахборот технологиялари ўта тезкорлик билан ривожланаётган бир пайтда, нанотехнология зўр шиддатлик билан авжига чиқаётган замонда, ҳар хил оммавий ахборот воситалари хилма-хил, тўғри-нотўғри маълумотларни кечаю кундуз тарқатаётган бир онда, фарзандларимиз ўз-ўзлари билан ёлғиз қолиб 25 соат вақтларини телефон, компьютер билан машғул бўлиб, болаларимиз улар билан “банд” бўлиб қолганларида мазкур вазифалар жаннатмакон юртимиз, муқаддас Ватанимиз, доно халқимизнинг ҳар бир фуқаросига қушга ҳаво, балиққа сув зарурлигидай зарур бўлса керак...

 

 

АЗИЗ ВА ҚАДРЛИ

МЕҲРИБОН ОТА-ОНАЛАР!

 

Доно халқимиз «яхшини шарофати, ёмонни касофати» деб бежизга айтмаган...

 

Ана шу “аллакимларнинг” турли хил йўллар билан бераётган “тарбия”лари

доно халқимиз дунёқараши ва миллатимиз менталитетига ҳам,

Қуръони карим оятлари ва

Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг ҳадиси шарифларига ҳам,

динимиз кўрсатмалари ва шариатимиз ҳукмларига ҳам,

уламоларимиз фатволари ва давлатимиз қонунларига ҳам,

шарқона одобларимиз ва мазҳабимиз меъёрларига ҳам,

жамиятшунослик алоқалари ва одамгарчилик муносабатларига ҳам,

инсоний туйғулар ва руҳшунослик сир-асрорларига ҳам,

юртимиз урф-одатлари ва ўзбекчилик қоидаларига ҳам,

маданиятимиз ахлоқлари ва инсоний ақлга ҳам,

ахлоқий норма ва доно халқимиз мақолларига ҳам,

миллий анъаналаримиз ва диний қадриятларимизга ҳам,

халқимиз онги ва мусулмончилигимиз асосларига ҳам,

ҳамда Ислом динимиз тушунчаларига ҳам

зид эканлигини

унутмайлик!!!

 

Сизу бизлар энг тўғри йўлдан, ўз ота-оналаримиз не-не машаққатлар чекиб ўргатган йўлдан, ота-боболаримиздан буюк ва беқиёс мерос бўлиб келаётган йўлдан шакардан ширин фарзандларимизни, не умидлар билан ўстираётган, қанча орзу-ҳаваслар билан катта қилаётган болаларимизни “аллакимлардир” яна йўлимиздан оздириб, адаштириб қўйишмасин...

Натижада фарзандларимизнинг ўзлари ҳам, оиламиз ҳам, қавм-қариндошларимизу қўни-қўшниларимиз ҳам, дўстларимизу яқинларимиз ҳам, атрофдагиларимиз ҳам сарсон бўлиб, уларнинг касофатлари яшаб турган маҳалламизга, ишлаб турган ишхонамиз ва бутун эл-юртимизга ҳам етмасин...

Токи ҳали суяги қотиб улгурмаган ёшларимизнинг беғубор оламига, ғўр маънавиятига “аллакимлар” жиддий зарар етказиб қўйишмасларидан олдин, ўз фарзандларимизни ўзимиз тарбиялайлик!

Жаноб ҳазрат Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадис-шарифларида мархамат қиладилар: «Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар!» Бу хусусда шоирларимизнинг ибратли сўзлари бор:

«Биринчи ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор,

Осмонга етса ҳам, қийшиқдир девор».

 

Оилада эрнинг мавқеи баландлиги, хотин ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларига эгалиги, фарзандларнинг ота-онани ҳурмат қилишларини олайлик.

...Кўп йиллар давомида ота-боболаримиз қалбига сингиб кетган ушбу миллий ва диний қадриятларни бугун янада сайқаллаш кераклигини замон талаб этмоқда. Айниқса, шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замонда бемаъни хуружлар кўпайиб, уларнинг инсон ва жамият ҳаётига салбий таъсирлари мисли кўрилмаган даражада кучайиб бормоқда. Шунинг учун барчамиз кўзимизни каттароқ очиб, зийраклик ва огоҳлик билан бундай ҳамлаларга қарши курашмоғимиз лозим.

 

Дину халқимиз учун эртаю-кеч хизмат қилаётган муҳтарам Президентимизнинг “Жаҳолатга қарши маърифат” олтиндан қиммат ғояларини барпо этиш мақсадида ҳар биримиз оиламиз аъзоларини

ҲИДОЯТга чорлашда,

хонадонимизни ИСЛОМ НУРИ билан мунаввар қилишда,

ҳар бир мўмин ва МЎМИНАЛАРга маърифат улашишда

СИЗЛАРНИНГ ҳиссаларингиз жуда ҳам кўп ва сарбаланд бўлишида ҳеч қандай шубҳамиз йўқ!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг шу учта газета ва журналларидан сермаъно, сермаҳсул, мазмунли ва унумли фойдаланиб,

ҳар бир ота, ҳар бир она ўз фарзандига

одоб-ахлоқ намуналарини,

киндик қони тўкилган мислсиз Ватанига – ватанпарварлик ҳис-туйғуларини,

бобо-бувига – эҳтиром-ҳурматни,

ота-онага – меҳр ва итоаткорликни,

оила аъзоларига – раҳмдиллик ва меҳрибонликни,

ўз жуфт ҳалолига – ҳақиқий муҳаббат ва содиқликни,

қўни-қўшниларга – оқибат ва чиройли муносабатни,

қавм-қариндошларга – саховат-мурувватни,

синфдош-касбдошларга – чин дўстлик ва ёрдам беришни,

атрофдаги барча одамларга – инсонпарварлик ва самимийликни,

ҳайвон-парранда-ҳашаротларга – раҳм-шафқатни

уқтириб, юқтириб, тушунтириб, сингдиришимиз –

ҳам бурчимиз, ҳам қарзимиз, ҳам фарзимиздир!

ХУДОНИ ОЛДИДА ҳам, БАНДАСИНИ ОЛДИДА ҳам, ЮРТ-ХАЛҚИМИЗ ОЛДИДА ҳам!!!

 

Буларни ҳаммасини ўз фарзандларимизга ўргатиш учун бизларга ҳеч қандай диний таълим ҳам, бирор-бир махсус олий маълумот ҳам, тегишли сертификат ҳам, ҳеч кандай қизил диплом ҳам керак эмас! Асло! Мутлақо керак эмас!

Ёшларимизда бу жиҳатларини биз уйғотишимиз (!) керак холос. Зеро шу сифатларнинг ҳаммаси фарзандларимизнинг қонида бор, уларнинг хамиртурушларида бор! Зеро шу фазилатларнинг ҳаммаси болаларимизнинг ДНК ларида мавжуд!

Чунки бу хусусиятларнинг барчаси бизларнинг ота-оналаримиздан авлоддан-авлодга, қондан-қонга тарбия (!) орқали ўтиб келаяпди! “Бунинг қонида бор-да ўзи!” деб ёки “олма пишса, тагига тушади” деб бежиздан-бежиз айтмайди доно халқимиз!

 

Қанча кўп оилага “ИСЛОМ НУРИ” газетаси, “ҲИДОЯТ” ва “МЎМИНАЛАР” журналлари кириб борса, шунча кўп одам Қуръони карим тафсири, Ҳадиси шариф шарҳи, ақида, фиқҳ масалаларидан баҳраманд бўлишлари ҳамда бошқаларнинг “дарслари”га алданиб, ёт ғоялар ва ботил иддаоларга берилмасдан, муқаддас динимиз кўрсатган йўллардан юришлари – хар биримизнинг улкан ютуғимиздир!

 

Чунки шу учта нашримизда ҳам:

ü улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган дуру гавҳар ривоятлари ва ноёб ҳикматлари,

ü буюк ота-боболаримиздан эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари,

ü меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари,

ü элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари,

ü жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар

узлуксиз ва давомли ёритиб борилади.

 

Шунинг учун ҳам бизнинг

“ИСЛОМ НУРИ” газетамиз,

“ҲИДОЯТ” ва

“МЎМИНАЛАР журналларимиздаги маълумотлар

маънавият ва маърифат йўналишига

ҳамда тарбия соҳасига дахлдор

ҳар бир инсон учун,

ҳар бир (!) МЕҲРИ БЕПОЁН ОТА УЧУН,

ҳар бир (!) МЕҲРИ ДАРЁ ОНА УЧУН

БЕҚИЁС ЭНЦИКЛОПЕДИК МАНБА бўлиб хизмат қилади.

 

"Жаҳолатга қарши маърифат" бебаҳо ғояни "ҲИДОЯТ" журнали, "ИСЛОМ НУРИ" газетаси ва "МЎМИНАЛАР" журналлари обунаси орқали ҳам анча таъсирли ва унумли амалга оширишимиз мумкинлигини ҳаммамиз жуда яхши биламиз.

Бунинг учун нафақат ўзимиз обуна бўлишимиз, балки атрофдагиларимизни ҳам обунага тарғиб этишимиз – ҳам фарзимиз, ҳам қарзимиз, ҳам бурчимиз бўлиши даркор!

 

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам

Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи буюрган,

Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган,

ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган,

халқимиз хурсанд бўладиган,

ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Иброҳимжон домла Иномов

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

ХI асрда Самарқандда тиббиёт муассасалари фаолияти қандай бўлган?

16.09.2026   10987   5 min.
ХI асрда Самарқандда тиббиёт муассасалари фаолияти қандай бўлган?

XI аср ўрталарида Самарқанд заминида барпо этилган табобат маскани ҳамда унинг мукаммал молиявий-иқтисодий таъминоти ўрта асрлар Шарқ давлатчилигида ижтимоий ҳимоя ва халқ саломатлигини муҳофаза қилиш юқори даражада ташкил этилганини намоён этади.

Шарқшунос тадқиқотчи М.Хадр томонидан эълон қилинган ва кейинчалик таниқли олим О.Большаков томонидан атрофлича тадқиқ этилган XI аср ўрталарига оид иккита вақф ҳужжати Ғарбий Қорахонийлар хоқонлигининг ҳукмдори Иброҳим Тамғачхон даврига тааллуқлидир. Ўрта асрлар араб муаррихи Ибн Фуватийнинг гувоҳлик беришича, Иброҳим фақиҳларнинг қатъий хулосасисиз бирор кимсага жазо тайинламаган ҳамда ҳеч кимнинг мол-мулкини мусодара этмаган одил ҳукмдор тимсоли бўлган. Шу боис у Бағдод халифаси Қоим томонидан “Давлат таянчи” ҳамда “Шарқ ва Чин подшоҳи” каби олий даражали унвонлар билан шарафланган.

Ушбу маърифатпарвар ҳукмдор ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида фаолият бошлаган “Дор ал-марзо”, яъни Беморлар уйи шаҳар фуқаролари билан бирга мусофирлар учун ҳам бепул тиббий ёрдам кўрсатувчи йирик ижтимоий марказ бўлган. Вақфнома матнида мазкур дорушшифонинг жўғрофий ўрни, ички меъморий тузилиши, хизматчилар сафи, уларга ажратиладиган маош ҳамда муассасани муттасил маблағ билан таъминлаб турувчи кўчмас мулклар тафсилоти баён этилган.

Тарихий ҳужжатларга кўра, шифохона Самарқанднинг гавжум савдо чорраҳаларидан бирида – Сўғд бозори ва Заргарлар маҳалласи туташган ҳудудда қад ростлаган. Хастахонанинг кундалик харажатларини, беморларнинг тўлақонли овқатланиши ва зарур дори-дармонлар таъминотини кафолатлаш мақсадида хоқон ўз шахсий мулки ҳисобланган “Тими палос” карвонсаройини ҳамда бешта ёрдамчи хона, учта ҳужра ва уч дўкондан иборат савдо расталарини вақф мулки сифатида муассаса ихтиёрига топширган. Вақфнома шартига биноан, ушбу тижорат иншоотларидан тушадиган барча ижара даромадлари муайян ҳиссаларга – тенг юз қисмга тақсимланиб, шифо маскани эҳтиёжларига йўналтирилган.

Мазкур масканда фаолият юритган мутахассислар таркиби ва хизмат ҳақининг тақсимланиш тартиби ўша давр жамиятининг маънавий ва табақавий қиёфасини англашда қимматли далилдир. Жумладан, умумий тушумнинг юз қисмдан иборат ҳисобидан энг катта улуш – нақ ўн қисми бевосита бош табибга тайинланган. Эътиборга молик жиҳати шундаки, шифохонанинг умумий маъмурий бошқарувчиси ва молиявий назоратчиси бўлган мутасаррифга саккиз қисм маош ажратилган. Илм ва амалиёт соҳиби бўлмиш ҳозиқ табибга ижрочи бошқарувчидан юқорироқ ҳақ тўлангани қорахонийлар жамиятида юқори малакали тиббиёт мутахассислари меҳнати юксак қадрланганини кўрсатади. Бундан ташқари, муассасада қон олувчи муолажачи – фассод, моҳир пазандалар ҳамда хизматчилар ҳам меҳнат қилган. Вақф тушумидан алоҳида хизматчига беш қисм, ошпазга уч қисм маош белгиланган.

Ҳужжатда хасталарнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишга устувор аҳамият қаратилган. Вақфнома талабига кўра, даволанаётган кишилар хасталикдан бутунлай фориғ бўлгунига қадар уларни шифохонадан чиқариб юбориш ёки безовта қилиш қатъиян ман этилган. Шаҳарнинг ерлик фуқароси ва ташриф буюрган мусофирлар бирдек бепул тиббий кўмак олиш ҳуқуқидан фойдаланган. Бемор соғайгачгина ўрнини бошқа муҳтож хастага бўшатиб бериши лозим бўлган. Мазкур низом талабларини ўзгартириш ёки бекор қилиш тақиқланиб, вақф шартларининг абадий кучда қолиши муҳрланган.

Таниқли тарихчи ва тангашунос олим Е.Давидович вақфномадаги пул муомаласига оид тафсилотларни тадқиқ этар экан, ҳужжат тасдиқланган пайтда Самарқандда амалда бўлган тангаларнинг аниқ қиймати қайд этилганини таъкидлайди. Унга мувофиқ, бир мисқол соф олтин қиймати айнан қирқ етти кумуш дирҳамга тенглаштирилган. Ҳужжатда тангалар харид қувватининг пасайиши, яъни пул қадрсизланиши эҳтимолига қарши махсус муҳофаза банди киритилган бўлиб, агар истиқболда дирҳамнинг бозор баҳоси ўзгарса, ходимларнинг иш ҳақи ва шифохона харажатлари ҳужжат тузилган кундаги соф олтин ўлчов мезони бўйича янги муомаладаги дирҳамларда қайта ҳисоблаб тўланиши шарт қилиб қўйилган. Бу эса ўрта асрлар ҳуқуқий амалиётида молиявий барқарорликни асраш ва муассасани моддий таназзулдан ҳимоя қилишнинг илғор тизими мавжуд бўлганини кўрсатади.

Иброҳим ташаббуси билан расмийлаштирилган иккинчи вақф ҳужжати Самарқанднинг “Бобулҳадид”, яъни Темир дарвоза мавзесида барпо қилинган мадрасага тегишлидир. Атрофида Хотун Малика майдони ва хонақоҳлар жойлашган мазкур таълим даргоҳи ҳам талабалар ва мударрислар учун моддий шароитларни кафолатлаган. Агар даврлар ўтиб шифохона ёки мадраса бинолари табиий офат ёки замонлар эврилиши сабаб яроқсиз ҳолга келса ва уларни тиклаш имконсиз бўлиб қолса, вақфнома шартига кўра, ажратилган кўчмас мулкларнинг барча даромадлари абадий равишда Самарқанддаги бева-бечора ва камбағал қатлам эҳтиёжларига сарфланиши белгилаб қўйилган.

Манбашунос олимларнинг қайд этишича, фақиҳ Бурҳониддин Маҳмуднинг “Муҳит ал-Бурҳоний” асари таркибида сақланиб қолган мазкур вақф ҳужжатлари XI асрда Туронда шаҳарсозлик маданияти, ижтимоий институтларни барқарор молиялаштириш ва тиббий ёрдам тизими юқори даражада бўлганидан далолат берувчи муҳим тарихий ёдгорликдир. Иброҳим Тамғачхоннинг бу хайрли амали ўзбек давлатчилиги тарихида ижтимоий адолат ва фуқаролар муҳофазаси бош мезон бўлганини намоён этади.

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари