Савол: Қушларни бир бирига чатиштириб, қушнинг янги турини кашф қилиш жоизми? Ҳозирда хонаки ва ёввойи қушларнинг маълум турини бир бирига чатиштириш орқали инсонга ёқимли овозда сайрайдиган қуш тури кашф қилинмоқда экан. Кашф қилинган қуш бепушт бўлар экан.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таоло еру осмонлардаги барча нарсаларни инсоният манфаати учун яратганини Ўз каломида айтиб ўтган. Жосия сурасининг 13-оятида бундай дейилган: “Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни – ҳаммасини Ўз томонидан беминнат хизматкор қилиб қўйди”.
Паррандаларни чатиштиришда шаръан монелик йўқ. Ҳатто бундан бепушт парранда ҳосил бўлса ҳам. Бу худди эшакни отга чатиштириб бепушт ҳайвон бўлган хачир пайдо қилишга ўхшайди. Аммо бу иш орқали қушга зарар ва зулм қилиш ёхуд ўша қуш табиат учун зарур бўлиб, унинг тури йўқолиб келишига олиб келса, ножоиз бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
#xabar #seminar #imom #malaka
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан диний соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш ва иш самарадорлигини юксалтириш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда 8–9 сентябрь кунлари Диний идоранинг Масжидлар билан ишлаш ҳамда Кадрлар бўлимлари ҳамкорлигида республикамиз бўйича янги лавозимга тайинланган 55 нафар имом-хатиб ва имом ноиблари учун икки кунлик ўқув-семинари ўтказилди.
Машғулотлар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар Камолов, Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори, шунингдек, Фатво маркази, Кадрлар билан ишлаш, Ички назорат бўлими мутасаддилари ўз йўналишлари бўйича маъруза қилдилар.
Хусусан, соҳа мутасаддилари томонидан муваффақиятли имом бўлиш омиллари, гўзал қироат ва тажвид қоидалари, шаръий масалаларга тўғри ёндашиш, фаолият самарадорлигини баҳолаш (KPI), қонун-қоидаларга қатъий риоя этиш, меҳнат муносабатлари ҳамда жамоат билан ишлаш кўникмалари юзасидан зарур амалий тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати