Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар: «Аллоҳ: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза (бундан) мустасно. Чунки у Мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим бераман”, деди.
Рўза қалқондир. Бирортангиз рўза тутган куни фаҳш сўз айтмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса: “Мен рўзадор одамман”, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзидан келган ҳид Аллоҳнинг наздида мушкнинг бўйидан яхшироқдир. Рўзадорни шод этадиган икки хурсандчилик бор: ифтор қилганида хурсанд бўлади ва Раббига йўлиққанида (рўза тутгани учун) хурсанд бўлади» (Имом Бухорий ривояти).
Матннинг асосий қисми ҳадиси қудсий бўлиб, унда Аллоҳ таолонинг рўзани Ўзига нисбат бериши унинг шарафи ва фазилатини англатади.
“Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир”. Ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бунинг маъноси шуки, рўза бошқа амаллар каби зоҳирда намоён бўлмайди, балки у банданинг қалбидаги ният бўлиб, уни фақат Аллоҳ таоло билади. Ҳатто фаришталар ҳам ундан хабардор бўлмайди. Шунинг учун унинг мукофотини “Ўзим бераман”, деган».
Аллоҳ таоло рўзани Ўзига нисбат беришига олимлар бир неча сабабларни келтиришган.
Биринчиси, рўза – риёдан энг йироқ ибодат. Чунки у фақат Аллоҳ билан банда ўртасида яширин бўлади. Бошқа ибодатлар эса одамларга кўринади ва уларга риё аралашиш эҳтимоли катта. Риё аралашган амални Аллоҳ таоло қабул қилмайди.
Иккинчиси, рўза фақат Аллоҳ учун қилинадиган ибодатдир. Мушрик ва кофирлар намоз, қурбонлик ёки назр каби амаллар билан ўз маъбудларига ибодат қилишган. Аммо улар ўз илоҳлари учун очлик ва чанқоқлик билан рўза тутиб ибодат қилишмаган.
“Унинг мукофотини Ўзим берурман”, яъни рўзанинг савоб миқдорини фақат Аллоҳ билади. Бошқа амаллар ўндан етти юз баробаргача кўпайтирилса, рўза бундан ҳам ортиқ мукофотланади. Аллоҳ таоло: “Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур”, деб марҳамат қилган (Зумар сураси, 10-оят). Рўза – сабр ибодатидир. Шу сабабли у чексиз савобга лойиқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир ойлик рўза сабрдир, ҳар ойдан уч кун тутиб юриш бир йиллик рўзага тенгдир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
“Рўза қалқондир”, яъни дунё ва охиратда ҳимоядир. Усмон ибн Абул Ос розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Рўза худди сизлардан бирингиз жангда фойдаланадиган қалқон кабидир”, деганларини эшитдим» (Имом Аҳмад ва Имом Насоий ривояти).
Набий алайҳиссалом марҳамат қиладилар: “Намоз ҳужжат (далил)дир, рўза эса (мустаҳкам) қалқондир...” (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).
Рўзанинг дунёдаги ҳимояси – зинодан тийиб, тўсиб туради. Ҳадиси шарифда: “Кимнинг уйланишга имкони бўлса, уйлансин. Чунки у кўзни энг тиювчи ва фаржни энг сақловчидир. Ким имкон топмаса, рўза тутсин, чунки бу унинг учун бичилиш кабидир” (Муттафақун алайҳ).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, менга ўзимни бичишга рухсат беринг”, деди. У зот: “Менинг умматим учун бичилиш – кундузи соим (рўза), кечаси қоим бўлиш”, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Набий алайҳиссалом: “Рўза қалқондир ва дўзахдан мустаҳкам ҳимоядир”, деганлар (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривояти).
Бошқа ҳадисларда бундай марҳамат қилинади: “Ким Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш кузлик (йиллик масофага) узоқлаштиради” (Муттафақун алайҳ).
“Ким Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ дўзахни ундан юз йил йўл масофасича узоқлаштиради” (Имом Насоий ривояти).
“Ким Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ унинг билан дўзах ўртасида осмон билан ер орасича чуқур хандақ ҳосил қилади” (Имом Термизий ривояти).
Шунингдек, рўза инсонни ёмон хулқлардан тўсувчи қалқондир: «Бирортангиз рўза тутган куни фаҳш сўз айтмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса: “Мен рўзадор одамман”, десин». Шу орқали мўмин банда ҳам тили, ҳам қўли билан ўзгаларга озор етказишдан сақланади. Бир ой шу кўрсатмага амал қилган кишининг хулқи шак-шубҳасиз яхши томонга ўзгаради.
“Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзидан келган ҳид Аллоҳнинг наздида мушкнинг бўйидан яхшироқдир”. Мўминлар қиёмат куни таҳоратнинг асаридан танилиб, юзлари ва қўл-оёқлари нур сочиб келадилар. Рўзадорлар эса таҳорат асаридан ташқари мушкдан-да ёқимлироқ ҳид билан келадилар. Шундай қилиб, уларда ҳар икки фазилат жам бўлади.
“Рўзадорни шод этадиган икки хурсандчилик бор: ифтор қилганида хурсанд бўлади ва Роббига йўлиққанида (рўза тутгани учун) хурсанд бўлади”. Ифтор пайтидаги хурсандчилик дунёда бўлади. Чунки у ибодатни тўлиқ адо этди, савобга эришишни умид қилади. Раббига йўлиққан пайтдаги қувончи эса, рўзасига бериладиган мукофот сабабидандир.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни рўза ва Қуръон банда учун шафоат қилади. Рўза айтади: “Эй Роббим! Мен уни кундузлари овқат ва шаҳватлардан тийиб қўйдим, бас, унинг учун шафоатимни қабул қил”. Қуръон эса: “Мен уни кечалари уйқудан тўсиб қўйдим, бас, унинг учун шафоатимни қабул қил”, дейди. Шунда уларнинг шафоати қабул қилинади», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Муҳаммадяҳёҳон ХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мутахассиси.
Шарқшунос тадқиқотчи М.Хадр томонидан эълон қилинган ва кейинчалик таниқли олим О.Большаков томонидан атрофлича тадқиқ этилган XI аср ўрталарига оид иккита вақф ҳужжати Ғарбий Қорахонийлар хоқонлигининг ҳукмдори Иброҳим Тамғачхон даврига тааллуқлидир. Ўрта асрлар араб муаррихи Ибн Фуватийнинг гувоҳлик беришича, Иброҳим фақиҳларнинг қатъий хулосасисиз бирор кимсага жазо тайинламаган ҳамда ҳеч кимнинг мол-мулкини мусодара этмаган одил ҳукмдор тимсоли бўлган. Шу боис у Бағдод халифаси Қоим томонидан “Давлат таянчи” ҳамда “Шарқ ва Чин подшоҳи” каби олий даражали унвонлар билан шарафланган.
Ушбу маърифатпарвар ҳукмдор ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида фаолият бошлаган “Дор ал-марзо”, яъни Беморлар уйи шаҳар фуқаролари билан бирга мусофирлар учун ҳам бепул тиббий ёрдам кўрсатувчи йирик ижтимоий марказ бўлган. Вақфнома матнида мазкур дорушшифонинг жўғрофий ўрни, ички меъморий тузилиши, хизматчилар сафи, уларга ажратиладиган маош ҳамда муассасани муттасил маблағ билан таъминлаб турувчи кўчмас мулклар тафсилоти баён этилган.
Тарихий ҳужжатларга кўра, шифохона Самарқанднинг гавжум савдо чорраҳаларидан бирида – Сўғд бозори ва Заргарлар маҳалласи туташган ҳудудда қад ростлаган. Хастахонанинг кундалик харажатларини, беморларнинг тўлақонли овқатланиши ва зарур дори-дармонлар таъминотини кафолатлаш мақсадида хоқон ўз шахсий мулки ҳисобланган “Тими палос” карвонсаройини ҳамда бешта ёрдамчи хона, учта ҳужра ва уч дўкондан иборат савдо расталарини вақф мулки сифатида муассаса ихтиёрига топширган. Вақфнома шартига биноан, ушбу тижорат иншоотларидан тушадиган барча ижара даромадлари муайян ҳиссаларга – тенг юз қисмга тақсимланиб, шифо маскани эҳтиёжларига йўналтирилган.
Мазкур масканда фаолият юритган мутахассислар таркиби ва хизмат ҳақининг тақсимланиш тартиби ўша давр жамиятининг маънавий ва табақавий қиёфасини англашда қимматли далилдир. Жумладан, умумий тушумнинг юз қисмдан иборат ҳисобидан энг катта улуш – нақ ўн қисми бевосита бош табибга тайинланган. Эътиборга молик жиҳати шундаки, шифохонанинг умумий маъмурий бошқарувчиси ва молиявий назоратчиси бўлган мутасаррифга саккиз қисм маош ажратилган. Илм ва амалиёт соҳиби бўлмиш ҳозиқ табибга ижрочи бошқарувчидан юқорироқ ҳақ тўлангани қорахонийлар жамиятида юқори малакали тиббиёт мутахассислари меҳнати юксак қадрланганини кўрсатади. Бундан ташқари, муассасада қон олувчи муолажачи – фассод, моҳир пазандалар ҳамда хизматчилар ҳам меҳнат қилган. Вақф тушумидан алоҳида хизматчига беш қисм, ошпазга уч қисм маош белгиланган.
Ҳужжатда хасталарнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишга устувор аҳамият қаратилган. Вақфнома талабига кўра, даволанаётган кишилар хасталикдан бутунлай фориғ бўлгунига қадар уларни шифохонадан чиқариб юбориш ёки безовта қилиш қатъиян ман этилган. Шаҳарнинг ерлик фуқароси ва ташриф буюрган мусофирлар бирдек бепул тиббий кўмак олиш ҳуқуқидан фойдаланган. Бемор соғайгачгина ўрнини бошқа муҳтож хастага бўшатиб бериши лозим бўлган. Мазкур низом талабларини ўзгартириш ёки бекор қилиш тақиқланиб, вақф шартларининг абадий кучда қолиши муҳрланган.
Таниқли тарихчи ва тангашунос олим Е.Давидович вақфномадаги пул муомаласига оид тафсилотларни тадқиқ этар экан, ҳужжат тасдиқланган пайтда Самарқандда амалда бўлган тангаларнинг аниқ қиймати қайд этилганини таъкидлайди. Унга мувофиқ, бир мисқол соф олтин қиймати айнан қирқ етти кумуш дирҳамга тенглаштирилган. Ҳужжатда тангалар харид қувватининг пасайиши, яъни пул қадрсизланиши эҳтимолига қарши махсус муҳофаза банди киритилган бўлиб, агар истиқболда дирҳамнинг бозор баҳоси ўзгарса, ходимларнинг иш ҳақи ва шифохона харажатлари ҳужжат тузилган кундаги соф олтин ўлчов мезони бўйича янги муомаладаги дирҳамларда қайта ҳисоблаб тўланиши шарт қилиб қўйилган. Бу эса ўрта асрлар ҳуқуқий амалиётида молиявий барқарорликни асраш ва муассасани моддий таназзулдан ҳимоя қилишнинг илғор тизими мавжуд бўлганини кўрсатади.
Иброҳим ташаббуси билан расмийлаштирилган иккинчи вақф ҳужжати Самарқанднинг “Бобулҳадид”, яъни Темир дарвоза мавзесида барпо қилинган мадрасага тегишлидир. Атрофида Хотун Малика майдони ва хонақоҳлар жойлашган мазкур таълим даргоҳи ҳам талабалар ва мударрислар учун моддий шароитларни кафолатлаган. Агар даврлар ўтиб шифохона ёки мадраса бинолари табиий офат ёки замонлар эврилиши сабаб яроқсиз ҳолга келса ва уларни тиклаш имконсиз бўлиб қолса, вақфнома шартига кўра, ажратилган кўчмас мулкларнинг барча даромадлари абадий равишда Самарқанддаги бева-бечора ва камбағал қатлам эҳтиёжларига сарфланиши белгилаб қўйилган.
Манбашунос олимларнинг қайд этишича, фақиҳ Бурҳониддин Маҳмуднинг “Муҳит ал-Бурҳоний” асари таркибида сақланиб қолган мазкур вақф ҳужжатлари XI асрда Туронда шаҳарсозлик маданияти, ижтимоий институтларни барқарор молиялаштириш ва тиббий ёрдам тизими юқори даражада бўлганидан далолат берувчи муҳим тарихий ёдгорликдир. Иброҳим Тамғачхоннинг бу хайрли амали ўзбек давлатчилиги тарихида ижтимоий адолат ва фуқаролар муҳофазаси бош мезон бўлганини намоён этади.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА