Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي بَكْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: دَعَوَاتُ الْمَكْرُوبِ: اللَّهُمَّ رَحْمَتَكَ أَرْجُو فَلَا تَكِلْنِي إِلَى نَفْسِي طَرْفَةَ عَيْنٍ وَأَصْلِحْ لِي شَأْنِي كُلَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ حِبَّانَ.
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мушкули борнинг дуоси «Аллоҳим! Раҳматингдан умидворман. Мени кўз очиб-юмгунча ҳам ўзимга ташлаб қўймагин. Менинг барча ишларимни Ўзинг ўнглагин. Сендан ўзга илоҳ йўқдир", дедилар (Абу Довуд ва Ибн Ҳиббон ривоят қилганлар).
Шарҳ: Бошига мушкул тушган кишилар ушбу дуони ихлос билан ўқиб турсалар, Аллоҳ таоло уларга кушойиш бериши бор.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқотлари фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун, 16 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Диний идорага келган бир гуруҳ фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, арз ва таклифларини тингладилар.
Мулоқот давомида имомлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, устоздан хайрли дуо олиш ниятида келганлар, ўзлари ёзган китобларини тақдим этганлар ҳам бўлди. Моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларга эса белгиланган тартибда тегишли кўмак кўрсатилди.
Самимий қабул ва кўрсатилган эътибордан мамнун бўлган фуқаролар миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилишди.
Дарҳақиқат, инсон дардига шерик бўлиш, унинг ташвишини енгиллатиш — савоби улуғ амалдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:
«Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади» (Имом Бухорий ривояти).
Эслатиб ўтамиз, бундай қабуллар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари ҳамда барча жоме масжидларида ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати