Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Август, 2026   |   19 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:45
Қуёш
05:14
Пешин
12:34
Аср
17:31
Шом
19:43
Хуфтон
21:12
Bismillah
02 Август, 2026, 19 Сафар, 1448

Ҳар бир дарднинг давоси бор

12.02.2026   14705   5 min.
Ҳар бир дарднинг давоси бор

Инсоният яралгандан бери барча замон ва маконларда бир неча минг йиллар давомида, ўзи учун шифо излаб, турли усулларни қўллаб кўрган. Илк даврларда ҳар бир инсон ўзи даволанишда оддий воситалардан фойдаланган. Вақт ўтиши билан касалликка муолажа қилишда табиий унсурлар орқали даволовчи табиблар билан бир қаторда серҳгар, коҳин ва фолбинлар ҳам шуғулланишган.

Набий алайҳиссалом Пайғамбар қилиб юборилганларидан сўнг шифо излашда ҳам умматлари учун энг тўғри йўлни белгилаб бердилар. Даволанувчи ва даволовчига керакли кўрсатмаларни бериб, тиб ва дуо билан муолажа қилишни ҳадислари орқали маълум тартибга келтирдилар.

Дастлаб, тиббиёт борасидаги динимиз кўрсатмаларига назар ташлаб сўнгра дам солиш яъни, дуо билан муолажа қилиш ўртасини мувофиқ келувчи жиҳатларини ўрганамиз.

Юқорида ўрганиб чиққанимиздек, Ислом динида ҳар бир инсон ўз саломатлигини сақлаши вожиб ҳисобланади. Худди шунингдек, касалликка йўлиққанда дардига шифо бўладиган омиллардан фойдаланиб ўзига муолажа қилиши ҳам лозим. Агар инсон ўз саломатлигига эътибор бермаслиги туфайли жисми ва руҳига зарар етадиган бўлса, қаттиқ гуноҳкор бўлади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ﴾

“Ва ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара сураси, 195-оят).

Инсон ўз саломатлигига зарар етказадиган барча нарсалардан йироқ бўлиши ва соғлигини сақлаши шариат талаби экани барча мўътабар манбаларда таъкидланган.

Хусусан, ҳадиси шарифда бундай дейилади:

عن أبي الدردى رضي الله عنه أن النبي صلى الله عليه و سلم قال إن الله أنزل الداء و الدواء و جعل لكل داء دواء فتداووا و لا تداووا بمحرم

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, Аллоҳ дардни ҳам давони ҳам тушурган ва ҳар бир дардга давосини қўйган. Шундай экан даволанинглар. Ҳаром билан даволанманглар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Усома ибн Шарик айтади: “Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, даволанайлик-ми?” дейишди. У зот: “Ҳа, Аллоҳнинг бандалари даволанинглар. Албатта, Аллоҳ таоло бирор дардни қўйган бўлса, унинг давосини ҳам қўйган. Лекин бир дард бундан мустасно”, дедилар. Улар:“Ё, Расулуллоҳ у қайси дард?” дейишган эди. У зот: “Кексалик”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Албатта, Аллоҳ бирор касалликни туширган бўлса, у билан бирга давосини ҳам туширган. Уни билмаган киши (шифосида) жоҳил бўлибди. Уни билган киши (шифодан) хабардор бўлибди”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир дарднинг давоси бор. Агар касалликнинг давоси унга етса, Аллоҳ азза ва жалланинг изни билан тузалади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Доктор Насимий айтади: “Юқорида санаб ўтилганлар ва улар каби бошқа ҳадисларнинг барчасида тиббиётни тасдиқланган. Шунингдек, касалликка қарши курашишга ва шифо сабабларини ўрганишга тарғиб қилинган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Уни билмаган киши (шифосида) жоҳил бўлибди. Уни билган киши (шифодан) хабардор бўлибди”, деган сўзлари барча мусулмон табибларни, шифокорларни изланишлар олиб бориб, касалликларга даво бўладиган дори-дармонларни кашф қилиш ва аввалгисидан кўра самаралироғи борасидаизланишга ундайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ҳар бир дарднинг давоси бордир” деган сўзлари эса, ўзида ҳар қандай касалликни ҳис қилган беморга тузалиши учун ишонч ва руҳан қувват бағишлайди. Беморда касалликдан кейинги асоратлар борасидаги ёмон ўй-хаёлларни кетказиб, унинг аъзоларидаги Аллоҳ таолонинг изни билан тезда шифо топишига ёрдам берадиган иммунитет тизимини кучайтиради.

Набий алайҳиссалом ҳадисда дарддан тузалишлик учун керакли дорини қўллаш лозимлигига ишора қилиб, “Агар касалликнинг давоси унга етса, Аллоҳ азза ва жалланинг изни билан тузалади”, дедилар. Бу касалликка керакли дори-дармонларни қўллашга тарғибдир. Чунки оғир дардга оддий дори кор қилмаганидек, ўта кучли дори бошқа дардларни келтириб чиқаради”.

Ислом дини кўрсатмасига кўра, касалликларга муолажа қилувчи кишилар табиблар бўладими ёки медицина ходимларими ўз касбларига доир диний билимлардан ҳам хабардор бўлишлари лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада ҳам қилган тавсиялари ва кўрсатмалари – шариат кўрсатмасидир. Касалликларга шифо излаб дори-дармонларни қўллаш қадарга имон келтириш ва таваккул ҳақиқатига асло зид келмайди. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари даволанганлар ва бошқаларни ҳам баъзи муолажа ёки тавсиялари билан даволаганлар.


Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғлининг
"Исломда саломатлик" китобидан

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Президент табриги Халқлар дўстлиги кунига бағишланган тантанали тадбирда ўқиб эшиттирилди

30.07.2026   11713   1 min.
Президент табриги Халқлар дўстлиги кунига бағишланган тантанали тадбирда ўқиб эшиттирилди

Бугун, 30 июль куни Тошкент шаҳрида Халқлар дўстлиги куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг байрам муносабати билан йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Давлат раҳбарининг қутловини Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов етказди.


Президент ўз табригида ушбу айём юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик каби эзгу қадриятларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. Мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил яшаб, Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани энг катта бойлигимиз экани қайд этилди.


Табрикда “Бизнинг кучимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда” деган ғоя асосида миллатлараро муносабатлар соҳаси янги босқичга кўтарилгани айтиб ўтилди. Бугунги кунда юртимизда 153 та миллий маданий марказ ва 36 та дўстлик жамияти фаолият юритмоқда, таълим 7 тилда олиб борилиб, ОАВда 12 ва 14 тилларда кўрсатув ва нашрлар йўлга қўшилган.


Шунингдек, давлат раҳбари маданий алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида профессионал «Дўстлик» ансамблини ташкил этиш ҳамда «Алишер Навоий» телеканалини янги форматда йўлга қўйиш режаларини маълум қилди.


Табрик якунида Президент юртимиздаги тинчлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканини уқтириб, сиҳат-саломатлик ва эзгу ишларда улкан муваффақиятлар тилади.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Президент табриги Халқлар дўстлиги кунига бағишланган тантанали тадбирда ўқиб эшиттирилди Президент табриги Халқлар дўстлиги кунига бағишланган тантанали тадбирда ўқиб эшиттирилди
Ўзбекистон янгиликлари