Биринчи гул: Хушбўй гуллари ва мевали шохлари бор хурмо дарахти каби бўлинг.
Иккинчи гул: Инсонларнинг айбларини ошкор қилиш ва уларни тўплашга вақтингиз бўлмасин.
Учинчи гул: Агар Аллоҳ сиз билан бирга бўлса кимдан қўрқасиз? Агар У зот сизга қарши бўлса кимдан умид қиласиз?
Тўртинчи гул: Ҳасад инсон танасини емиради, рашкнинг кўпайиши эса тўхтатиб бўлмас олов кабидир.
Бешинчи гул: Бугун тайёрланинг, захира йиғинг. Чунки эртанги кун сизнинг мулкингиз эмас.
Олтинчи гул: Жанжал ва бекорчиликлардан узоқлашинг.
Еттинчи гул: Хулқингиз ила чиройли боғу бўстонлардан ҳам гўзал бўлинг.
Саккизинчи гул: Яхшиликни ёйинг, шунда сиз у ила инсонларнинг энг бахтлисига айланасиз.
Тўққизинчи гул: Инсонларни уларни яратган Зотга, ҳасадни ўлимга қолдиринг ва душманларингизни унутинг.
Ўнинчи гул: Ҳаром ишларнинг лаззатидан кейин надомат, ҳасрат ва азоб келишини унутманг.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати