Биринчи гул: Хушбўй гуллари ва мевали шохлари бор хурмо дарахти каби бўлинг.
Иккинчи гул: Инсонларнинг айбларини ошкор қилиш ва уларни тўплашга вақтингиз бўлмасин.
Учинчи гул: Агар Аллоҳ сиз билан бирга бўлса кимдан қўрқасиз? Агар У зот сизга қарши бўлса кимдан умид қиласиз?
Тўртинчи гул: Ҳасад инсон танасини емиради, рашкнинг кўпайиши эса тўхтатиб бўлмас олов кабидир.
Бешинчи гул: Бугун тайёрланинг, захира йиғинг. Чунки эртанги кун сизнинг мулкингиз эмас.
Олтинчи гул: Жанжал ва бекорчиликлардан узоқлашинг.
Еттинчи гул: Хулқингиз ила чиройли боғу бўстонлардан ҳам гўзал бўлинг.
Саккизинчи гул: Яхшиликни ёйинг, шунда сиз у ила инсонларнинг энг бахтлисига айланасиз.
Тўққизинчи гул: Инсонларни уларни яратган Зотга, ҳасадни ўлимга қолдиринг ва душманларингизни унутинг.
Ўнинчи гул: Ҳаром ишларнинг лаззатидан кейин надомат, ҳасрат ва азоб келишини унутманг.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Уйғун домла Ғафуров, Мир Араб олий мадрасаси проректори Учқун Авлиёқулов ва мазкур олий мадрасанинг «Диний фанлар» кафедраси мудири Нарзулло домла Аҳмедовдан иборат юртимиз диний таълим муассасалари вакиллари Россия Федерациясида бўлиб, бир қатор нуфузли халқаро анжуман ва учрашувларда иштирок этди.
Жумладан, Грозний шаҳрида бўлиб ўтган халқаро илмий конференцияда юртимиз вакиллари фаол қатнашиб, юртимиз ислом таълими анъаналари, хусусан, Тошкент ислом институти ва Бухородаги табаррук Мир Араб мадрасасининг Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси учун малакали диний кадрлар етказиб беришдаги тарихий ўрнига бағишланган маърузаларини тақдим этдилар.
Ташриф доирасида Чеченистон давлат университети ҳамда Кунта Ҳожи номидаги Россия ислом университети раҳбарияти билан мулоқотлар ўтказилиб, таълим соҳасида тажриба алмашиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, устоз ва талабаларнинг академик алмашинувини йўлга қўйиш масалалари келишиб олинди.
Шунингдек, Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров 4 сентябрь куни Санкт-Петербург давлат университети Теология институтида ўтказилган «Боязитов ўқишлари» IV халқаро илмий-маърифий конференциясида маъруза қилди. Унда юртимизда ҳанафийлик ва мотуридийлик таълимоти асосида таълим жараёни йўлга қўйилгани, устоз-шогирд анъанаси, мўътабар асарларни хатми кутуб қилиш ҳамда «Ижоза» бериш амалиёти қайта тиклангани борасидаги тажриба ўртоқлашилди. Сафар асносида Санкт-Петербург давлат университети Теология институти директори, профессор Дмитрий Шмонин билан ҳам истиқболли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотлар давомида хорижий ҳамкорлар Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, юртимизнинг ислом цивилизацияси, илм-фани ва таълими соҳасидаги беқиёс мақомини алоҳида эътироф этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати