حدثنا ابن عفان العامري نا زيد بن الحباب عن المسعودي عن عون عن أبي فاختة مولى جعدة بن هبيرة المخزومي عن الأسود بن يزيد قال: قال لنا ابن مسعود: إذا صليتم على رسول الله فأحسنوا الصلاة عليه فإنكم لا تدرون لعل ذلك يعرض عليه“ قلنا: يا أبا عبد الرحمن فعلمنا قال: قولوا: اللهم اجعل صلاتك ورحمتك على سيد المسلمين وإمام المتقين وخاتم النبيين محمد عبدك ورسولك إمام الخير وقائد الخير رسول الرحمة اللهم ابعثه مقاما محمودا يغبطه به الأولون والآخرون اللهم صل على محمد وعلى آل محمد كما صليت على إبراهيم وآل إبراهيم إنك حميد مجيد وبارك على محمد وآل محمد كما باركت على إبراهيم وآل إبراهيم إنك حميد مجيد.
Асвад ибн Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бизга: “Агар Расулуллоҳга салавот айтсангиз, салавотни чиройли айтинг. Чунки сизлар билмайсиз, эҳтимол ўша (салавот) у зотга етказилар” деди.
Биз: “Эй Абу Абдураҳмон, бизга ўргатинг” дедик.
У: “Аллоҳим, мусулмонлар саййиди, тақводорлар имоми, пайғамбарлар охиргиси, банданг ва расулинг, яхшилик имоми, яхшилик раҳбари ва раҳмат элчиси Муҳаммадга салавотинг ва раҳматингни нозил қил. Аллоҳим, аввалгилар-у охиргилар ҳавас қиладиган мақоми Маҳмудда қайта тирилтиргин. Аллоҳим, Иброҳим ва Иброҳимнинг оиласига салавот йўллаганингдек, Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг оиласига ҳам салавот йўллагин. Албатта, Сен мақтовга лойиқ ва улуғвор Зотсан. Иброҳим ва Иброҳимнинг оиласига баракот берганингдек, Муҳаммад ва Муҳаммаднинг оиласига ҳам баракот бергин. Албатта, Сен мақтовга лойиқ ва улуғвор Зотсан”.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқотлари фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун, 16 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Диний идорага келган бир гуруҳ фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, арз ва таклифларини тингладилар.
Мулоқот давомида имомлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, устоздан хайрли дуо олиш ниятида келганлар, ўзлари ёзган китобларини тақдим этганлар ҳам бўлди. Моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларга эса белгиланган тартибда тегишли кўмак кўрсатилди.
Самимий қабул ва кўрсатилган эътибордан мамнун бўлган фуқаролар миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилишди.
Дарҳақиқат, инсон дардига шерик бўлиш, унинг ташвишини енгиллатиш — савоби улуғ амалдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:
«Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади» (Имом Бухорий ривояти).
Эслатиб ўтамиз, бундай қабуллар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари ҳамда барча жоме масжидларида ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати