#xabar #jizzax #masjid
Бугун, 12 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида қайта қурилган “Файзуллоҳ Махдум” масжиди янги биносининг очилиш маросимида қатнашдилар.
Муфтий ҳазратлари масжид қавмини яқинлашиб келаётган Рамазони шариф ҳамда қайта қурилган гўзал ва шинам масжид билан қутлаб, муборакбод этдилар. Бугунги кунда обод бўлаётган масжидларда мўмин-мусулмонларга яратилган қулайликлар ҳақида гапирар эканлар, буларнинг барчаси тараққиётимизнинг янги даврида Аллоҳнинг бизга берган улкан неъмати эканини алоҳида қайд этдилар. Шу билан бирга, масжидни обод этиш улкан ажр-савобли амал эканини ҳадислар билан далиллаб, қурилиш ишларида кўмакчи бўлган барча юртдошларимиз ҳаққига дуо қилдилар.
Маълумот ўрнида, масжиднинг янги биноси қурилиши 2022 йил ноябрь ойида бошланган. Умумий майдони 32 сотих бўлган масжидда 600 нафардан зиёд намозхон ибодатларни эмин-эркин адо этиши мумкин. Баландлиги 6 метр, айланаси 50 диаметр бўлган гумбаз масжид кўркига кўрк қўшиб турибди. Замонавий таҳоратхонада бир вақтнинг ўзида 20 киши бемалол таҳорат олиши мумкин. Масжид замонавий иситиш ва совутиш тизимлари, овоз кучайтиргичлар билан таъминланган. Имомлар, қабулхона ва қоровул учун алоҳида хоналар қилинган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Иорданиянинг нуфузли “The Jordan Times” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиа форуми ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада ёзилишича, тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари, етакчи экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.
Ўзбекистоннинг Иорданиядаги элчихонасининг маълум қилишича, ушбу форум дастуридан ялпи мажлислар, медиа кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Учрашувларда ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари ва замонавий технологиялар, халқаро медиа лойиҳаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, ўзбекистонлик талабалар учун жаҳон медиа саноатининг етакчи вакиллари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа ишлаб чиқариш ва халқаро ахборот маконида самарали ҳамкорлик қилиш бўйича тажриба алмашади.
Нашрда қайд этилишича, форум иштирокчилари 27 август куни Самарқандга саёҳат қилишади. Сафар доирасида меҳмонлар Имом ал-Бухорий мажмуасига ташриф буюриб, шаҳарнинг бой тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкентда халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари учун махсус медиатур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланади. Меҳмонлар Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати