Шу йил 13 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов Афғонистон Фанлар академияси Таржима маркази раҳбари Азизуллоҳ Шинворий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Мулоқот давомида Амударёнинг икки соҳилида яшаётган қардош халқларни азалдан ягона дин, муштарак тарих ва эзгу мақсадлар бирлаштириб келаётгани, кейинги йилларда ушбу қўшничилик муносабатлари янги босқичда мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, давлатимиз Раҳбари томонидан Афғонистонда тинчлик ва осуда ҳаётни қарор топтиришга қаратилган халқаро ташаббуслари бугун ўз мевасини бераётгани, икки давлат уламолари ўртасидаги ташрифлар эса ўзаро алоқаларни янада жипслаштираётгани таъкидланди.
Шунингдек, меҳмонларга Диний идоранинг 80 йиллик бой тарихи, Фатво маркази фаолияти ва юртимиздаги диний таълим тизими ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўз навбатида, Азизуллоҳ Шинворий Ўзбекистонга бўлган юксак эҳтиромини изҳор этиб, бу заминни нафақат буюк алломалар ватани, балки ноёб илмий асарлар, муборак зиёрат ва қадамжолар макони сифатида қадрлашини билдирди. Шунингдек, пойтахтимизда ўтган Бурҳонуддин Марғиноний илмий меросига бағишланган халқаро конференция доирасидаги учрашувлар икки халқ илм аҳллари учун ғоят манфаатли бўлаётганини эътироф этди.
Учрашув якунида томонлар илм-маърифат ва Ислом дини равнақи йўлида ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олдилар. Мартабали меҳмонга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг эсдалик ҳадялари топширилди.
Мазкур учрашувдан сўнг мартабали меҳмонлар Ҳазрати имом мажмуаси, хусусан, Қаффол Шоший мақбарасини зиёрат қилиш билан бирга Тошкент ислом институти фаолияти билан яқиндан танишилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати