Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Сентябр, 2026   |   3 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:42
Қуёш
06:02
Пешин
12:19
Аср
16:44
Шом
18:39
Хуфтон
19:54
Bismillah
14 Сентябр, 2026, 3 Рабиъус сони, 1448

Моҳир табиб қандай бўлади?

18.02.2026   15123   6 min.
Моҳир табиб қандай бўлади?

Ислом таълимотига кўра, ҳар бир қавмда моҳир табиб бўлиши фарзи кифоя ҳисобланади. Агар табиб, мутахассис шифокор бўлмаса, ўша атрофдаги барча бирдек гуноҳкор бўлади. Шунинг учун, табибларга алоҳида эътибор кўрсатилган. Ўз навбатида табиблик қилувчи ўз соҳасини пухта экаллаши ва ўта масъулиятли бўлиши керак. Чунки унинг ҳар бир ҳаракати бемор ҳаётига ижобий ёки салбий таъсир кўрсатади.
Амр ибн Шуайб отасидан у бобосидан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кимки тиб(илми)ни билмай туриб табиблик қилса, у зоминдир” (Имом Абу Довуд ривояти).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зарар кўриш ҳам, зарарга зарар қайтариш ҳам йўқ”, деганлар (Имом Аҳмад, Имом Ибн Можа, Имом Табароний ривояти)
Ушбу ҳадисларда беморларни муолажа қилувчи киши зиммасига улкан масъулият юкланади. У ўзида маълум сифатларни ҳосил қилиб, етарли билим ва малакага эга бўлсагина муолажага киришиши зарур.

Тиб илмига оид бир неча асарлар муаллифи, забардас олим доктор Аҳмад Шавкат Шаттий моҳир (ҳозиқ)табибнинг мажбуриятлари ҳақида тўхталиб қуйидагиларни санаб ўтган: 
1. Моҳир табиб касалликнинг бошланиш сабаблари, қандай пайдо бўлгани ва касалликнинг босқичларини ўрганиши.
2. Касални куч-қувватига эътибор бериши лозим.
3. Табибнинг мақсади фақат касалликни кеткизиш бўлиб қолмаслиги керак. Балки, унинг ортидан рўй бериши мумкин бўлган асоратларини ҳам бартараф этиб, қайта қўзғалмаслигига ишонч ҳосил қилиши даркор.
4. Муолажани енгил тарзда, босқичма-босқич олиб бориб,аввал оддий маҳсулотлар билан бошлайди. Эҳтиёж бўлганда дори-дармонларни, иложсиз қолганда эса мураккаб дори воситаларини қўллайди. 
5. Дориларнинг кучи билан касалликнинг даражаси ўртасидаги ўзаро мутаносибликка қаттиқ эътибор бериши зарур.
6. Оғир касалликни тузатиш имконибўлмаса, моддий манфаат умидида муолажага уринмайди.
7. Қалб ва руҳиятдаги иллатларни даволашда ҳам кўникмага эга бўлиши керак. Бу танадаги дардларни муолажа қилишда асосий жиҳат ҳисобланади. Чунки қалб ва нафс тана аъзоларининг ўз вазифасини бажариши ва унинг табиатида асосий таъсирга эга.
8. Табиб беморига мулойим ва самимий муомалада бўлиши ва уни хотиржам қилиши лозим. Зеро, унинг беморларга хушмуомалалик билан муносабатда бўлиши вожибдир.
9. Муолажа жараёнида ишлатадиган барча асбобларни яхши билиши ва ундан унумли фойдалана олиши шарт. Чунки баъзи дориларни махсус асбобларсиз етказиб бўлмайди.
10. Табиб муолажасини беш рукн асосида олиб бориши лозим:

1) Мавжуд саломатликни сақлаб туриш;
2) Йўқотилган соғлиқни тиклаш;
3) Касалликни кетказиш ёки унинг таъсирини камайтириш;
4) Катта зарарни даф қилиш учун кичикроғини олиш;
5) Икки манфаатли ишдан кўпроқ фойда берадиганини танлаш. 

Демак, барча табиблар мазкур сифатларни ўзида мужассам қилишга астойдил интилиши лозим. Бемор ўз вақтида моҳир табибга мурожаат қилиши ва унинг муолажасини олиши, табиб эса беморини диққат эътибор ва сидқидилдан даволаши даркор.
Юқорида қайд этилган шартлар фақат табобат билан шуғулланадиган махсус кишиларгагина қайдланмаган. Балки тиббиёт соҳасида фаолият юритиб, инсонларни даволаш билан шуғулланадиган барча шифокорларга тааллуқлидир. Зеро, беморларнинг ҳаёти уларнинг муолажалари, ҳатти-ҳаракатларига боғлиқдир. Бемор табибларнинг тавсияси билан таркиби ва тайёрланиш жараёнидан мутлақо бехабар бўлган ҳар хил дориларни истеъмол қилади ва турли муолажаларни олади. Ушбу жараёнда агар табиб арзимаган хато ёки бепарволикка йўл қўйса, бемор бир умрга мажруҳ бўлиб қолиши ёки ҳаётдан кўз юмиши мумкин. Янада аҳамиятли жиҳати, баъзи касалликларни даволаш жараёнида айрим ибодатларни кечиктириш масалан: рўзани тутмай туриш, намозни ўтириб ёки ётиб ўқиш тавсия қилинади. Бу тавсиялар нотўғри бўлса, муолажа қилувчи қаттиқ гуноҳга ботади.

Шунинг учун, табиблар шариат илмларидан ҳам хабардор бўлиши, доимий тарзда билим ва кўникмаларини орттириб, ўз устида кўп ишлаши лозим. Етарлича илм ва малака ҳосил қилгандан сўнг амалиётга киришиб, беморини ихлос билан муолажа қилиши даркор. Шундагина, шифохоналар бўшаб, турли касалликлар камаяди ва жамият ҳар томонлама соғлом бўлади. 
Шу ўринда бир масалани таъкидлаш зарур, юртимизда тиббиётда мутахассисларни тайёрлашда барча соҳани қамраб олиб, кадрлар масаласида чуқурроқ бош қотириш лозим. Чунки барча соҳаларда етарлича малакага эга моҳир табиб, шифокорларни топиш қийин. Айниқса, ҳозирда аёллар касалликлари билан боғлиқ соҳаларда мутахассислар етишмай, баъзан эркаклар фаолият юритади. Ҳаттоки, айрим туғруқхоналарда эркак дояларни учратиш мумкин. Бу масаланинг ўта нозик эканини англаш лозим. Зеро, динимизда бемор бошқа жинс вакили бўлган шифокорга охирги паллада, яъни, аёл киши даволаниши учун мутахассис аёл шифокорни, эркак эса эркак шифокорни топа олмаса бошқа жинсдаги мутахассисга кўриниши жоиз бўлади. Шунда ҳам у омонатдор, ахлоқли бўлиши керак ва беморнинг дард чекаётган аъзосигагина назар ташлаши лозим. Юртимиз 95 % аҳолиси мусулмон экани ва уларни аксарияти аёллардан иборатлиги, миллий менталитетимизни инобатга олган ҳолда аёллар учун махсус шифохоналар очиш долзарб масала ҳисобланади. 
Уламолардан бирига табиблар ва шифокорларга насиҳат қилсангиз: деб илтимос қилинибди. У киши: “Касалхоналардаги шифокорларга насиҳатим улар аввало Аллоҳга тақво қилишсин ва Исломнинг очиқ қолган туйнуги устида турганларини яхши англаб олишсин. Ислом душманлари у орқали тиббиёт номи билан гўё ёрдам қилаётгандек, динимизга зимдан ҳужум қиладилар. Шунинг учун, шифокорлар Аллоҳнинг динини ва ўз соҳаларини пухта ўрганишлари лозим. 
Эркак шифокор эркак кишини, аёл шифокор эса аёлларни даволаши керак, зарурий ҳолатлар бундан мустасно. Ғайридинларга кўр-кўрона эргашишдан, шубҳали дориворларни қўллашдан йироқ бўлсинлар. 
Беморларга шифо фақат Аллоҳдан, ҳар қандай муолажалар эса сабаб эканини таъкидлаб уларнинг қалбларини Яратган Буюк Зотга боғласинлар. Зеро қанча-қанча касаллар қимматбаҳо дори-дармонлар билан ҳам тузалмайди. Баъзи шифоси йўқ деб ташхис қўйилган беморлар тез кунда соғайиб кетади” дея таъкидлади.


Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғлининг
"Исломда саломатлик" китобидан

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тошкентда Ўзбекистон ва Покистон туризм соҳаси вакилларининг B2B форматидаги учрашуви бўлиб ўтди

14.09.2026   7964   1 min.
Тошкентда Ўзбекистон ва Покистон туризм соҳаси вакилларининг B2B форматидаги учрашуви бўлиб ўтди

Тошкентда Ўзбекистон ва Покистоннинг Карачи шаҳри туристик бизнеси вакиллари иштирокида B2B форматидаги учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Икки мамлакат туроператорлари ўртасидаги бевосита алоқаларни кенгайтириш, янги туризм маҳсулотларини яратишга бағишланган тадбир “Centrum Air” авиакомпанияси томонидан ташкил этилди. Учрашув Тошкент–Карачи йўналишида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилиши муносабати билан “FAM Trip” таништирув тури доирасида ўтказилди.

Жорий йилнинг 10–12 сентябрь кунлари бўлиб ўтган ташриф давомида Карачи туризм бизнесининг 10 нафар вакили Ўзбекистонга келди. Делегация Тошкент ва Самарқанднинг тарихий, маданий ва диққатга сазовор сайёҳлик масканлари ҳамда мамлакатнинг замонавий туризм инфратузилмаси билан танишди.

B2B форматидаги учрашувда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари тақдимоти ўтказилди. Унда Покистон бозорида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивани қамраб олувчи тарихий-маданий йўналишлар, Буюк Ипак йўли йўналишлари, гастрономик, экологик ва зиёрат туризмини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Икки мамлакат туризм соҳаси вакиллари қўшма турпакетларни ишлаб чиқиш, янги йўналишларни шакллантириш ҳамда Ўзбекистон ва Покистон бозорларида туристик маҳсулотларни илгари суриш масалаларини муҳокама қилди.

Таъкидланганидек, Карачи ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновнинг йўлга қўйилиши туризм йўналишлари, жумладан, “Карачи–Тошкент–Самарқанд” йўналишини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади ва келгусида Ўзбекистоннинг бошқа сайёҳлик марказларини ҳам қамраб олиш имконини беради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари