#xabarlar
Жорий йилнинг 16 февраль куни Сурхондарё вилояти отинойилари учун "Юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда отинойиларнинг ўрни" мавзусида семинар ўтказилди. Уни Сурхондарё вилояти бош отинойииси Х. Косимова очиб берди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими бошлиғи Д.Эгамова ва мазкур бўлим етакчи мутахассиси М.Абубакировалар маъруза қилдилар.
Семинарда отинойиларнинг жамиятдаги ўрни ва масъулияти, отинойининг одоб-ахлоқ қоидалари, малака талаблари, маъруза қилиш меъёрлари мавзуларида суҳбат бўлди.
Шунингдек, маърака ва маросимларда бидъатларга йўл қўймаслик, исроф ва дабдабадан тийилиш, динимизнинг соф таълимотларига амал қилиш ҳақида атрофлича тушунчалар берилди.
Ёш авлодни турли ёт ғоялардан асраш, уларни тўғри йўлга бошлашда отинойиларнинг ибратли сўзи ва амали муҳим эканлиги қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилояти вакилининг Хотин кизлар масалалари бўйича ўринбосарнинг ёрдамчиси Ҳасанова Мафтуна Холматжоновна 2025 йилдаги фидокорона меҳнати ва диний-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда қўшган ҳиссаси учун "ЭНГ ФИДОКОР ХОДИМ" мақтов ёрлиғи билан тақдирланди.
Шунингдек, бош отинойининг фаолиятидаги ҳужжатлар юритилиши ўрганилди ва зарур тавсиялар берилди.
Mumina.uz
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Бухоро вилоятида жамиятда миллий-диний қадриятларни мустаҳкамлаш, эл-юрт маънавияти ва осойишталигини таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган диний-маърифий соҳа ходимларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонларига мувофиқ, диний соҳада самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари юксак давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Маросимда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Азизбек Қаландаров иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ айём билан самимий қутлади ва давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Шунингдек, байрам муносабати билан вилоят ҳокимлиги ташаббуси асосида соҳа фидойиларига махсус ваучерлар тақдим этилди. Тадбирда сўз олганлар давлатимиз томонидан маънавий-маърифий соҳа ходимларига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов томонидан вилоят вакиллиги тасарруфида самарали хизмат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ диний соҳа ходимларига ташаккурномалар топширилди.
Кўтаринки руҳда ўтган маросимларда бундай юксак эътибор ва эҳтиром соҳа фидойиларини эл-юрт фаровонлиги ва динимиз софлигини тарғиб этиш йўлидаги хайрли фаолиятга янада куч-ғайрат билан киришишга руҳлантириши таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати