Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Ноябр, 2026   |   22 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:35
Қуёш
06:55
Пешин
12:12
Аср
15:36
Шом
17:20
Хуфтон
18:35
Bismillah
02 Ноябр, 2026, 22 Жумадул аввал, 1448

Ўзбекистон халқига Рамазон табриги

19.02.2026   33306   4 min.
Ўзбекистон халқига Рамазон табриги

Қадрли ватандошлар!

Аввало, сиз, азизларни, бутун халқимизни юртимизга меҳр-оқибат, хайру саховат ва шукроналик тимсоли бўлган муқаддас Рамазон ойининг кириб келиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Албатта, ушбу қутлуғ айёмда барчамизни Рамазони шарифга мана шундай соғ-омон, бирлик ва ҳамжиҳатликда етказгани учун Парвардигори оламга чексиз шукроналар айтамиз.

Эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган, инсонни эзгу ва савоб ишларга даъват этадиган ушбу ойни муносиб тарзда ўтказиш мақсадида бу йил ҳам мамлакатимизда катта тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳалла ва уй-жойлар, масжид ва мадрасаларни обод қилиш, кекса, ногирон ва ёрдамга муҳтож шахсларнинг ҳолидан хабар олиш, қўшнилар, яқин қариндошларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, ибодат ва ифтор маросимларини тартибли ўтказишга хонадон ва маҳалла аҳллари, жамоатчилик вакиллари тарафидан алоҳида аҳамият берилмоқда.

Буларнинг барчаси бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини, инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлаш, юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилиши табиий, албатта.

Рамазон ойининг улуғ фазилатлари, ахлоқий-маънавий аҳамияти айнан ана шундай олижаноб ишларда яққол намоён бўлади, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.

Бу ҳақда сўз юритганда, кейинги йилларда инсон қадрини, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий адолат Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, шу асосда амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимиз халқимиз ҳаётини тубдан ўзгартираётганини таъкидлаш ўринлидир.

Жорий йилни мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилганимиз ва бу борада тегишли амалий ишларни бошлаб юборганимиз замирида ҳам ана шундай буюк интилишлар мужассамдир.

Жамиятни юксалтириш асоси маҳалладир. Чунки маҳаллада ўсиш ва ўзгариш бўлса, бутун жамият ривожланади. Маҳаллаларимизнинг ютуғи ва фаровонлиги пировард натижада бутун жамиятнинг ютуғи ва фаровонлиги сифатида намоён бўлади.

Азиз дўстлар!

Қутлуғ заминимиз узра Аллоҳ таолонинг марҳамати ёғилиб турган мана шундай саодатли кунларда аждодлар хотирасини, уларнинг
эзгу ишлари, хайрли амалларини эслаш ва давом эттириш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ислом дини ва маданияти равнақига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг муқаддас қадамжоларини обод қилиш, илмий меросини тиклаш ва ўрганиш, халқимиз, айниқса ёшларимиз ўртасида тарғиб этиш бўйича кўпгина ишларни амалга ошираётганимиз сизларга яхши маълум, албатта.

Улуғ аждодларимизнинг шонли анъаналарига садоқат билан яшаб келаётган халқимизнинг азму шижоати билан ноёб меъморий лойиҳалар асосида Тошкент шаҳрида – Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда эса буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий мажмуасини бунёд этиш ишлари якунига етказилганини фахр билан айтиб ўтмоқчиман.

Рамазони шариф кунларида муҳтарам уламоларимиз, илм-фан ва ижод аҳли, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ана шу табаррук масканларда буюк азиз-авлиё ва алломаларимиз хотирасига эҳсон дастурхонлари ёзиб, бу муқаддас зиёратгоҳлар эшикларини халқимиз учун кенг очишни режа қилганмиз ва бу ишларни албатта амалга оширамиз.

Афсуски, ҳозирги вақтда жаҳоннинг турли минтақаларида уруш ва жанжаллар давом этмоқда. Пок ниятлар қабул бўладиган ушбу муборак айёмда низо ва адоватлар барҳам топиб, тинчлик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик алоқалари қарор топишини чин дилдан истаб қоламиз.

Фурсатдан фойдаланиб, узоқ ва яқин мамлакатлардаги ватандошларимизга, бутун мусулмон умматига ҳам самимий табрик ва тилакларимизни йўллаймиз.

Муҳтарам юртдошлар!

Сизларни эзгулик, меҳр-мурувват ва барака ойи – моҳи Рамазоннинг бошланиши билан яна бир бор табриклайман.

Ушбу шукуҳли кунларда барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик тилайман.

Рўза кунларида қилинадиган барча ибодатлар, эзгу ният ва амаллар ижобат бўлсин!

Халқимизни, Ватанимизни Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин!

Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

1–30 ноябрь — «Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги

02.11.2026   2245   1 min.

Жорий йилнинг 1–30 ноябрь кунлари республика бўйлаб ўтказиладиган «Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги»ни юқори савияда ташкил этиш, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда аҳоли ўртасида кибермаданиятни юксалтириш мақсадида ҳамкор вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, банклар ҳамда агентликлар вакиллари иштирокида семинар ўтказилди.
Семинарда ойлик доирасида амалга ошириладиган тарғибот-ташвиқот тадбирларининг асосий йўналишлари, аҳоли ўртасида кибергигиена кўникмаларини шакллантириш, интернет тармоғидаги мавжуд таҳдидлардан огоҳликни ошириш ҳамда кибержиноятларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, республика бўйлаб кенг қамровли тарғибот тадбирларини ўтказиш, аҳолининг турли қатламларини қамраб олиш, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали профилактик материалларни кенг ёритиш ҳамда ҳамкор идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир якунида «Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги»ни юқори савияда ўтказиш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш ҳамда амалга ошириладиган ишлар самарадорлигини таъминлаш юзасидан масъул идора ва ташкилотларнинг вазифалари белгилаб олинди.

Мазкур ойлик аҳолининг киберхавфсизлик борасидаги билимларини ошириш, кибергигиена кўникмаларини мустаҳкамлаш ва кибержиноятларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

https://t.me/cyberpolice_iiv

Ўзбекистон янгиликлари