Қадрли ватандошлар!
Аввало, сиз, азизларни, бутун халқимизни юртимизга меҳр-оқибат, хайру саховат ва шукроналик тимсоли бўлган муқаддас Рамазон ойининг кириб келиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Албатта, ушбу қутлуғ айёмда барчамизни Рамазони шарифга мана шундай соғ-омон, бирлик ва ҳамжиҳатликда етказгани учун Парвардигори оламга чексиз шукроналар айтамиз.
Эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган, инсонни эзгу ва савоб ишларга даъват этадиган ушбу ойни муносиб тарзда ўтказиш мақсадида бу йил ҳам мамлакатимизда катта тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳалла ва уй-жойлар, масжид ва мадрасаларни обод қилиш, кекса, ногирон ва ёрдамга муҳтож шахсларнинг ҳолидан хабар олиш, қўшнилар, яқин қариндошларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, ибодат ва ифтор маросимларини тартибли ўтказишга хонадон ва маҳалла аҳллари, жамоатчилик вакиллари тарафидан алоҳида аҳамият берилмоқда.
Буларнинг барчаси бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини, инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлаш, юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилиши табиий, албатта.
Рамазон ойининг улуғ фазилатлари, ахлоқий-маънавий аҳамияти айнан ана шундай олижаноб ишларда яққол намоён бўлади, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бу ҳақда сўз юритганда, кейинги йилларда инсон қадрини, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий адолат Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, шу асосда амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимиз халқимиз ҳаётини тубдан ўзгартираётганини таъкидлаш ўринлидир.
Жорий йилни мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилганимиз ва бу борада тегишли амалий ишларни бошлаб юборганимиз замирида ҳам ана шундай буюк интилишлар мужассамдир.
Жамиятни юксалтириш асоси маҳалладир. Чунки маҳаллада ўсиш ва ўзгариш бўлса, бутун жамият ривожланади. Маҳаллаларимизнинг ютуғи ва фаровонлиги пировард натижада бутун жамиятнинг ютуғи ва фаровонлиги сифатида намоён бўлади.
Азиз дўстлар!
Қутлуғ заминимиз узра Аллоҳ таолонинг марҳамати ёғилиб турган мана шундай саодатли кунларда аждодлар хотирасини, уларнинг
эзгу ишлари, хайрли амалларини эслаш ва давом эттириш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ислом дини ва маданияти равнақига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг муқаддас қадамжоларини обод қилиш, илмий меросини тиклаш ва ўрганиш, халқимиз, айниқса ёшларимиз ўртасида тарғиб этиш бўйича кўпгина ишларни амалга ошираётганимиз сизларга яхши маълум, албатта.
Улуғ аждодларимизнинг шонли анъаналарига садоқат билан яшаб келаётган халқимизнинг азму шижоати билан ноёб меъморий лойиҳалар асосида Тошкент шаҳрида – Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда эса буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий мажмуасини бунёд этиш ишлари якунига етказилганини фахр билан айтиб ўтмоқчиман.
Рамазони шариф кунларида муҳтарам уламоларимиз, илм-фан ва ижод аҳли, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ана шу табаррук масканларда буюк азиз-авлиё ва алломаларимиз хотирасига эҳсон дастурхонлари ёзиб, бу муқаддас зиёратгоҳлар эшикларини халқимиз учун кенг очишни режа қилганмиз ва бу ишларни албатта амалга оширамиз.
Афсуски, ҳозирги вақтда жаҳоннинг турли минтақаларида уруш ва жанжаллар давом этмоқда. Пок ниятлар қабул бўладиган ушбу муборак айёмда низо ва адоватлар барҳам топиб, тинчлик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик алоқалари қарор топишини чин дилдан истаб қоламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, узоқ ва яқин мамлакатлардаги ватандошларимизга, бутун мусулмон умматига ҳам самимий табрик ва тилакларимизни йўллаймиз.
Муҳтарам юртдошлар!
Сизларни эзгулик, меҳр-мурувват ва барака ойи – моҳи Рамазоннинг бошланиши билан яна бир бор табриклайман.
Ушбу шукуҳли кунларда барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик тилайман.
Рўза кунларида қилинадиган барча ибодатлар, эзгу ният ва амаллар ижобат бўлсин!
Халқимизни, Ватанимизни Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин!
Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Мустақиллик шарофати билан биз яна ўтмишда яшаб, ўлмас асарлар яратган улуғ аждодларимиз ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиб, баҳраманд бўлиш шарафига эришдик. Буюк аждодларимизнинг таваллуд кунларини кенг нишонлаб, улар қолдирган беназир меросни дунёга кенг тараннум этиш имкониятига эга бўлдик.
Президентимизнинг 2024 йил 15 августдаги “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги, жорий йил 7 июлдаги “Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорлари ҳам фикримизга яққол далилдир.
Нақшбандия тариқатининг вакилларидан бири Сўфи Аллоҳёр араб, форс ва ўзбек тилларидаги нодир асарлари билан динимиз ва адабиётимиз тарихидан муносиб ўрин эгаллаган улкан ижодкор. Унинг шеърий услубда ёзилган “Саботул ожизин” китоби ўзбек ва тожик халқлари орасида жуда-жуда машҳур.
Китоб кўплаб мусулмон давлатларида нашр этилган. Махсус луғатлар, ҳатто арабча шарҳлар битилган. Сўфи Аллоҳёр масалаларни баён этиш жараёнида оят ва ҳадислардан далиллар келтиради. Ҳар бир масалага тўхталар экан, тақво ҳамда одоб жиҳатларини ҳам эслатиб ўтади.
Шубҳасиз, Сўфи Аллоҳёр бу асарини илм ва тажриба орттириб, холис ният билан ёзгани унинг фикру мулоҳазаларидан билиниб туради. Мадрасаларда махсус ўқитилган бу асарни толиби илмлар қисқача “Сўфи Аллоҳёр”, деб атаганлар. Асарнинг тошбосма ва қўлёзма нусхалари Ўрта Осиё, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларга кенг ёйилган.
Ўзбек фалсафий дидактик адабиётининг етук намунаси бўлган “Саботул ожизин”да тасаввуф таълимотининг маънавий-ахлоқий масалаларини кенг ёритиш билан у туркий тасаввуф адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган. Асарларида ислом аҳкомлари, тариқат талаблари, инсоний комиллик шартларини бирма-бир таърифлаб берган. Ахлоқий-таълимий аҳамияти жиҳатидан, хусусан, “Маслакул муттақийн” ва “Саботул ожизийн” асарлари мактаб ва мадрасаларда асосий дарсликлар қаторида ўқитилиб келган. Унинг диний-тасаввуфий руҳдаги панду ҳикматга йўғрилган асарлари нафақат Туркистон, балки Қашқардан тортиб Этел (Волга), Ёйиқ (Урал) дарёлари воҳалари, Ҳожитархон (Астрахан), Булғор, Оренбург ва бошқа минтақаларда яшовчи халқлар орасида ҳам кенг тарқалган. Улар кўп нусхаларда кўчирилган. XIX асрнинг охирларига келиб эса Тошкент, Қозон, Боку, Истанбул ва бошқа шаҳарларда тошбосма йўли билан бир неча марта босилиб чиққан.
“Саботул ожизин” ўз туридаги бошқа китоблардан фарқли равишда ўқувчини зериктирадиган узун ҳам, маълумоти оз ҳам эмас, балки ўртача шаклда ёзилган китобдан иборатлиги, асар лафзи ёрқинлиги, иборалари енгиллиги, керакли маълумотларни қисқа лафзлар билан ўзида мужассам этгани ҳамда ақида илмини тўлиқ тушуниш ва терминларини ёдлаб қолишни енгиллаштиргани аниқланган.
Сўфи Аллоҳёр бу асарда бошқа асарларидаги каби эътиқод софлиги, ақидавий масалаларга доир кўплаб муҳим маълумотларни бериб ўтган. Хусусан, алломанинг фикрича, ақидани билиш, ўрганиш, ҳаётга татбиқ этиш, ўзига шиор қилиб олишга алоҳида эътибор қаратиш керак. Буни аллома бир оғиз сўз билан қуйидаги услубда баён қилгани фикримиз тасдиғидир:
Ақида билмаган шайтона элдур,
Агар минг йил амал деб қилса, елдур.
Демак, ақидани яхши ўрганиб, тушуниб, англаб, аслини сўраб-суриштириб, сўнг унинг қийматига баҳо бериш керак.
“Саботул ожизин” асари фиқҳий, ақидавий илмий-назарий ва тарихий-тадрижий асосларини ўрганувчи муҳим манбалиги исботланиб, ихтилофга сабаб бўлган айрим фиқҳий ва ақидавий масалаларнинг ечими очиб берилган.
Мазкур асар мустабид тузум даврида баъзи шахслар томонидан нотўғри талқин қилинган. Унга атеистик нуқтаи назардан баҳо берилган. Ундаги маълумотлар ўқувчини йўлдан оздириши, бир тарафлама фикрлайдиган қилиб қўйиши айтиб ўтилган.
Сўфи Аллоҳёр ақидага оид масалаларни ишончли далиллар асосида келтириб ўтган ва бунда оят ва ҳадислардан ўринли фойдаланган. Ўрни келганда, оддий лафзларга қараб эмас, балки азал-азалдан ўлкамизда тадбиқ этиб келинаётган ўлмас қадрият ва урфий амални асос қилиб олиб, бу масаладаги мавжуд ихтилофларни илмий йўл билан ечиб берганлиги асослантирилган.
“Саботул ожизин” аҳли сунна вал жамоа эътиқодини назмий услубда баён этган мўътабар асар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам улуғ устозлардан бири бу асарни “Саботул ожизин” мағзи Қуръондир”, дея лўнда таърифлаган. Асар аҳли илмларни доимо ўзига жалб этиб келган. Шу сабабли унга кўплаб шарҳлар ёзилган ва ёзилмоқда.
Халқимиз орасида алоҳида “Оллоёрхонлик” кечалари ўтказилиши, унинг байтлари ҳатто оддий халқ тилларида ёддан ўқиб юрилишининг ўзи унинг манзур бўлганига ва халқ кўнглидан жой олган муҳим асар эканини кўрсатади. Шу боис ҳам бу асар турли даврларда турли давлатларда қайта-қайта нашр этилган. Масалан, Тошкентда 1882, 1884, 1905, 1915 йилларда, Қўқонда 1890 йилда, Когонда 1910 йилда, Тошкентда 1991, 2007 йилларда қайта нашр қилинган. Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Афғонистон, Татаристон, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Хитой, Венгрия, Россия каби давлатларда ҳам нашр этилгани асарга талаб жуда катта бўлганидан далолат беради.
“Саботул ожизин” асарининг сақланаётган нусхалари орасида турли тафовутлар мавжуддир. Шунга кўра Ўзбекистонда таниқли олим Рашид Зоҳид томонидан 94 қўлёзма ва 61 тошбосма матнларини ўзаро қиёслаб, асарнинг энг ишончли матни тайёрланган. Бу матн нашр этилган.
Табиийки, “Саботул ожизин” қўлма-қўл ўтиб ўқиб юриладиган машҳур асар бўлганидан унга кўплаб шарҳлар ёзилган. Хусусан, қозонлик олим Тожуддин Ёлчиқул ўғли ҳижрий 1221/1806 йилда бу асарга “Рисолаи Азиза шарҳу “Саботул ожизин” номли шарҳ ёзган. У 1835 йил Қозонда, 2000 йил Ўзбекистонда нашр этилган. Асар “Саботул ожизин”га ёзилган биринчи шарҳ китоби бўлгани учунми унда матн тарихи, матн талқини билан боғлиқ нуқсонлар учрайди. Шарҳ муқаддимасида Сўфи Аллоҳёрнинг таржимаи ҳоли ҳақида келтирилган маълумотларнинг тарихий асосга эга эмаслигини кўриш мумкин. Шундай тўқима, ривоятнома далиллар айрим байтлар шарҳида ҳам кузатилади. Салоҳиддин ибн Ровил Салимий Қозонийнинг “Иршод ул-ъоизийн” асари 1911 йилда Қозонда нашр этилган. Ушбу асарнинг тошбосма нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида 9320 рақами остида сақланмоқда. Саййид Ҳабибуллоҳ ибн Саййид Яҳёхон Фарғоний, Қобулийнинг “Ҳидоятут толибийн шарҳу “Саботул ожизин Сўфи Аллоҳёр” китоби 1928 йил Покистонда, 2009 йилда Тошкентда чоп этилган. Шайх Муҳаммад Саъийд Туркистонийнинг “Саботул ожизин шарҳи” асари Дамашқда 1967 йил нашр қилинган, Тўрахўжа ибн мулла Сорийхўжа Ўзгандийнинг “Шарҳу саботул ожизин” китоби араб тилида ёзилган. Ўзбек тилидаги асарни араб тилида шарҳлаганининг сабаблари ҳақида муаллиф шундай ёзган:
“Халил (соллаллоҳу алайҳи васаллам) миллатининг чироғи, комил шайхга нисбат берилган “Саботул ожизин” китоби толиби илмлар қўлларида қўлма-қўл бўлган, кўплаб насиҳатлар ва латиф сўзларни ўзида жамлаган, улуғвор араб тилидаги ҳамда ёқимли тиллар бўлган форс ва туркий тиллардаги сўзлар билан битилган китоб бўлгани учун баъзи дўстлар бу заиф бандадан ушбу китобнинг тилини баён қилиб берадиган, ундан ирода қилинган маъноларини очиб берадиган шарҳ ёзишни илтимос қилдилар. Мен бу китобни араб тилида шарҳладим. Чунки араб тили баёни очиқ-ойдин бўлган ва Қуръон нозил бўлган тилдир (қисқартириб олинди)”
Араб тилида ёзилган бу шарҳнинг қўлёзма нусхаси Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида 1427 рақам остида сақланмоқда.
Асарнинг марказида – инсон ва унинг маънавий комиллик сари интилиши туради. Бу комилликнинг асосий шарти – нафсдан покланиш, дунёвий манфаатлардан воз кечиш ва Аллоҳ муҳаббатига етишишдир. Муаллиф суфий таълимотга таянади ва унинг асосий босқичларини шундай акс эттиради.
Оятуллоҳ Айниддин, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказий бўлим бошлиғи, Имом Термизий ўрта махсус исломтаълим муассасаси мударриси.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати