Сохта салафийлар шундай даъво қилишади: "Ашъарийлар ва мотуридийлар "Аллоҳ макон ва томондан беҳожатдир" дейишади. Агар ҳеч бир макон ва томонда бўлмаса, Аллоҳ умуман йўқ бўлиб қолади. Демак, улар йўқ зотга, яъни умуман мавжуд бўлмаган илоҳга ибодат қилишар экан-да!"
Эътибор беринг улар бу ерда калом илмини ишлатишяпти.
– Келинг, аввало, калом илмига оид бу икки атамани кўриб чиқамиз:
• «Макон» (المكان) – бу жисм (الجسم)нинг узунлиги, кенглиги ва баландлиги билан тавсифланган бўшлиқ.
• «Томон» (الجهات) – бу икки объект орасидаги нисбий тушунча, агар бу икки объект бўлмаса, бу нисбийлик ҳам йўқ.
Калом илми, Қуръон ва ҳадис матнларидан маълумки, Аллоҳ бор эди ва У билан бирга ҳеч нарса йўқ эди, яъни: олам (العالم): инсонлар, жинлар, фаришталар, ҳайвонлар ва ўсимликлар олами, Ер, осмонлар, Арш ва бошқа ҳамма нарса Аллоҳ борлигида мавжуд бўлмаган.
Шундай қилиб, агар У зотдан макон ва томонни инкор қилиш Унинг мавжудлигини инкор қилишга олиб келса, демак, бу мантиққа кўра, олам яратилишидан олдин Аллоҳ ҳам йўқ бўлгани келиб чиқади.
— Иккинчидан, ниманидир пайдо қилиш учун макон ва томон бўлиши шарт эмас. Масалан:
1. Зайд Макка шаҳрида яшайди.
2. Макка Арабистон ярим оролида, яъни Ерда жойлашган.
3. Ер Қуёш тизимида жойлашган.
4. Қуёш тизими «Сомон йўли» галактикасида.
5. Сомон йўли коинотда жойлашган.
Лекин коинот қаерда жойлашган? Ҳеч қаерда. Шундай экан, биз коинот мавжуд эмас, деб айта оламизми? Табиийки йўқ.
Хулоса, "салафийлар"нинг юқоридаги даъволари мутлақо асоссиздир.
Кўкалдош ўрта махсу ислом билим юрти ходими
Рустам Охунжонов тайёрлади
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати