Фатво маркази томонидан яна бир қулай хизмат ишга туширилди!
Энди Сиз қаерда бўлманг — юртимизнинг исталган вилоятидами ёки чет элда мусофирмисиз — Муборак Рамазон ойи саҳарлик ва ифторлик вақтларини ҳамда кунлик намоз вақтларини аниқ ва ишончли манбадан билишингиз мумкин.
@fatvouz_taqvim_bot — айнан Сиз турган локация бўйича Рамазон ва намоз вақтларини аниқ ҳисоблаб берадиган махсус телеграм бот.
Телеграм бот афзалликлари:
Фатво маркази тақвим мезонлари асосида ишлайди;
Локацияни автоматик аниқлайди;
Ўз вақтида фойдали эслатмалар юборади;
Ноаниқ манбалардан фойдаланишга ҳожат қолмайди.
Бу қулайлик билан Рамазони карим ва ундан бошқа ойларда ҳам ибодатларингиз янада тартибли ва барокатли бўлади, иншааллоҳ.
Ушбу қулайликни яқинларингизга ҳам улашинг: @fatvouz_taqvim_bot
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати