Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Сентябр, 2026   |   7 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:47
Қуёш
06:06
Пешин
12:17
Аср
16:38
Шом
18:32
Хуфтон
19:47
Bismillah
18 Сентябр, 2026, 7 Рабиъус сони, 1448

Аллоҳдан хафа бўлманг!

20.02.2026   20618   2 min.
Аллоҳдан хафа бўлманг!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Дарахт шохига қўнган митти чумчуқ маюс ҳолатда, бошини эгиб ўтирарди. Орадан неча кунлар ўтсада чумчуқ сайрамас, ҳатто ён-атрофга ҳам қарамасди.

Фаришталар ҳайратда қолишди ва Aллоҳдан сўрашди: “Нега бу чумчуқ жим бўлиб қолди?”.

Aллоҳ: “Унинг қалбида нима яширинганини фақат Мен биламан”, деб жавоб берди.


Ошкору махфий ишларни билиб турувчи Зот – Aллоҳ таоло: “Қалбингга нима озор беряпти?” деб сўради.

Фаришталар ҳам чумчуқнинг жавобини интизорлик ила кутишди.

Чумчуқ титроқ овоз ва маҳзунлик билан: “Менинг битта кичкина уям бор эди. Чарчасам у ерга дам олиш учун қайтардим. Совуқ бўлганда исиниб олардим. Ҳеч кимга озор бермасдим. Бу кенг дунёга кичик бир уйим сиғмади. Тўсатдан бўрон келиб, уни вайрон қилди. Мен уйсиз қолдим”, дедию бошқа гапира олмади.


Орага жимлик чўкди. Фаришталар ҳам жим бўлиб, Аллоҳ таолонинг жавобини кутардилар.

Шунда Aллоҳ: “Эй чумчуқ, сен менинг қулим эмасмисан?” деди.

“Ҳа, мен Сенинг қулингман”, деди чумчуқ.

“Унда нега раҳматимдан норозисан? Тақдиримга таслим бўлмайсан?” деб марҳамат қилди Аллоҳ таоло.


Шундан сўнг Aллоҳ чумчуқнинг ини нега бузилганининг ҳикматини билдирди.

“Сен уянгда дам олаётганингда, илон емиш қидириб, сенинг инингга қараб келаётган эди. Шунда сени хавфдан қутқариш учун шамолга бўрон қўзғашни буюрдим. Уянг вайрон бўлди, лекин ҳаётинг сақланиб қолинди”.

Чумчуқнинг кўзларидан ёш оқди. Аллоҳнинг раҳматидан ҳайратда қолган чумчуқ: “Кечир, Aллоҳим, мени кечир, Роббим”, дея олди фақат.


Банда кўпинча Aллоҳ таолонинг ҳикматини англаб етмайди. Инсон йўқотган нарса жазо эмас, балки мукофот бўлиши ҳам мумкин. Синовлар – яширин раҳматдир. Aллоҳнинг танлови бизникидан яхши ва Унинг раҳмати чексиз ҳамда ҳар бир нарсани қамраб олган.

Aллоҳим, бизни тақдирингга таслим бўлувчи, неъматларингга шукр қилувчи, ҳикматларингни тафаккур этадиган бандаларингдан қилгин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари — илмий кенгаш йиғилишида муҳокама қилинди

16.09.2026   20987   4 min.
Халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари — илмий кенгаш йиғилишида муҳокама қилинди

Халқаро медиа майдонида йўлга қўйилаётган янги ҳамкорликлар ва илмий-маданий лойиҳалар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро фаолиятини янги босқичга олиб чиқмоқда. Яқинда ўтказилган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар” халқаро медиафоруми доирасида бошланган ҳамкорликларнинг кейинги босқичи сифатида Париж шаҳридаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида махсус тақдимот, халқаро илмий-амалий конференция ва кўргазма ўтказиш режалаштирилган. Мазкур лойиҳаларнинг натижалари ва уларга тайёргарлик жараёни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинди.


Йиғилишда Илмий кенгаш аъзолари, олим ва тадқиқотчилар ҳамда тегишли йўналишлар учун масъул ходимлар иштирок этди.


Унда дастлаб халқаро медиафорумнинг натижалари таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, мазкур форум Марказнинг халқаро ахборот ва илмий майдондаги фаолиятини кенгроқ намойиш этиш, хорижий журналистлар, медиа экспертлар, олим ва тадқиқотчилар билан янги профессионал алоқаларни йўлга қўйиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.


Форум давомида Марказнинг илмий-тадқиқот салоҳияти, Ўзбекистон ҳудудида шаклланган исломий илм-фан ва маданият мероси, шунингдек, ушбу меросни замонавий медиа воситалари орқали халқаро аудиторияга етказиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Хорижий ОАВ вакилларининг Марказ фаолиятига билдирган қизиқиши ҳамда ўзаро мулоқотлар келгусидаги ҳамкорликлар учун янги имкониятларни шакллантиргани таъкидланди.


Шу муносабат билан форум доирасида йўлга қўйилган алоқаларни изчил давом эттириш, халқаро ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш, Марказнинг илмий лойиҳалари ва тадқиқотларини халқаро аудиторияга кенгроқ етказиш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.


Илмий кенгаш йиғилишида Марказнинг халқаро илмий-маданий ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган истиқболли лойиҳалардан бири — Париж шаҳридаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида ўтказилиши режалаштирилаётган махсус тақдимот, халқаро илмий-амалий конференция ва кўргазма лойиҳасига тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.


Мазкур тадбирлар орқали Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг илмий-тадқиқот фаолияти, мамлакат ҳудудида шаклланган илм-фан, маърифат, маданият ва тарихий мероснинг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги ўрнини халқаро илмий жамоатчиликка кенгроқ танитиш мақсад қилинган.


Айни пайтда лойиҳа доирасида халқаро олим ва тадқиқотчиларни тадбирларга жалб этиш, илмий муассасалар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, тақдимот ва конференция дастурини шакллантириш, шунингдек, кўргазма экспозицияларини илмий ва мазмун жиҳатдан тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.


Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳаммедов Париждаги тадбирларга тайёргарлик жараёни ҳақида маълумот берди:

“Франциядан 50 га яқин олим ва тадқиқотчига таклифномалар юборилган. Шунингдек, бошқа халқаро ташкилотлар ва илмий муассасалар вакилларини жалб этиш бўйича ҳам тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбирнинг яна бир муҳим қисми — ЮНЕСКО Бош қароргоҳида ташкил этиладиган кўргазма лойиҳаси. Беш экспозициядан иборат кўргазма орқали Ўзбекистон ҳудудида шаклланган илм-фан, маданият ва тарихий мероснинг муҳим жиҳатларини халқаро жамоатчиликка намойиш этиш режалаштирилган. Кўргазма учун 35 та муҳим артефакт ва 200 га яқин қадимий китоб, шунингдек, тарихий обидалар макетларини тақдим этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда”.


Илмий кенгаш аъзолари томонидан мазкур лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти, илмий асосланганлиги ва уларни халқаро аудиторияга тақдим этиш усуллари юзасидан ҳам фикр алмашилди.


Хусусан, кўргазма экспозицияларини шакллантиришда тарихий манбаларнинг илмий қиймати, артефактларнинг тарихий аҳамияти ва уларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги ислом цивилизацияси тараққиёти билан боғлиқ жиҳатларини аниқ ва ишончли маълумотлар асосида ёритиш муҳимлиги қайд этилди.


Шунингдек, халқаро аудиторияга тақдим этиладиган материалларда Ўзбекистон заминида юзага келган илмий мактаблар, буюк алломаларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда бугунги кунда ушбу илмий-маърифий меросни ўрганиш ва оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар кенг қамраб олиниши зарурлиги таъкидланди.


Йиғилиш якунида халқаро медиафорумда эришилган натижаларни амалий лойиҳалар билан давом эттириш, хорижий ОАВ ва илмий муассасалар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, Париж шаҳридаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида ўтказилиши режалаштирилган тадбирларга тайёргарлик ишларини юқори савияда ташкил этиш ҳамда Марказнинг илмий-тадқиқот фаолияти ва Ўзбекистоннинг бой исломий илмий-маданий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди. 

 

iccu.uz

Халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари — илмий кенгаш йиғилишида муҳокама қилинди
Ўзбекистон янгиликлари