Бугун Жиззах вилоятида ушбу муборак ойнинг файзу баракаси яққол сезилмоқда. Воҳадаги 170 та масжидда таравеҳ намозлари мунтазам адо этилмоқда. Уларнинг 124 тасида 208 нафар қори томонидан хатми Қуръон қилинмоқда. Бу рақамлар — қуруқ статистика эмас, балки юзлаб қалбларнинг Қуръон нуридан баҳраманд бўлаётганининг амалий ифодасидир.
Таравеҳ намозлари вилоятдаги барча масжидларда бир хил вақтда — соат 20:30 да бошланмоқда. Бу тартиб ва интизом ибодатда ҳамжиҳатликни таъминлаб, жамоатни ягона мақсад атрофида бирлаштирмоқда. Ислом манбаларида таъкидланганидек, таравеҳ намози Рамазон ойига хос суннат амаллардан ҳисобланади ва асрлар давомида мусулмон уммати томонидан адо этиб келинмоқда.
Таравеҳ намозлари 27 кун давомида ўқилиб, Лайлатул қадр кечаси билан якунланади. Лайлатул қадр — Қуръон нозил бўла бошлаган, минг ойдан яхшироқ деб васф этилган муборак кечадир. Ушбу муборак тун арафасида хатми Қуръон қилиш юртдошларимиз учун улкан маънавий ютуқ, қалблар учун беқиёс зиё манбаидир.
Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Жиззах вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Меҳмонхон Жабборов таъкидлаганидек:
— Аллоҳ кечиргувчи ва Ул зот кечиримлиларни яхши кўради. Рамазон — нафақат рўза тутиб, гуноҳлардан тийилиш, балки бир-биримизни кечириш, кимнидир ранжитган бўлсак, узр сўраш ойидир.
Дарҳақиқат, бу ой инсонни нафс билан курашга, бағрикенгликка, меҳр-оқибатга чорлайди. Масжидлардаги маърифий суҳбатлар, Қуръон тиловати ва жамоат ибодати — барчаси жамият маънавиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда имом-хатиблар ҳомийлар кўмагида эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиб, уларнинг уйларида ифторликлар ташкил этмоқдалар. Турли озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилиши Рамазоннинг саховат ва ҳамдардлик руҳини янада мустаҳкамламоқда. Бу ишлар «Инсон қадри учун» тамойилининг амалий ифодасидир.
Масжид — фақат ибодат жойи эмас, балки маърифат, тарбия ва ҳамжиҳатлик маскани. Рамазон ойида бу масканлар янада файзли, янада гавжум бўлади. Қуръон садоси остида инсон ўз қалбини тинглайди, хатоларини англайди, эзгуликка интилади.
Жиззахдаги бу манзара — юртимизда диний-маърифий ҳаёт барқарор ва изчил ривожланаётганининг ёрқин ифодасидир. Тартиб-интизом, жамоатчилик бирдамлиги ва саховатпешалик — барчаси Рамазоннинг мазмун-моҳиятига мос тарзда намоён бўлмоқда.
Рамазон — кечирим ойи;
Рамазон — бирдамлик ойи;
Рамазон — қалбларни нурга тўлдириш ойи.
Жиззахда эса бу нур 170 масжиддан таралиб, минглаб хонадонларга зиё бахш этмоқда.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА
Сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида тарихий меросни асраш, уни замонавий талаблар асосида ривожлантириш ҳамда зиёрат туризмини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қайта барпо этилган мажмуада зиёратчилар учун барча қулайликлар муҳайё этилган. Мажмуа ҳудудида 15 гектар майдонда барпо этилган инфратузилма доирасида тўрт ва уч юлдузли меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари ҳамда автотураргоҳлар қурилган. Барча объектлар замонавий коммуникация тармоқлари билан таъминланган бўлиб, ҳудудда ободонлаштириш ишлари ҳам юқори савияда амалга оширилган. Бу ўзгаришлар натижасида мажмуа бир кунда 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, зиёрат туризмининг ривожига катта ҳисса қўшмоқда.
Мажмуада 10 минг кишига мўлжалланган улкан масжид, 154 устунли миллий услубдаги муҳташам айвон ва маъмурий бинолар барпо этилган. 9 павильондан иборат инновацион музейда эса Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида кенг маълумотлар жамланган. Музей экспозицияларида Қуръонда номи зикр этилган пайғамбарлар тарихи, ҳадис илмининг шаклланиши ва ривожи ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар ўрин олган.
Қадамжода 14 та мовий гумбаз ва 75 метрлик 4 та минора мажмуага улуғвор қиёфа бағишлаган. Пресс-тур иштирокчилари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ҳам бўлиб, унинг фаолияти, илмий салоҳияти ва амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Жорий йил 27 март куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилганига 9 йил тўлди. Марказнинг ташкил этилиши мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг яққол амалий натижаси бўлиб, у аждодларимизнинг бебаҳо илмий ва маънавий меросини, ислом илмларини чуқур ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишда муҳим илмий платформага айланди.
– Бутун мусулмон оламида ҳадис илми ҳақида гап кетса, Имом Бухорий номи алоҳида тилга олинади, – дейди марказнинг илмий-тадқиқот ишлари бўйича директор ўринбосари Отабек Муҳаммадиев.
– Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” китоби дунёда тан олинган энг мўътабар олтита ҳадис китобидан биридир. Ўн ёшидан бошлаб ҳадис илмини ўрганган аллома бобомиз 20 дан ортиқ асар ёзганлар. Музейимиздан ўрин олган ҳар бир экспозиция буюк бобокалонимизнинг ҳаёти ва фаолиятидан сўзлайди. Хуллас, янгиланган мажмуа бугунги кунда нафақат зиёратгоҳ, балки илм-маърифат, тарбия ва маънавий юксалиш маскани сифатида хизмат қилмоқда. Бу эса мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, миллий ва диний меросни асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган изчил сиёсатнинг ёрқин намунасидир.
Тадбир давомида марказ фаолиятига бағишланган тақдимот ўтказилиб, сўнгги йилларда амалга оширилган илмий тадқиқотлар, нашрлар, халқаро ҳамкорлик алоқалари ва маънавий-маърифий лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Иштирокчилар қўлёзмаларни реставрация қилиш ва консервациялаш лабораториясида бўлиб, нодир қўлёзмаларни асраш ва ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
– Бугунги кунда фондимиздаги мингга яқин қўлёзма китоблар мавжуд бўлиб, уларнинг орасида реставрацияга муҳтож китоблар ҳам бор, – дейди марказнинг илмий ходими Бахтиёр Иботов. – Бу китобларнинг барчаси қўл меҳнати орқали реставрация қилинади ва табиий ашёлардан фойдаланилади. Реставрация жараёнида китобнинг асл ҳолати ва кўринишига алоҳида эътибор қаратамиз. Унга бошқача тузатишлар киритилишига йўл қўйилмайди. Ҳар бир китобни реставрация қилиш учун унинг ҳолатига қараб уч ойдан икки йилгача вақт талаб этилади. Бизда конвейер усули қўлланилмайди. Ҳар бир ходимимиз муқовани, саҳифани ҳамда китобни тикиш жараёнини тўлиқ бажара олиши керак. Шунинг учун ходимларимиз доимий равишда юртимизда ва хорижий давлатларда малака ва билимларини ошириб боради.
Пресс-тур доирасида ОАВ вакиллари мажмуага саёҳат қилиб, қимматли маълумотларга эга бўлди.
А. Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА