Ҳурматли Президентимизнинг «Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи» деган эзгу ғояси асосида Тошкент вилоятида эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилаларга ифторлик дастурхонлари ёзиляпти.
Бу хайрли ишда диний соҳа ходимлари билан бирга давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам фаол қатнашяпти.
Чиноз тумани имомлари ташаббуси билан ҳудуддаги 40 та маҳаллада эҳтиёжманд хонадон аҳллари учун ифторлик дастурхонлари ёзилди.
* * *
Қибрай тумани «Ҳожи Туроб ўғли ҳожи Абдуллоҳ» жоме масжиди имом-хатиби Баҳодир домла Тошкент давлат Аграр университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, Бобур номидаги маҳалла раиси, фаоллар билан биргаликда мазкур маҳаллада яшовчи боқувчисини йўқотган оилага ифторлик қилиб беришди.
* * *
Паркент тумани «Бешкаппа» масжиди имом-хатиби Миршавкат домла Тўйчиев муҳтож бир оилага ифторлик ташкил қилди.
* * *
Оҳангарон тумани «Санам» маҳалласида яшовчи эҳтиёжманд оилага Тошкент вилояти сув таъминоти АЖ масъуллари Оҳангарон туман имомлари билан биргаликда ихчам ва самимий ифторлик дастурхони ёзилди.
* * *
Олмалиқ шаҳар «Ҳилол» масжиди имом ноиби Муртазохон домла Абдуллахонов «Кўрпасой» маҳалласида яшовчи боқувчисини йўқотган хонадон учун ифторлик дастурхони ёзиб, уларнинг кўнглини кўтарди.
Шаҳардаги «Рамазони шариф» масжиди имом ноиби Муҳриддин домла Исмоилов Абдулла Авлоний номидаги маҳаллада яшовчи жисмоний имконияти чекланган фуқарога ҳомийлар кўмагида ифторлик учун зарур маҳсулотларни етказиб берди.
* * *
Қуйи Чирчиқ тумани «Пахтазор» маҳалласида тумандаги 34 та маҳаллада яшовчи эҳтиёжманд хонадонлар учун ифторлик дастурхонлари ёзилиб, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳити янада мустаҳкамланди.
* * *
Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳамда туман бош имом-хатиби Фарҳод домла Қорабоев Оққўрғон тумани «Қўрғонтепа» маҳалласида истиқомат қилувчи II гуруҳ ногирони, боқувчисиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бир фуқарога ифторлик ташкил этишди.
* * *
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул айласин!
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида фуқаролар билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, аҳолини қийнаётган муаммоларга ижобий ечим топиш мақсадида навбатдаги қабул жараёни ўтказилди.
Тадбир давомида Муфтий ҳазратларининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков юртимизнинг турли ҳудудларидан келган фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаатларини тинглади.
Мулоқотлар давомида асосий эътибор оилавий муносабатларни соғломлаштириш, муҳтожларга ижтимоий кўмак бериш, ҳаж масаласи ва бошқа диний-маърифий мавзуларга қаратилди.
Ҳар бир мурожаат алоҳида синчковлик билан ўрганилиб, фуқароларга шариат аҳкомлари ва амалдаги қонунчилик доирасида батафсил тушунтиришлар берилди. Кўплаб масалалар ижобий ҳал этилган бўлса, қўшимча вақт талаб қиладиган мурожаатлар тегишли бўлим мутахассисларига йўналтирилиб, ижроси назоратга олинди.
Бундай тизимли мулоқотлар инсон қадрини улуғлаш ва жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати