Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Феврал, 2026   |   9 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:44
Қуёш
07:03
Пешин
12:41
Аср
16:26
Шом
18:14
Хуфтон
19:26
Bismillah
26 Феврал, 2026, 9 Рамазон, 1447
Мақолалар

Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча имкониятлар белгиланди

24.02.2026   12200   9 min.
Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча имкониятлар белгиланди

Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан мулоқоти бўлиб ўтди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги студиялар орқали 60 мингдан зиёд ёшлар вакиллари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари йиғилганларни самимий қутлаб, юртимиздаги 22 миллиондан зиёд ёшларимиз жуда катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий куч эканини таъкидлади. Барча даражадаги раҳбарлар ёшларни тил ва касб-ҳунарга ўргатиш, спортга жалб этиш, ғоя, лойиҳа ҳамда стартапларига кўмак бериш, уларни ишли ва даромадли қилиш бўйича янада фаол ишлаши, бирорта йигит-қизни эътиборсиз қолдирмаслиги зарурлиги қайд этилди.

Йиллар давомида яратилган имкониятлар натижасида ёшларимиз жаҳон фан олимпиадаларида 66 та олтин, 147 та кумуш, 221 та бронза медалини қўлга киритди. Гарвард, Йель, Принстон, Колумбия, Корнелл каби нуфузли олийгоҳларда таҳсил олаётган талаба ёшларимиз 500 нафардан, ТОП-100 таликдаги олийгоҳларда ўқиётган йигит-қизларимиз 3,5 минг нафардан ошди. Ёшларимиз яратган 63 та стартап лойиҳаси АҚШ, Жанубий Корея, Буюк Британия ва Бирлашган Араб Амирликлари бозорларига кириб борган. Ёш спортчиларимиз халқаро ареналарда 720 та олтин, 671 та кумуш, 854 та бронза медалининг соҳиби бўлди. Бугун ёш тадбиркорлар юртимиздаги бизнес вакилларининг 35 фоизини ташкил этмоқда.

Шу маънода, Ўзбекистон Ёшлар тараққиёти глобал индексида энг тез суръатларда ривожланаётган давлат деб эътироф этилгани бежиз эмас. Жорий йилда Тошкент шаҳрида Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати бош қароргоҳи ташкил этилиши, Самарқанд шаҳрида Ёшлар парламенти аъзоларининг 12-глобал конференцияси, “Take Off” халқаро стартап саммити ва 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўтказилиши бу мақомни янада мустаҳкамлайди.

Давлатимиз раҳбари ҳар йили 600 минг ёш меҳнат бозорига кириб келаётгани, 2030 йилга бориб, бу кўрсаткич 1 миллионга етишини қайд этиб, ёшларга ўз имконияти ва қизиқишига мос иш топиши учун шароит яратиш энг муҳим масала эканини кўрсатиб ўтди.

Ёшлар ўртасидаги сўровнома натижасига кўра, уларнинг учдан бири тадбиркор бўлиш истагини билдирган.

Ўтган йили ёшлар бандлигини таъминлаш учун банклар ва Ёшлар ишлари агентлигига 400 миллион доллар йўналтирилгани, “Ёшлар бизнеси” ва “Келажакка қадам” дастурлари ҳисобидан 15 минг нафар ёш ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиб, 50 минг кишини иш билан таъминлагани таъкидланди.

Бу ишларнинг давоми сифатида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилиши эълон қилинди.

Бунда молиялаштириш имкониятлари кенгайтирилади: ўзини ўзи банд қилган ёшлар учун кредит миқдори 100 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади. Ёш тадбиркорларнинг лойиҳалари учун 10 миллиард сўмгача кредит ажратиш мумкин бўлади. Инновацион стартап лойиҳаларига 100 минг долларгача инвестиция киритишга рухсат берилади. Сервис ва умумий овқатланиш соҳасида 1 мингдан зиёд иш ўрни яратган маҳаллий брендлардан франшиза олиб, филиал очишга қизиққан ёшлар учун қулай молиялаштириш пакетлари жорий қилинади.

Жорий йилдан “Келажак тадбиркори” дастури ишга туширилиб, ёш тадбиркорларга 7 йил муддатгача 15 фоизли кредит ажратиш йўлга қўйилади. Хусусан, ўзини ўзи банд қилган ёшларга гаровсиз 20 миллион сўмгача, тадбиркорлик кўникмасига эга бўлиб бизнес бошлаётганларга 300 миллион сўмгача, фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлганларга 2 миллиард сўмгача, камида 5 нафар битирувчини ишга олган тадбиркорларга эса 10 миллиард сўмгача кредит берилиши белгиланди.

Шунингдек, тадбиркорликни энди бошлаётган ёшларнинг 30 фоизи бизнес кўникмаси етишмаслиги сабаб қийинчиликка учраётгани қайд этилди. Шу боис, ҳар бир ҳудудда тадбиркорликка ўқитиш, ғояни бизнесга айлантириш, бухгалтерия, банк, маркетинг, ички ва ташқи бозорларга чиқиш бўйича комплекс хизмат кўрсатадиган “Ёшлар бизнес инкубатори” ташкил этилади.

Нuфузли хорижий олийгоҳлар илғор тажрибалар асосида ёшларни тадбиркорликка ўқитишда ҳамкорлик қилишга тайёр экани қайд этилиб, камида 40 минг ёшни бизнесга ўргатадиган “Янги авлод тадбиркорлари” дастурини бошлаш белгиланди. Дастурни муваффақиятли тугатган энг яхши 1 минг нафар ёшнинг лойиҳасига уч йил муддатга 200 миллион сўмгача 7 фоизли ссуда берилади.

Ҳар йили “Ёш тадбиркорлар” танлови ўтказилиб, энг яхши 100 та лойиҳани брeндга айлантириш учун “Ёшлар венчурс” жамғармасидан 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади.

1 мартдан янги иш бошлаётган ёш тадбиркорларга инфратузилмага уланиш билан боғлиқ давлат хизматларининг харажатлари Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.

Ижтимоий ташаббуслар бўйича “Фикрингни бер (Voice Up)” инклюзив оромгоҳи тажрибаси кенгайтирилиб, уни ҳар бир ҳудудда ўтказиш ва 1 минг нафар ёшни қамраб олиш, энг яхши ташаббуслар иштирокида Самарқанд шаҳрида Халқаро инклюзив ёшлар оромгоҳини ташкил этиш вазифаси белгиланди.

“Ўсиш ва ривожланиш (Upshift)” лойиҳаси доирасида бу йил медиа, дизайн, ҳунармандчилик, ишлаб чиқариш ва инновация йўналишларида ҳам танлов ўтказилади. Энг яхши 40 та стартапни молиялаштириш учун 2 миллиард сўм ажратилади.

Техникумларда таълим дастурларини иш берувчилар талаби асосида янгилаш, дуал таълимнинг қамровини кенгайтириш, моддий-техник базани яхшилаш бўйича вазифалар белгиланди.

Техникумларга ҳам олийгоҳлар каби “spin-off” очишга рухсат берилиб, ўқувчиларнинг стартап лойиҳаларига 1 миллиард сўмгача ажратилади. Жорий йилдан техникум ўқувчилари учун ҳам “Ишла ва саёҳат қил (Work and travel)” дастури асосида 6 ой хорижда ишлаб, қўшимча даромад топиш имконияти яратилади, иштирокчиларга йўлкира харажатлари учун ссуда ажратилади.

Хорижий тил сертификатига эга ёшларни қўллаб-қувватлаш механизми самара бергани таъкидланиб, сертификат олган ёшлар 600 мингдан ошгани, хорижий тилларни мукаммал биладиган 72 минг инструктор шакллангани айтилди. Хусусий ўқув марказларининг сони 3 карра кўпайиб, 38 мингдан ошган.

Хусусий ўқув марказлари уюшмасини ташкил этиш ташаббуси қўллаб-қувватланиб, уюшма аъзоси бўлган марказларга биносини ижарага берган тадбиркорлар ижарадан олинадиган даромад ва фойда солиғини тўлашдан озод этилади. Бундай марказлар ўқитувчиларини илғор таълим марказларига стажировкага юбориш амалиёти йўлга қўйилади.

“Кўмак” дастури доирасида олис ва чекка ҳудудларда хорижий тил ўқув марказларининг фаолиятини кенгайтириш учун 300 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилади. Олис ҳудудлардаги ўқув марказлари ижтимоий солиқни 1 фоиз, ўқитувчилар учун даромад солиғини 7,5 фоиз миқдорида тўлайди (ҳозир 12 фоиз).

Жойларда эҳтиёжманд оилалардаги ёшларни бепул ўқитадиган ўқув марказларига қўшимча имтиёзлар берилиши белгиланди: ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади, коммунал харажатларининг ярми қоплаб берилади, ўқитувчиларга тўланган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ “кешбек” тариқасида қайтарилади.

Волонтёрлик фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Юртимизда ҳуқуқий асослар яратилгани ҳисобига волонтёр ёшлар 5 карра кўпайиб, экология, тиббий хизмат, таълим, фавқулодда вазиятларда кўмаклашиш йўналишларидаги волонтёрлар сони 100 мингдан ошгани айтилди.

 Волонтёрлик ҳаракатини ривожлантириш бўйича Васийлик кенгашини тузиш, Ёшлар ишлари агентлигида “Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш” жамғармасини ташкил этиш режалаштирилди. Жамғармага ҳар йили бюджетдан 20 миллиард сўм, қўшимча равишда маҳаллий бюджетлардан 3 миллиард сўмдан ажратилади. Шунинг ҳисобидан волонтёрлик лойиҳаларига 100 миллион сўмгача грант берилади, “ижтимоий фаоллик картаси” орқали балл тизими жорий этилади.

Йиғилишда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, китобхонликни оммалаштириш масалалари ҳам кўтарилди.

Ёш оилалар учун уй-жой ипoтека дастури доирасида кредит ставкасининг 14 фоиздан ошган қисми бюджетдан қоплаб берилиши айтилди.

“Китобхонлик маданиятини ривожлантириш” жамғармаси орқали энг истеъдодли ёзувчиларга ижодий буюртма бериб, бир йил давомида ойига 20 миллион сўмдан ҳақ тўлаш, энг сара хорижий адабиётларни ўзбек тилига ҳамда миллий адабиётни хорижий тилларга таржима қилиш ва чоп этиш харажатининг ярмини қоплаш белгиланди.

Янги ўқув йилига қадар энг яхши 100 та асардан иборат тўпламни тайёрлаб, барча мактаб ва техникумларга етказиш, энг фаол китобхон ўқувчиларни 10 миллион сўмдан мукофотлаш вазифаси қўйилди.

Кутубхона, “book cafe” ва китоб дўкони очиб, ойига 10 минг донадан ортиқ китоб сотувини йўлга қўйган тадбиркорларга 3 йилга 1 миллиард сўмгача 7 фоизли ссуда бериш механизми назарда тутилди.

Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган ёшларнинг жамиятга тез мослашиши учун “Иккинчи имкон” лойиҳаси бошланиши маълум қилинди. Унда 8-12 ойлик интенсив курсларда дастурлаш, веб-дизайн, компьютер муҳандислиги, бошқа касблар ва хорижий тилларга ўқитиш орқали даромадли ишга эга бўлишига шарт-шароит яратилади.

Учрашув якунида давлатимиз раҳбари ёшлар билан мулоқот қилиб, уларнинг турли соҳаларга оид таклиф ва ташаббусларини тинглади.

Тадбир давомида мутасаддиларнинг ҳисоботлари ҳам эшитилди.

https://president.uz/uz/lists/view/8967

Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча имкониятлар белгиланди Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча имкониятлар белгиланди Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча имкониятлар белгиланди Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча имкониятлар белгиланди Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча имкониятлар белгиланди Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча имкониятлар белгиланди Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча имкониятлар белгиланди
Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Истиғфорнинг 72 та хислати

26.02.2026   1799   4 min.
Истиғфорнинг 72 та хислати

 УЛУҒ  УСТОЗ  УЛАМОЛАРИМИЗ  баён  қилиб  берганлар:

Каломуллоҳ – Қуръони каримнинг муборак ояти карималаридан ва

Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларидан

       ИСТИҒФОР нинг 72 та ХИСЛАТИ:

 

  1. Аллоҳ таолога итоатгўй банда истиғфор айтади.
  2. Истиғфор айтган банда пайғамбарлар, солиҳлар йўлидан юради.
  3. Истиғфор айтувчи одам имон ҳаловатига эришади.
  4. Истиғфор бандани гуноҳлардан поклайди.
  5. Истиғфор айтувчининг гуноҳлари савобли ишларга алмаштирилади.
  6. Истиғфор айтувчига неъматлар кўпайтириб берилади.
  7. Истиғфор банданинг икки дунёда ҳам мартабасини кўтаради.
  8. Истиғфор бахт-саодат олиб келади.
  9. Истиғфор туфайли истиғфор айтувчи ҳам, атрофдаги одамлар ҳам бузуқликлардан покланади.
  10. Истиғфор ёмғир ёғишига сабаб бўлади.
  11. Истиғфор мол-дунёга барака киритади.
  12. Истиғфор айтувчи инсон фарзанд неъмати билан сийланади.
  13. Деҳқончилик, чорвачиликдаги унумдорлик ҳам истиғфор айтиш билан узвий боғлиқ.
  14. Истиғфор айтувчи жаҳаннамдан нажот топади.
  15. Истиғфор банданинг жаннатга киришига сабаб бўлади.
  16. Истиғфор Аллоҳ таолонинг раҳмати тушишига сабаб бўлади.
  17. Истиғфор танани бақувват қилади.
  18. Истиғфор айтувчи одамнинг ҳаёти фаровон бўлади.
  19. Истиғфор айтувчига яхшиликлар кўпайтирилиб берилади.
  20. Истиғфор инсон кўнглини хотиржам қилади.
  21. Истиғфор бошга тушган балоларни даф этади.
  22. Истиғфор бандани Аллоҳ таолога яқинлаштиради.
  23. Истиғфор айтувчи одам Аллоҳ таолонинг раҳмат-марҳаматига сазовор бўлади.
  24. Истиғфор банда ҳолатини ижобий томонга ўзгаришига сабаб бўлади.
  25. Истиғфор ғийбатга каффорат бўлади.
  26. Истиғфор шайтон васвасасини қайтаради.
  27. Аллоҳ таоло истиғфор айтган бандани яхши кўради.
  28. Истиғфор айтиш Аллоҳ таолони хурсанд қилади.
  29. Истиғфор ғам-ташвишларни кетказади.
  30. Истиғфор айтувчи муаммоларидан қутулади.
  31. Истиғфор айтувчи одам гуноҳлардан фориғ бўлади.
  32. Истиғфор айтувчи муваффақият қозонади.
  33. Истиғфор ташвишларни аритади.
  34. Кўп истиғфор айтувчи одам касалликдан тўлиқ тузалиб кетади.
  35. Истиғфор айтувчи одам қийинчиликдан фаровонликка чиқади.
  36. Аллоҳ таоло истиғфор айтувчининг мушкулларини осон қилади.
  37. Етиб бўлмас марраларни истиғфор ила забт этади.
  38. Истиғфор ила дилдаги васвасалар йўқолади.
  39. Истиғфор билан қўрқувлар арийди.
  40. Истиғфор билан дилга қувонч киради.
  41. Истиғфор қалбга таскин беради.
  42. Истиғфор кўнгилни хотиржам қилади.
  43. Истиғфор тинчлик-хотиржамлик олиб келади.
  44. Истиғфор инсонни соғлом қилади.
  45. Истиғфор касалликларни аритади.
  46. Истиғфор айтувчи одам ёруғ кунларга эришади.
  47. Истиғфор билан инсон орзусига етади.
  48. Истиғфор айтувчининг дили яйрайди, кўнгли ёзилади.
  49. Истиғфор хурсандчилик олиб келади.
  50. Истиғфор қалбни чароғон, руҳни тетик қилади.
  51. Истиғфор айтувчининг хотираси кучаяди.
  52. Истиғфор юзни нурли қилади.
  53. Истиғфор ризқ келишини осонлаштиради.
  54. Истиғфор айтувчининг дуоси қабул бўлади.
  55. Аллоҳ таоло истиғфор айтувчининг оғирини енгил қилади.
  56. Кўп истиғфор айтган одам Қиёмат куни номаи аъмолини кўриб хурсанд бўлади.
  57. Оламдан ўтиб кетган ота-оналар фарзандлари айтган истиғфорлари туфайли жаннатда энг юқори мартабаларга кўтарилишади.
  58. Истиғфор одамни тушкунликдан халос этади.
  59. Истиғфор ҳасрат-надоматни, пушаймонни кетказади.
  60. Истиғфор қалбни тиниқлаштиради.
  61. Истиғфор айтиб юрувчи одамга Аллоҳ таоло ҳар қандай қийин вазиятдан чиқиш йўлини кўрсатади.
  62. Истиғфор айтиб юрувчи одамнинг Аллоҳ таоло мусибатларини кўтаради.
  63. Истиғфор айтиб юрган банданинг Аллоҳ таоло ҳар қандай қийинчиликларини енгиллаштиради.
  64. Истиғфор айтиб юрувчи инсон қашшоқликка йўлиқмайди.
  65. Истиғфор айтувчининг ишлари юришади.
  66. Истиғфор эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликни даф этади.
  67. Истиғфор фарзандларни итоатли қилади.
  68. Аллоҳ таоло истиғфор айтиб юрган одамга кутмаган тарафидан неъмат, ризқ жўнатади.
  69. Истиғфор айтувчи одамнинг ризқи улуғ бўлади.
  70. Истиғфор айтувчи одамнинг касб-корига Аллоҳ таоло хайр-барака беради.
  71. Ким мўминлар ҳаққига истиғфор айтса, Аллоҳ унга ҳар бир мўмин муқобилида биттадан ҳасанот ёзиб қўяди.
  72. Истиғфор айтилган хонадонга илоҳий файзу хайр-барака киради.

 

Меҳрибон Парвардигоримиз ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Ўзи буюрган, Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссалом тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Иброҳимжон домла Иномов

 

Мақолалар