Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳузуридаги Республика ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида мутахассислар учун “Электрон кутубхона маълумотлар базасини шакллантириш ва фойдаланиш асослари” мавзусида онлайн ўқув курслари ташкил этилди.
Ўқув машғулотлар давомида электрон каталоглар билан ишлаш, кутубхона фондларини рақамлаштириш, ноёб ва қимматли манабаларни сақлаш, фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда миллий ва хорижий маълумотлар базаларидан фойдаланиш бўйича муҳим билим ва кўникмалар берилди.
Шунингдек, соҳада қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар бўйича иштирокчилар батафсил маълумотларга эга бўлдилар.
Ўқув курслари якунида Республика ахборот-кутубхона маркази директори Асқар Газиев томонидан тингловчиларга сертификатлар топширилди.

Мазкур тадбир ахборот-ресурс марказлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва замонавий электрон кутубхона хизматларини ривожлантиришга хизмат қилади.
ЎМИ Кутубхона бўлими
Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига меҳр-эътибор кўрсатиш мақсадида уларнинг хатна тўйи ўтказилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакиллиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган хайрия тадбирида 2 ёшдан 11 ёшгача бўлган 35 нафар болажонларга хурсандчилик улашилди.
Болаларга байрам муносабати билан велосипед, костюм-шим, кўйлак, оёқ кийимлари ҳамда яна бошқа турли хил совға-саломлар тақдим этилди.
Болаларнинг яқинлари ва жамоатчилик вакиллари учун байрам дастурхони ёзилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти матбуот хизмати