Яқин кунларда Тошкент шаҳрда тирбандлик ва экология муаммоларини ҳал этиш мақсадида “ақлли” светофорлар ўрнатиш, йўлларга халқаро стандартларга мос чизиқлар тортиш ҳамда замонавий автотураргоҳларни ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.
Унга кўра, Президентимизнинг транспорт тизимини модернизация қилишга оид қарори ижросини таъминлаш мақсадида махсус ташкил этилган Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази томонидан тегишли тақдимот ўтказилди. Ушбу марказ нафақат йўл ҳаракати, балки жамоат транспорти назорати ва экологик ҳолатни яхшилаш билан ҳам шуғулланади.
"Умид қиламанки, шаҳар ҳокими бошчилигидаги жамоа қарорнинг ижросини тўлақонли таъминлашга бор куч ва имкониятини қаратади. Мен бунинг бажарилишини шахсан назорат қилиб бораман", — деб таъкидлади С.Мирзиёева.
Пойтахт инфратузилмаси учун ўта муҳим бўлган ушбу лойиҳа Тошкентдаги йўл ҳаракати маданиятини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Бугун, 14 сентябрь куни Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ўз ишини бошлади.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров ҳамда бошқа қардош ва хорижий давлатлар уламоларидан иборат нуфузли делегациялар иштирок этмоқда.
Ялпи мажлисда нутқ сўзлаган муфтийлар ўз маърузаларида қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратмоқдалар:
– Кенгаш қошидаги Фатво ҳайъати фаолиятини ривожлантириш, уммат учун зарур қўшма фатволар ишлаб чиқиш ва замонавий масалаларга шаръий ечим топиш;
– диний таълим муассасаларида устоз ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, илмий-услубий лойиҳаларни амалга ошириш;
– экстремизм, терроризм, такфирчилик, исломофобия ва мазҳаблараро низо қўзғаш каби таҳдидларга қарши якдил маърифий курашни кучайтириш.
Шунингдек, Уламолар диний-маърифий соҳадаги ана шундай ҳамкорлик бутун Туркий дунё бирдамлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Анжуман давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати