Ислом таълимотида касаллик фақат жисмоний ҳолат эмас, балки тарбия, покланиш ва илоҳий раҳматнинг бир кўриниши сифатида талқин қилинади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам касалликка дучор бўлган кишиларга тасалли берар, уни ёмонлашдан қайтарар ва бу ҳолатнинг маънавий ҳикматларини баён қилиб берар эдилар. Қуйидаги ривоят ҳам айнан шу ҳақиқатни очиб беради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Саиб розияллоҳу анҳони касаллик пайтида зиёрат қилдилар. Уни қалтираб турган ҳолда кўриб:
– "Эй Умму Саиб, сизга нима бўлди, нега титраяпсиз?" – дедилар.
– У: Иситма! Аллоҳ уни баракали қилмасин! (касалликка лаънат бўлсин), – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– "Эй Умму Саиб, иситмани сўкманг. Чунки у Бани Одамнинг гуноҳларини, худди босқон темирнинг зангини кетказгандек, кетказади", дедилар.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам касалликнинг илоҳий ҳикматларини баён қилиб, шундай дедилар...-
– "Албатта, Аллоҳ таоло бандасини касаллик билан уч ҳолатдан бири учун синовдан ўтказади:
Агар банданинг гуноҳлари бўлса, Аллоҳ уларни кечиришни ирода қилса;
Агар бандасини Ўзидан узоқлашганини кўриб, уни Ўзига яқинлаштиришни хоҳласа;
Ёки банданинг жаннатда у учун тайёрланган жойи бўлиб, қилмаган амаллари ўша тайёрланган жойга етмай турганда, Аллоҳ уни ўша мақомга етказишни ирода қилса".
Демак, касалликда сабр қилгандан кейин банданинг олдида фақат яхшилик бор: у тавбага келади, ибодатда собит бўлади ва Аллоҳга нисбатан гўзал гумон билан яшайди.
Аллоҳ таоло ниҳоятда раҳмлидир, бандаларидан азобни даф этувчидир ва У бизга оналаримиздан ҳам кўра раҳмлироқдир. Шунинг учун дардни Яратганга арз қилинг, Унга ҳамд билан юзланинг ва қалбларингизни истиғфор билан покланг.
Ушбу ривоятдан англашиладики, Исломда касаллик жазолаш воситаси эмас, балки бандани тарбияловчи, уни гуноҳлардан покловчи ва Аллоҳга яқинлаштирувчи раҳмат эшигидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам касалликни ёмонлашдан қайтариб, ундаги илоҳий ҳикматларни очиб бердилар. Чунки мўмин киши учун касаллик сабр, тавба ва ибодат билан қарши олинса, юксалиш ва даража ошишига сабаб бўлади.
Шунингдек, бу ҳадис бандага ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ ҳақида гўзал гумонда бўлиш, дардини Унга арз қилиш ва қалбини истиғфор билан поклаш лозимлигини ўргатади. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларига ниҳоятда раҳмли бўлиб, У касаллик орқали ҳам Ўз қулининг охиратини обод қилишни ирода қилади.
Демак, мўмин инсон учун муҳим бўлган нарса касалликнинг ўзи эмас, балки унга қандай муносабатда бўлишидир. Сабр, шукр ва ихлос билан қарши олинган ҳар бир синов охир-оқибат бандани Аллоҳ розилигига етаклайди.
Адҳам Шарқовийнинг китоби асосида
ТИИ магистратура талабаси
Саидбурхон ФАЗЛИДДИНОВ тайёрланди.
Гуноҳга сабаб бўлмаса, отаонанинг буюрганларини албатта бажариш; ота-онага мулойим сўзлаш; уйга кирганларида, ҳурматлари учун ўрнидан туриш; ҳар тонг салом бериш, уйқудан олдин хайрли тун тилаш; мол-мулкларини сақлаш; сўраган нарсаларини бериш; улардан маслаҳат сўраш; ота-она ҳақига дуо ва истиғфор айтиш; улар меҳмон кутишса, ёнларида мунтазир бўлиб туриш; уларнинг айтишларини кутмай, уларни хурсанд қиладиган ишларни бажариш; уларнинг ҳузурларида овозни баланд кўтармаслик; гапларини бўлмаслик; изн беришмаган жойга бормаслик; ухлаётганларида безовта қилмаслик; аҳли аёли, фарзандларини улардан устун қўймаслик; ота-она хатога йўл қўйсалар, билмасликка олиш, дарҳол кечириб, унутиш; кулгили гап бўлса ҳам, уларнинг ҳузурларида ўзини тутиш; улар яхши кўрадиган таомни илиниш; улардан олдин таомга қўл чўзмаслик; уларнинг олдиларида чўзилиб ётмаслик, оёқ узатмаслик; уйга улардан олдин кирмаслик, олдиларига тушиб юрмаслик; чақирганларида тезлик билан жавоб бериш; уларнинг ҳаётликларида ҳам, вафот этганларидан кейин ҳам дўстларини ҳурмат қилиш; ота-онасининг ҳурматини қилмайдиганлар билан дўстлашмаслик; уларнинг ҳақларига дуо қилиш; вафотларидан кейин Аллоҳнинг қуйидаги каломини кўп айтиш: «Эй, Раббим! Мени улар гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро сураси, 24-оят).
Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws