Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Июл, 2026   |   2 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:23
Қуёш
04:58
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:58
Хуфтон
21:31
Bismillah
16 Июл, 2026, 2 Сафар, 1448

Касалликни сўкманг

27.02.2026   16776   3 min.
Касалликни сўкманг

Ислом таълимотида касаллик фақат жисмоний ҳолат эмас, балки тарбия, покланиш ва илоҳий раҳматнинг бир кўриниши сифатида талқин қилинади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам касалликка дучор бўлган кишиларга тасалли берар, уни ёмонлашдан қайтарар ва бу ҳолатнинг маънавий ҳикматларини баён қилиб берар эдилар. Қуйидаги ривоят ҳам айнан шу ҳақиқатни очиб беради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Саиб розияллоҳу анҳони касаллик пайтида зиёрат қилдилар. Уни қалтираб турган ҳолда кўриб:

– "Эй Умму Саиб, сизга нима бўлди, нега титраяпсиз?" – дедилар.

– У: Иситма! Аллоҳ уни баракали қилмасин! (касалликка лаънат бўлсин), – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

"Эй Умму Саиб, иситмани сўкманг. Чунки у Бани Одамнинг гуноҳларини, худди босқон темирнинг зангини кетказгандек, кетказади", дедилар.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам касалликнинг илоҳий ҳикматларини баён қилиб, шундай дедилар...-

– "Албатта, Аллоҳ таоло бандасини касаллик билан уч ҳолатдан бири учун синовдан ўтказади:

Агар банданинг гуноҳлари бўлса, Аллоҳ уларни кечиришни ирода қилса;

Агар бандасини Ўзидан узоқлашганини кўриб, уни Ўзига яқинлаштиришни хоҳласа;

Ёки банданинг жаннатда у учун тайёрланган жойи бўлиб, қилмаган амаллари ўша тайёрланган жойга етмай турганда, Аллоҳ уни ўша мақомга етказишни ирода қилса".

Демак, касалликда сабр қилгандан кейин банданинг олдида фақат яхшилик бор: у тавбага келади, ибодатда собит бўлади ва Аллоҳга нисбатан гўзал гумон билан яшайди.

Аллоҳ таоло ниҳоятда раҳмлидир, бандаларидан азобни даф этувчидир ва У бизга оналаримиздан ҳам кўра раҳмлироқдир. Шунинг учун дардни Яратганга арз қилинг, Унга ҳамд билан юзланинг ва қалбларингизни истиғфор билан покланг.

Ушбу ривоятдан англашиладики, Исломда касаллик жазолаш воситаси эмас, балки бандани тарбияловчи, уни гуноҳлардан покловчи ва Аллоҳга яқинлаштирувчи раҳмат эшигидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам касалликни ёмонлашдан қайтариб, ундаги илоҳий ҳикматларни очиб бердилар. Чунки мўмин киши учун касаллик сабр, тавба ва ибодат билан қарши олинса, юксалиш ва даража ошишига сабаб бўлади.

Шунингдек, бу ҳадис бандага ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ ҳақида гўзал гумонда бўлиш, дардини Унга арз қилиш ва қалбини истиғфор билан поклаш лозимлигини ўргатади. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларига ниҳоятда раҳмли бўлиб, У касаллик орқали ҳам Ўз қулининг охиратини обод қилишни ирода қилади.

Демак, мўмин инсон учун муҳим бўлган нарса касалликнинг ўзи эмас, балки унга қандай муносабатда бўлишидир. Сабр, шукр ва ихлос билан қарши олинган ҳар бир синов охир-оқибат бандани Аллоҳ розилигига етаклайди.

Адҳам Шарқовийнинг китоби асосида
ТИИ магистратура талабаси
Саидбурхон ФАЗЛИДДИНОВ тайёрланди.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонга 6,5 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюрди

14.07.2026   10422   1 min.
Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонга 6,5 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюрди

2026 йилнинг январь­–июнь ойларида Ўзбекистонга туристик мақсадларда 6 миллион 565 минг 410 нафар чет эл фуқароси ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.


Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, сайёҳлар оқими ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 миллион кишига ёки 24,9 фоизга ошган.


Сайёҳларнинг энг кўпи қўшни давлатлардан келган. Ташрифлар сони бўйича Қирғизистон етакчилик қилмоқда – 1 875 332 киши. Кейинги ўринларни Қозоғистон (1 553 688) ва Тожикистон (1 471 670) эгаллаган. 
 

Шунингдек, туристлар сони бўйича кучли ўнликка Россия (585 558), Афғонистон (238 925), Хитой (223 479), Туркманистон (164 211), Туркия (95 466), Ҳиндистон (26 450) ва Германия (22 294) кирди.

Мутахассисларнинг фикрича, туризмининг ўсиши Ўзбекистоннинг саёҳат йўналиши сифатида жозибадорлиги тобора ортиб бораётганидан далолат беради.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари