Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Июл, 2026   |   14 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:38
Қуёш
05:09
Пешин
12:35
Аср
17:35
Шом
19:49
Хуфтон
21:16
Bismillah
28 Июл, 2026, 14 Сафар, 1448
Мақолалар

Ҳиссиётга эмас, ақлга эргашинг

27.02.2026   20041   2 min.
Ҳиссиётга эмас, ақлга эргашинг

Бугунги ахборот асрида инсон онги ва қалби учун кураш янги босқичга чиқди. Айниқса, диний қадриятларга ҳурмат кучли бўлган жамиятларда кишиларнинг муқаддас туйғуларидан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, яъни манипуляция ҳолатлари тез-тез бўй кўрсатмоқда. Ижтимоий тармоқлар бундай таъсир ўтказишнинг энг қулай майдонига айланиб қолди.

Диний ҳиссиётлар орқали оммани жунбушга келтирувчилар, одатда, холис таҳлил ва илмий асосларга эмас, балки инсоннинг эҳтиросларига урғу берадилар. Уларнинг асосий қуроли эмоционал чақириқлардир. Масалан, бирор ижтимоий муаммони диний бўёқлар билан бўрттириш орқали одамларда ҳимояланиш ёки агрессия инстинктини уйғотишади.

Бундай вазиятда инсон ақл билан фикрлашдан тўхтайди ва ўзи билмаган ҳолда фитначиларнинг қўлидаги қуролга айланади. Ваҳоланки, Ислом дини ҳар бир хабарни текширишга ва ақл билан иш тутишга чақиради: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар...” (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Бугунги кунда етарли илми бўлмай, аммо нотиқлик маҳорати билан оммани эргаштираётган қатлам шаклланди. Улар кўпинча мураккаб фиқҳий ёки ақидавий масалаларни юзаки ва популистик тарзда талқин қиладилар. Бунинг натижасида жамиятда ихтилоф пайдо бўлади, уламоларга нисбатан ишончсизлик уйғотилади.

Диний ҳиссиётларни суиистеъмол қилиш жамиятни ичдан емиради. Биринчидан, бу жараён ёшларни манипуляция қилади. Иккинчидан, жамият мувозанатини бузишга қаратилган хуружларга йўл очади. Энг ёмони, бундай ҳаракатлар диннинг асл моҳияти тинчлик, бағрикенглик ва маърифат эканини четга суриб, уни низолар манбаи сифатида кўрсатишга хизмат қилади.

Бундай хавфларга қарши энг самарали раддия, бу саводхонликдир. Ҳар бир мусулмон ахборот гигиенасига амал қилиши, интернетда эшитган ҳар қандай таъсирли гапни мутлақ ҳақиқат деб қабул қилмаслиги лозим.

Дин нажот ва сакинат манбаи бўлиб, кимларнингдир ғаразли ёки шахсий манфаатлари йўлида қўлланиладиган бошқарув воситаси эмас. Муқаддас туйғуларимизни виртуал фирибгарлардан ҳимоя қилиш бугунги куннинг энг долзарб вазифасидир.

Шермуҳаммад Болтаев,

Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо

масжиди имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳим, менга раҳм қилгин

28.07.2026   3288   1 min.
Аллоҳим, менга раҳм қилгин

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Эй Аллоҳнинг Расули! Менга бир дуо ўргатинг, мен уни намозда ўқиб юрай”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ: “Аллоҳумма инний золамту нафсий зулман касийрон. Ва иннаҳу лаа йағфируз зунууба иллаа анта. Фағфир лий мағфиротан мин ъиндика варҳамний, иннака антал ғофуурур роҳийм”, дедилар.


Маъноси: “Аллоҳим! Албатта, мен ўзимга кўп зулм қилдим ва Сендан ўзга гуноҳ ларни кечирувчи йўқдир. Мени ҳузурингдан бўлган мағфират билан кечиргин ва менга раҳм қил гин! Албатта, Сен кўп кечирувчи ва ўта раҳмли Зотсан” (Имом Бухорий ривояти). Яхшилик билан мукофотласин Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимга бир яхшилик қилинса, уни қилган кишига “Жазаакал лоҳу хойрон” деса, мақтовни охирига етказган бўлади», дедилар.


Маъноси: “Аллоҳ сени яхшилик би лан мукофотласин” (“Сунани Термизий”). Бошқалардан беҳожат қилгин Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади. «Бир мукотаб (озод бўлиш учун тўлов тўлашга хожаси билан шартнома тузган қул) олдимга келиб: “Мен келишилган маблағни топиб бера олмай қолдим. Менга ёрдам беринг”, деди. Мен унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган калималарни ўргатдим: “Аллоҳум­макфиний би ҳалаалика ъан ҳароомик, ва ағниний би фазлика ъамман сиваак”.


Маъноси: “Аллоҳим, ҳаромингсиз ҳалолинг билан менга кифоя қилгин ва фазлинг ила мени Ўзингдан бошқалардан беҳожат қилгин” (Сунани Термизий).

“Ҳидоят” журналининг  

2025 йил 6-сонидан

Мақолалар