Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Сентябр, 2026   |   5 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:44
Қуёш
06:04
Пешин
12:18
Аср
16:41
Шом
18:35
Хуфтон
19:51
Bismillah
16 Сентябр, 2026, 5 Рабиъус сони, 1448

ЭЗГУЛИККА ИНТИЛИБ...

04.03.2026   14027   8 min.
ЭЗГУЛИККА ИНТИЛИБ...

                  Нок тусаган кўнгил

    Отаси тонгга яқин кўзини очди. Хайрият, яхши томонга ўзгариш. Уч  кундирки, фарзандлар йиғилган, ҳеч кимнинг тинчи йўқ, падари бузруквори ўлим билан олишмоқда.  Қарилик давоси йўқ касаллик, агар қўшимча дард  безовта қилса, буниси ортиқча. “Ана узилади, мана узилади” деб ака-ука, опа-сингиллар  кеча-кундуз “навбатчи”.  Худонинг раҳми келди шекилли, отаси бугун сал ўнгланди. Қаршибой ака у кишининг аҳволи-руҳиясига қараб, кайфияти кўтарилди.

    – Болам, бери кел, – отаси товуши чиқар-чиқмас оҳангда ўғлини ёнига чақирди. –Нок егим келди, или­кузилди пайт, билмадим, бозорда борми-йўқми...

     –Топса бўлади, ота, нок ўзимизда  етиштирилади, четдан келтирилмайди-ку?!

     Балки кўнгли тусаётган мевани еса, отаси оёққа туриб кетар, Аллоҳнинг мўъжизалари кўп. Ахир, қон босими кўтарилиб, меъёрлашса, қанчадан-қанча одамлар яшаб кетади-ку.  

     Қаршибой  ака  аввал Жарқўрғон бозорига тушди. Растада нок кўрмади, анқонинг уруғи, мева сотаётганлардан сўради, елка қисишди. Балки Қумқўрғон бозоридан топса бўлар.

     – Ниятим  холис экан. Отам  раҳматлининг истагини бажо айлаш учун  нархи қиммат бқлса ҳам икки кило нок харид қилдим, – деб эслайди  Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида истиқомат қилувчи отахон Қаршибой Жангиров. – Худди хазина топган кишидек уйга ҳаллослаб қайт­дим. Отамнинг икки кўзи  шифт узра қадалган, юз-кўзида сўлғинлик, ҳаёт нишонасини жонлантириш учун  нокдан бир донасини ювиб, қўлига тутдим. Юзига табассум ёйилди: “Топиб келибсан, болам, умрингдан барака топ. Одам у дунёга кетар олдидан ниманидир кўнгли тусар экан-да. Аллоҳ сендан рози бўлсин!”. Менинг кўзимга  ёш келди. Сира хаёлимдан кетмайди. Отам нокни қўлига олиб, у ёқ-бу ёғини айлантириб кўрди. Пўстлоғи сарғиш-қизғиш мева “мени е” дегандек   ял-ял ёнарди. Бемор отам куч тўплади-да, мевадан бир тишлади, унинг шарбати даҳани узра оқиб тушди, охиригача амаллаб тановвул қилди. Енгил тортдим ва нокдан  яна бир донасини  узатдим. Аммо у киши  бошини чайқади. Кечга яқин  отамнинг жони узилди... Бир дона нок экан, у кишининг армони, эзилиб-эзилиб, тўкилиб-тўкилиб йиғладим. Сўнгги манзилга  кетар чоғда отамнинг дуосини олиб қолганим менга таскин беради.

             Дилда армон бўлмасин, агар афсус-надомат ўртаса, ҳар бандаки, ўз ҳаётидан  кўнгли тўлмай яшайди. Аллоҳ таолонинг розилиги биринчи ўринда турса, ота-она дуосини олиш, уларни ҳаётлик чоғида  сийлаш, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳар бир инсонни  бахту саодат манзилига етказади, бу бор гап, азалий ҳақиқат.

 

              “Ҳеч кимдан кам бўлмасин!” дебману...   

      

        1990-95 йиллар эди, янглишмасам, ҳозиргидек ижтимоий тармоқлар жамият  ҳаётини ишғол этмаган, одамлар телевизор кўриб, радио эшитадиган замонлар. Ўзбекистон телевидениеси орқали “Тойчоқ” видеоспектакли намойиш этилди. Бош ролларни  эл назарига тушган  Лутфулла  ва Гулчеҳра  Саъдуллаева, Фатҳулла Маъсудов каби актёрлар  ўйнашган. Телеасар ғояси, сюжети  фарзанд тарбиясида  қаттиқ янглишган  ота-онанинг афсус-надоматига бағишланган.  Боланинг оғзидан чиққанини муҳайё қилиш, унга ҳаддан зиёд меҳрибонлик кўрсатиш, қийналмаслиги учун ота-онанинг ўзини ўтга-чўққа уриши  кўп ҳолларда таназзулга олиб келиши  “Тойчоқ”   видеоспектакли мазмунига  чуқур сингдирилган. Эҳтимол, қадамини нотўғри ташлаб, бармоғини тишлаб ўтирган замондошларимиз  спектаклда ўз қиёфасини кўришгандир. Фарзанд тарбиясида хатоликка йўл қўйганини англаб, энди уларни  “қайириб” ололмаётганлар орамизда  йўқ дейсизми?

              –Турмуш ўртоғим билан оилавий можароларимиз жуда кучайиб кетди, пичоқ бориб суякка қадалдию, ажрашдик,– дейди Тошкент шаҳрида яшовчи  бева  аёл. –Икки  қиз, икки ўғлимни бировдан кам қилмай, қорнини тўқ қилиб, эгнига бренд даражасига чиққан  қиммат кийим-кечак илибман. Отаси йўқ, кўнгли ўксимасин, тенгқурлари олдида  мулзам бўлмасин, деб топганимни уларнинг оғзига тиқибман, афсуски, уларни борига шукр, йўғига  қаноат  қилишга  ўргатмабман.  Кунда еган оч, ойда еган тўқ бўларкан, рўзғорда нимадир узилиш бўлиб қолса, энди додлаб юборишади.  Энди тўртовлонни  йўлга сололмаяпман, нафақат  менга, ҳаттоки, улар  бир-бирига  сапчийди. Рўзғор ишлари сансалор, тун ярмига қадар телефон титкилаш...Хуллас, тақдир мени  не кўйларга солмади...

             Таниш аёл  йиғламсираб  сўзлайди. Унга  қандай таскин-тасалли беришни билмайсан, киши. Бу юқорида зикр этилган “Тойчоқ” видеоспектакли  мазмунига  мос воқелик. Ота-онани рози қилиш  савоб эканлигини биламизу, баъзида  тескари ҳолатнинг рўй беришига  уларнинг ўзлари ҳам сабабчи бўлиб қолиши ҳақида ўйлаб кўравермаймиз. Қариялар  уйида истиқомат қилаётган  нуронийлар ҳаётини  таҳлил қилсангиз, бунга  айнан уларнинг ўзлари шарт-шароит яратганини тан армон билан тан олишади. Хом сут эмган бандалар ғишт қолипдан кўчган пайтдагина пушаймон чекадилар. Бундай хатоликдан Аллоҳнинг Ўзи қайтарсин, Ўзи асрасин!

 

                Ислом  динидаги  эзгу ғоя

 

      Муқаддас ислом дини ота-онага итоатда бўлиш, иззат-ҳурмат кўрсатиш ва уларнинг розилигини олишни тарғиб қилади. Қуръони каримнинг “Нисо” сураси 36-оятида “Ва Аллоҳга ибодат қилинг, Унга ҳеч нарсани шерик келтирманг ва ота-онангизга яхшилик қилинг”, дея марҳамат қилинади.

         Дарҳақиқат, муқаддас ислом дини оиланинг ҳар бир аъзоси учун у лойиқ бўлган мақом ва даражани белгилаб берган. Оилада энг қадрланиши лозим бўлган зот бу ота-онадир. Инсоннинг дунёга келиши Аллоҳ таолонинг ғайби ва  марҳамати бўлса, ота-она зоҳирий сабабчи эканлиги барчага аён. Чортоқ туманидаги “Султон Саид” жоме  масжиди имом-хатиби Лутфуллоҳ  Давлатовнинг  мулоҳазасини келтириб ўтамиз:    

           –Ҳар банданинг ота-онасига яхшилик қилиши эзгуликдан нишона. Бу ҳеч қачон уларга қарши чиқмаслик, хизматларидан бўйин товламаслик билан ўлчанади. Донишмандлардан бири «Ота-онага яхшилик қилиш ҳам фарз, ҳам қарздир. Фарзлиги Сени охиратда Алоҳ ризоси ва Жаннатга киришингга сабаб бўлса, қарзлиги сенга фарзандларингдан қайтишидир» деган экан.

                  Ота-онага яхшилик қилиш буюк Аллоҳ таоло тарафидан амр-фармон бўлишига қарамай, бу борадаги ҳолатимиз жуда ачинарли. Баъзилар дунё ташвишлари ёки фарзандлари билан овора бўлиб, ота-онасидан кўнгил сўрашга, хизматларини қилиб, бебаҳо дуоларини олишга бефарқ, эртага, индинга деб, улар билан дийдорлашувни  орқага сурадилар. Билиб олишимиз лозим бўлган бир ҳақиқат борки, дунёвий  ишларимиз кўп, чеки-чегараси йўқ, лекин ота ҳам, она ҳам бир дона. Ишни, шахсий ташвишларни бир оз кейинга сурсак бўлади, лекин ота-онага ғамхўрлик кўрсатишда кечиқмаслик  энг катта савоб, чунки улар ғанимат, бугун бор, эртага бўлмаслиги мумкин. 

          Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу сўзларни эшитдим: «Хор бўлсин! Хор бўлсин! Хор бўлсин!». «Ким у, ё Росулаллоҳ», деб сўрашди. «Ким ота-онасининг бирини ёки иккаласини қарилик чоғида топиб, уларга яхшилик қилиб жаннатий бўлиб олмаган бўлса», дедилар. Қарангки, пайғамбаримиз яшаб ўтган дамларда ҳам ота-она ҳаққи, ҳурмати  баланд тутилган. Демак, ота-оналаримизни ҳаётлик чоғида ғанимат билиб, хизматини қилсак, дуосини олсак, вафотидан кейин тиловатимиз ва савоб амалларимиз билан доимо ёд этиб турсак, икки дунё саодатига эришамиз, иншооллоҳ!

          

Ҳулкар ТЎЙМАНОВА,

 Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист,

I даражали  “Меҳнат фахрийси”,


"Ҳуррият" газетасининг 9-сонида чоп этилган. 

 

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон туристик компаниялари Ар-Риёздаги халқаро кўргазмада иштирок этди

15.09.2026   25718   2 min.
Ўзбекистон туристик компаниялари Ар-Риёздаги халқаро кўргазмада иштирок этди

Саудия Арабистони пойтахтида “WTM Spotlight Riyadh 2026” халқаро туристик кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон туризм индустрияси вакиллари иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мамлакатимиз туристик салоҳиятини «Asialuxe Travel», «Zamin DMC» ва «Bazar Travel» компаниялари намойиш этди. Улар кўргазманинг ишбилармонлик дастурида фаол иштирок этиб, Саудия Арабистони ҳамда бошқа хорижий давлатлар туризм соҳаси вакиллари билан бир қатор самарали учрашувлар ўтказдилар.

“WTM Spotlight Riyadh” Саудия Арабистони туризм бозорининг халқаро ҳамкорлар билан ўзаро алоқалари учун асосий профессионал майдонлардан бирига айланди. Кўргазма туроператорлик бизнеси, қабул қилувчи компаниялар, меҳмонхона сектори, авиация тармоғи, туристик технологиялар ва индустриянинг бошқа йўналишлари вакилларини бирлаштирди. Тадбирда минтақавий ва халқаро ташриф буюрувчилар, 450 дан ортиқ экспонентлар ҳамда 30 дан ортиқ мамлакат вакиллари қатнашди.

Уч кун давомида ўзбекистонлик компаниялар вакиллари саудиялик туроператорлар, туристик агентликлар ва бозорнинг бошқа иштирокчилари билан музокаралар ўтказдилар. Мулоқотларда шериклик дастурларини ривожлантириш, Саудия Арабистонидан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш ҳамда янги қўшма туристик маҳсулотларни шакллантириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонни маданий-маърифий, оилавий, премиум ва индивидуал туризм учун жозибадор йўналиш сифатида тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Саудиялик ҳамкорларга Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларининг туристик имкониятлари, Буюк ипак йўлининг тарихий мероси, замонавий меҳмонхона инфратузилмаси, миллий таомлар ҳамда индивидуал ва гуруҳли туристик дастурларни ташкил этиш имкониятлари намойиш этилди.

Ўзбекистон туризм тармоғи вакиллари, шунингдек, саудиялик ҳамкорлар билан сайёҳларни кутиб олишни ташкил этиш, Кўрфаз мамлакатларидан келувчи саёҳатчиларнинг афзалликларини ҳисобга олган ҳолда ихтисослаштирилган йўналишларни ишлаб чиқиш ҳамда Саудия Арабистони бозорида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини янада тарғиб қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбек туристик компанияларининг “WTM Spotlight Riyadh 2026” кўргазмасидаги иштироки подшоҳлик туристик бизнеси вакиллари билан бевосита алоқаларни кенгайтириш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини излаш учун қўшимча имконият бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари