Нок тусаган кўнгил
Отаси тонгга яқин кўзини очди. Хайрият, яхши томонга ўзгариш. Уч кундирки, фарзандлар йиғилган, ҳеч кимнинг тинчи йўқ, падари бузруквори ўлим билан олишмоқда. Қарилик давоси йўқ касаллик, агар қўшимча дард безовта қилса, буниси ортиқча. “Ана узилади, мана узилади” деб ака-ука, опа-сингиллар кеча-кундуз “навбатчи”. Худонинг раҳми келди шекилли, отаси бугун сал ўнгланди. Қаршибой ака у кишининг аҳволи-руҳиясига қараб, кайфияти кўтарилди.
– Болам, бери кел, – отаси товуши чиқар-чиқмас оҳангда ўғлини ёнига чақирди. –Нок егим келди, иликузилди пайт, билмадим, бозорда борми-йўқми...
–Топса бўлади, ота, нок ўзимизда етиштирилади, четдан келтирилмайди-ку?!
Балки кўнгли тусаётган мевани еса, отаси оёққа туриб кетар, Аллоҳнинг мўъжизалари кўп. Ахир, қон босими кўтарилиб, меъёрлашса, қанчадан-қанча одамлар яшаб кетади-ку.
Қаршибой ака аввал Жарқўрғон бозорига тушди. Растада нок кўрмади, анқонинг уруғи, мева сотаётганлардан сўради, елка қисишди. Балки Қумқўрғон бозоридан топса бўлар.
– Ниятим холис экан. Отам раҳматлининг истагини бажо айлаш учун нархи қиммат бқлса ҳам икки кило нок харид қилдим, – деб эслайди Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида истиқомат қилувчи отахон Қаршибой Жангиров. – Худди хазина топган кишидек уйга ҳаллослаб қайтдим. Отамнинг икки кўзи шифт узра қадалган, юз-кўзида сўлғинлик, ҳаёт нишонасини жонлантириш учун нокдан бир донасини ювиб, қўлига тутдим. Юзига табассум ёйилди: “Топиб келибсан, болам, умрингдан барака топ. Одам у дунёга кетар олдидан ниманидир кўнгли тусар экан-да. Аллоҳ сендан рози бўлсин!”. Менинг кўзимга ёш келди. Сира хаёлимдан кетмайди. Отам нокни қўлига олиб, у ёқ-бу ёғини айлантириб кўрди. Пўстлоғи сарғиш-қизғиш мева “мени е” дегандек ял-ял ёнарди. Бемор отам куч тўплади-да, мевадан бир тишлади, унинг шарбати даҳани узра оқиб тушди, охиригача амаллаб тановвул қилди. Енгил тортдим ва нокдан яна бир донасини узатдим. Аммо у киши бошини чайқади. Кечга яқин отамнинг жони узилди... Бир дона нок экан, у кишининг армони, эзилиб-эзилиб, тўкилиб-тўкилиб йиғладим. Сўнгги манзилга кетар чоғда отамнинг дуосини олиб қолганим менга таскин беради.
Дилда армон бўлмасин, агар афсус-надомат ўртаса, ҳар бандаки, ўз ҳаётидан кўнгли тўлмай яшайди. Аллоҳ таолонинг розилиги биринчи ўринда турса, ота-она дуосини олиш, уларни ҳаётлик чоғида сийлаш, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳар бир инсонни бахту саодат манзилига етказади, бу бор гап, азалий ҳақиқат.
“Ҳеч кимдан кам бўлмасин!” дебману...
1990-95 йиллар эди, янглишмасам, ҳозиргидек ижтимоий тармоқлар жамият ҳаётини ишғол этмаган, одамлар телевизор кўриб, радио эшитадиган замонлар. Ўзбекистон телевидениеси орқали “Тойчоқ” видеоспектакли намойиш этилди. Бош ролларни эл назарига тушган Лутфулла ва Гулчеҳра Саъдуллаева, Фатҳулла Маъсудов каби актёрлар ўйнашган. Телеасар ғояси, сюжети фарзанд тарбиясида қаттиқ янглишган ота-онанинг афсус-надоматига бағишланган. Боланинг оғзидан чиққанини муҳайё қилиш, унга ҳаддан зиёд меҳрибонлик кўрсатиш, қийналмаслиги учун ота-онанинг ўзини ўтга-чўққа уриши кўп ҳолларда таназзулга олиб келиши “Тойчоқ” видеоспектакли мазмунига чуқур сингдирилган. Эҳтимол, қадамини нотўғри ташлаб, бармоғини тишлаб ўтирган замондошларимиз спектаклда ўз қиёфасини кўришгандир. Фарзанд тарбиясида хатоликка йўл қўйганини англаб, энди уларни “қайириб” ололмаётганлар орамизда йўқ дейсизми?
–Турмуш ўртоғим билан оилавий можароларимиз жуда кучайиб кетди, пичоқ бориб суякка қадалдию, ажрашдик,– дейди Тошкент шаҳрида яшовчи бева аёл. –Икки қиз, икки ўғлимни бировдан кам қилмай, қорнини тўқ қилиб, эгнига бренд даражасига чиққан қиммат кийим-кечак илибман. Отаси йўқ, кўнгли ўксимасин, тенгқурлари олдида мулзам бўлмасин, деб топганимни уларнинг оғзига тиқибман, афсуски, уларни борига шукр, йўғига қаноат қилишга ўргатмабман. Кунда еган оч, ойда еган тўқ бўларкан, рўзғорда нимадир узилиш бўлиб қолса, энди додлаб юборишади. Энди тўртовлонни йўлга сололмаяпман, нафақат менга, ҳаттоки, улар бир-бирига сапчийди. Рўзғор ишлари сансалор, тун ярмига қадар телефон титкилаш...Хуллас, тақдир мени не кўйларга солмади...
Таниш аёл йиғламсираб сўзлайди. Унга қандай таскин-тасалли беришни билмайсан, киши. Бу юқорида зикр этилган “Тойчоқ” видеоспектакли мазмунига мос воқелик. Ота-онани рози қилиш савоб эканлигини биламизу, баъзида тескари ҳолатнинг рўй беришига уларнинг ўзлари ҳам сабабчи бўлиб қолиши ҳақида ўйлаб кўравермаймиз. Қариялар уйида истиқомат қилаётган нуронийлар ҳаётини таҳлил қилсангиз, бунга айнан уларнинг ўзлари шарт-шароит яратганини тан армон билан тан олишади. Хом сут эмган бандалар ғишт қолипдан кўчган пайтдагина пушаймон чекадилар. Бундай хатоликдан Аллоҳнинг Ўзи қайтарсин, Ўзи асрасин!
Ислом динидаги эзгу ғоя
Муқаддас ислом дини ота-онага итоатда бўлиш, иззат-ҳурмат кўрсатиш ва уларнинг розилигини олишни тарғиб қилади. Қуръони каримнинг “Нисо” сураси 36-оятида “Ва Аллоҳга ибодат қилинг, Унга ҳеч нарсани шерик келтирманг ва ота-онангизга яхшилик қилинг”, дея марҳамат қилинади.
Дарҳақиқат, муқаддас ислом дини оиланинг ҳар бир аъзоси учун у лойиқ бўлган мақом ва даражани белгилаб берган. Оилада энг қадрланиши лозим бўлган зот бу ота-онадир. Инсоннинг дунёга келиши Аллоҳ таолонинг ғайби ва марҳамати бўлса, ота-она зоҳирий сабабчи эканлиги барчага аён. Чортоқ туманидаги “Султон Саид” жоме масжиди имом-хатиби Лутфуллоҳ Давлатовнинг мулоҳазасини келтириб ўтамиз:
–Ҳар банданинг ота-онасига яхшилик қилиши эзгуликдан нишона. Бу ҳеч қачон уларга қарши чиқмаслик, хизматларидан бўйин товламаслик билан ўлчанади. Донишмандлардан бири «Ота-онага яхшилик қилиш ҳам фарз, ҳам қарздир. Фарзлиги Сени охиратда Алоҳ ризоси ва Жаннатга киришингга сабаб бўлса, қарзлиги сенга фарзандларингдан қайтишидир» деган экан.
Ота-онага яхшилик қилиш буюк Аллоҳ таоло тарафидан амр-фармон бўлишига қарамай, бу борадаги ҳолатимиз жуда ачинарли. Баъзилар дунё ташвишлари ёки фарзандлари билан овора бўлиб, ота-онасидан кўнгил сўрашга, хизматларини қилиб, бебаҳо дуоларини олишга бефарқ, эртага, индинга деб, улар билан дийдорлашувни орқага сурадилар. Билиб олишимиз лозим бўлган бир ҳақиқат борки, дунёвий ишларимиз кўп, чеки-чегараси йўқ, лекин ота ҳам, она ҳам бир дона. Ишни, шахсий ташвишларни бир оз кейинга сурсак бўлади, лекин ота-онага ғамхўрлик кўрсатишда кечиқмаслик энг катта савоб, чунки улар ғанимат, бугун бор, эртага бўлмаслиги мумкин.
Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу сўзларни эшитдим: «Хор бўлсин! Хор бўлсин! Хор бўлсин!». «Ким у, ё Росулаллоҳ», деб сўрашди. «Ким ота-онасининг бирини ёки иккаласини қарилик чоғида топиб, уларга яхшилик қилиб жаннатий бўлиб олмаган бўлса», дедилар. Қарангки, пайғамбаримиз яшаб ўтган дамларда ҳам ота-она ҳаққи, ҳурмати баланд тутилган. Демак, ота-оналаримизни ҳаётлик чоғида ғанимат билиб, хизматини қилсак, дуосини олсак, вафотидан кейин тиловатимиз ва савоб амалларимиз билан доимо ёд этиб турсак, икки дунё саодатига эришамиз, иншооллоҳ!
Ҳулкар ТЎЙМАНОВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист,
I даражали “Меҳнат фахрийси”,
"Ҳуррият" газетасининг 9-сонида чоп этилган.
Халқаро медиа майдонида йўлга қўйилаётган янги ҳамкорликлар ва илмий-маданий лойиҳалар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро фаолиятини янги босқичга олиб чиқмоқда. Яқинда ўтказилган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар” халқаро медиафоруми доирасида бошланган ҳамкорликларнинг кейинги босқичи сифатида Париж шаҳридаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида махсус тақдимот, халқаро илмий-амалий конференция ва кўргазма ўтказиш режалаштирилган. Мазкур лойиҳаларнинг натижалари ва уларга тайёргарлик жараёни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинди.
Йиғилишда Илмий кенгаш аъзолари, олим ва тадқиқотчилар ҳамда тегишли йўналишлар учун масъул ходимлар иштирок этди.
Унда дастлаб халқаро медиафорумнинг натижалари таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, мазкур форум Марказнинг халқаро ахборот ва илмий майдондаги фаолиятини кенгроқ намойиш этиш, хорижий журналистлар, медиа экспертлар, олим ва тадқиқотчилар билан янги профессионал алоқаларни йўлга қўйиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Форум давомида Марказнинг илмий-тадқиқот салоҳияти, Ўзбекистон ҳудудида шаклланган исломий илм-фан ва маданият мероси, шунингдек, ушбу меросни замонавий медиа воситалари орқали халқаро аудиторияга етказиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Хорижий ОАВ вакилларининг Марказ фаолиятига билдирган қизиқиши ҳамда ўзаро мулоқотлар келгусидаги ҳамкорликлар учун янги имкониятларни шакллантиргани таъкидланди.
Шу муносабат билан форум доирасида йўлга қўйилган алоқаларни изчил давом эттириш, халқаро ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш, Марказнинг илмий лойиҳалари ва тадқиқотларини халқаро аудиторияга кенгроқ етказиш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Илмий кенгаш йиғилишида Марказнинг халқаро илмий-маданий ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган истиқболли лойиҳалардан бири — Париж шаҳридаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида ўтказилиши режалаштирилаётган махсус тақдимот, халқаро илмий-амалий конференция ва кўргазма лойиҳасига тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур тадбирлар орқали Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг илмий-тадқиқот фаолияти, мамлакат ҳудудида шаклланган илм-фан, маърифат, маданият ва тарихий мероснинг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги ўрнини халқаро илмий жамоатчиликка кенгроқ танитиш мақсад қилинган.
Айни пайтда лойиҳа доирасида халқаро олим ва тадқиқотчиларни тадбирларга жалб этиш, илмий муассасалар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, тақдимот ва конференция дастурини шакллантириш, шунингдек, кўргазма экспозицияларини илмий ва мазмун жиҳатдан тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳаммедов Париждаги тадбирларга тайёргарлик жараёни ҳақида маълумот берди:
“Франциядан 50 га яқин олим ва тадқиқотчига таклифномалар юборилган. Шунингдек, бошқа халқаро ташкилотлар ва илмий муассасалар вакилларини жалб этиш бўйича ҳам тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Тадбирнинг яна бир муҳим қисми — ЮНЕСКО Бош қароргоҳида ташкил этиладиган кўргазма лойиҳаси. Беш экспозициядан иборат кўргазма орқали Ўзбекистон ҳудудида шаклланган илм-фан, маданият ва тарихий мероснинг муҳим жиҳатларини халқаро жамоатчиликка намойиш этиш режалаштирилган. Кўргазма учун 35 та муҳим артефакт ва 200 га яқин қадимий китоб, шунингдек, тарихий обидалар макетларини тақдим этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда”.
Илмий кенгаш аъзолари томонидан мазкур лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти, илмий асосланганлиги ва уларни халқаро аудиторияга тақдим этиш усуллари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Хусусан, кўргазма экспозицияларини шакллантиришда тарихий манбаларнинг илмий қиймати, артефактларнинг тарихий аҳамияти ва уларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги ислом цивилизацияси тараққиёти билан боғлиқ жиҳатларини аниқ ва ишончли маълумотлар асосида ёритиш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, халқаро аудиторияга тақдим этиладиган материалларда Ўзбекистон заминида юзага келган илмий мактаблар, буюк алломаларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда бугунги кунда ушбу илмий-маърифий меросни ўрганиш ва оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар кенг қамраб олиниши зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида халқаро медиафорумда эришилган натижаларни амалий лойиҳалар билан давом эттириш, хорижий ОАВ ва илмий муассасалар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, Париж шаҳридаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида ўтказилиши режалаштирилган тадбирларга тайёргарлик ишларини юқори савияда ташкил этиш ҳамда Марказнинг илмий-тадқиқот фаолияти ва Ўзбекистоннинг бой исломий илмий-маданий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.
iccu.uz