Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ташаббуси билан Москва шаҳридаги “Антек” МЧЖ қурилиш компаниясида меҳнат қилаётган ватандошларимиз учун ифторлик тадбири ташкил этилди. Ушбу маънавий тадбирда элчихона дипломатлари билан бир қаторда, юртимиздан махсус ташриф буюрган Бухоро шаҳридаги “Халифа Худойдод” жоме масжиди имом-хатиби Одилжон Садиллоев иштирок этди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар юртдошларимизни муборак ой билан қутлаб, давлатимиз раҳбариятининг самимий табрикларини етказдилар. Мусофирчиликда турли қийинчиликларни сабр билан енгиб, ҳалол меҳнат орқали оиласига ризқ улашаётган ҳамюртларимизга алоҳида миннатдорлик билдирилди. Шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда Рамазон ойини муносиб ўтказиш ва эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қилинаётган хайрли ишлар ҳақида сўз юритилди.
Шу билан бирга, ифторлик асносида маърифий суҳбат ўтказилиб, фуқароларимизнинг ёт ва бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолмаслиги, ёшларни турли диний оқимлардан асраш ва доимо огоҳ бўлиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Иштирокчилар ўз навбатида, кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдириб, ушбу учрашув ватандошлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини эътироф этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати