Рамазон ойининг муборак кунларида Самарқанд вилояти ҳокимлиги, “Вақф” хайрия жамоат фондининг вилоят филиали ҳамкорлигида вилоятнинг турли ҳудудларида истиқомат қилиб келаётган 200 нафар кам таъминланган ва 150 нафар ногиронлиги бор шахслар учун ифторлик дастурхони ёзилди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Алимов ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят ҳудудий бошқармаси ходимлари иштирок этди.
Тадбир якунида “Вақф” хайрия жамоат фонди вилоят филиали томонидан эҳтиёжманд юртдошларимизга ҳадялар тақдим қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати