Ёмғирдан кейин ногиронлик аравачасида кўчага чиққан онахон йўлдаги кўлмакда ётган нон бўлагини кўриб, олиб қўймоқчи бўлди. Аммо йўл ўртароғига етганида аравачанинг оёғи бир чуқурга тушиб, сиқилиб қолди.
Кўчадан тезликда ўтаётган бир мошинанинг онахонга сув сачратиб ўтгани майли, нон бўлагини босиб кетганидан дили хуфтон бўлди. Автоулов сал нарига бориб тўхтади. Сўнг орқалаб онахоннинг яқинига қайтди. Ундан бир йигитча тушиб, бошини бироз эгиб, айбдорона қиёфада онахоннинг олдига келди.
– Мен сизга сув сачратиб ўтдим, шекилли. Кечиринг, ҳожи она, телефонга чалғибман.
Йигит онанинг бироз титраб турган қўлларидан тутиб ўпди ва пешонасига сурди. Аравачани даст кўтариб йўлнинг четига олди. Онахон бир зумда эриб тушди. Йигитдан жудаям миннатдор бўлди ва насиҳат қилди:
– Менга сачраган сув-ку, қуриб кетади. Аммо сен нонни босиб ўтдинг, болам. Бизлар болалигимизда тўйиб нон есак, ўша бизга катта байрам эди. Ўзинг тарбияли йигит экансан, йўлда бунақа тез ҳайдама. Ҳар нарсанинг уволи бор, шуни унутма.
Йигит, “Хўп бўлади”, дер экан, Рамазон ойининг фазлидан диллар мум каби эришини, қўлдан келганча яхшилик қилиш, одамларнинг кўнглини ранжитмасликка ҳаракат қилиш кераклигини дилдан ҳис этди.
Акбаршоҳ Расулов
Сайёр йиғилиш
2026 йил 23 июнь куни Оҳангаон туманидаги «Қорахитой» жоме масжидида навбатдаги маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакили, бош имом Дониёр домла Икромов, туман-шаҳарлар бош имом-хатиблари ҳамда отинойилар, шунингдек, Оҳангарон туманидаги масжид имом-хатиблари, ноиблар, отинойилар, “Ҳаж 2026” зиёратчилари ва маҳаллалар раислари иштирок этди.
Йиғилиш иштирокчилари Оҳангарон туманидаги 12 та масжид ҳамда 22 та маҳаллага бириктирилди.
Тадбир доирасида ҳар бир маҳалланинг камида 5 тагача муаммоли хонадонига кирилиб, у ерда яшаётган кишилардан ҳол-аҳвол сўралди.
Имом-хатиблар 7 тоифага мансуб 110 та оилага кирилиб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирлари олиб борилди.
Нотинч оилалар ўрганилиб, улар яраштирилди.
Шунингдек, 25 та хонадонда ичкиликка ружу қўйган кишилар билан суҳбатлар ўтказилди.
Ишчи гуруҳи аъзолари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини адо қилгач, қавмга “Тинчлик-хотиржамлик – улуғ неъмат”, “Ўзаро ҳамжиҳатлик”, “Оила – муқаддас”, “Янги Ўзбекистонда инсон қадри”, “Шукроналик – буюк фазилат”, “Фарзанд тарбияси”, “Яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир”, “Қўни-қўшничилик ҳуқуқлари”, “Ислоҳотлар – халқ манфаати учун”, “Мазҳабга эргашиш ва ёт ғоялар таъсиридан сақланиш” каби долзарб мавзудаги маъруза қилишди.
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати