Ёмғирдан кейин ногиронлик аравачасида кўчага чиққан онахон йўлдаги кўлмакда ётган нон бўлагини кўриб, олиб қўймоқчи бўлди. Аммо йўл ўртароғига етганида аравачанинг оёғи бир чуқурга тушиб, сиқилиб қолди.
Кўчадан тезликда ўтаётган бир мошинанинг онахонга сув сачратиб ўтгани майли, нон бўлагини босиб кетганидан дили хуфтон бўлди. Автоулов сал нарига бориб тўхтади. Сўнг орқалаб онахоннинг яқинига қайтди. Ундан бир йигитча тушиб, бошини бироз эгиб, айбдорона қиёфада онахоннинг олдига келди.
– Мен сизга сув сачратиб ўтдим, шекилли. Кечиринг, ҳожи она, телефонга чалғибман.
Йигит онанинг бироз титраб турган қўлларидан тутиб ўпди ва пешонасига сурди. Аравачани даст кўтариб йўлнинг четига олди. Онахон бир зумда эриб тушди. Йигитдан жудаям миннатдор бўлди ва насиҳат қилди:
– Менга сачраган сув-ку, қуриб кетади. Аммо сен нонни босиб ўтдинг, болам. Бизлар болалигимизда тўйиб нон есак, ўша бизга катта байрам эди. Ўзинг тарбияли йигит экансан, йўлда бунақа тез ҳайдама. Ҳар нарсанинг уволи бор, шуни унутма.
Йигит, “Хўп бўлади”, дер экан, Рамазон ойининг фазлидан диллар мум каби эришини, қўлдан келганча яхшилик қилиш, одамларнинг кўнглини ранжитмасликка ҳаракат қилиш кераклигини дилдан ҳис этди.
Акбаршоҳ Расулов
Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳининг биродари вафот этганида бир қанча киши таъзия билдириш учун келди.
Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи ҳам таъзия билдиргани келди. Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳи туриб, уни ўз ўрнига ўтқизади ва ўзи унинг олдига ўтиради.
Инсонлар кетганидан кейин талабалари Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳидан: "Ғалати иш қилганингизни кўрдик", дейишди.
У эса: "Бу киши аҳли илмдир. Илми учун турмасам ҳам ёши учун тураман. Ёши учун турмасам ҳам фиқҳи учун тураман. Фиқҳи учун турмасам ҳам тақвоси учун тураман", деб жавоб берди.
Манба: Ҳаравий. "Мирқотул мафотиҳ шарҳу Мишкотул масобиҳ". Ж. 1. - Б. 30.