Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Апрел, 2026   |   3 Зулқаъда, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:35
Пешин
12:27
Аср
17:10
Шом
19:13
Хуфтон
20:32
Bismillah
21 Апрел, 2026, 3 Зулқаъда, 1447

11.03.2026   4338   1 min.
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ ﷺга муҳаббатлари

20.04.2026   6706   4 min.
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ ﷺга муҳаббатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллома Саййид Маҳмуд Олусий раҳматуллоҳи алайҳ шоҳ асарлари «Руҳул-маъоний»да бундай ёзадилар: «Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Савр ғорига киришдан олдин Набий алайҳиссаломга «Сизни ҳақ билан жўнатган Зотга қасам, сиз биринчи бўлиб ғорга кирманг. Мен кирай, агар у ерда бирон нарса бор бўлса, зиёни менга бўлсин», дедилар. Сўнг ғорга кириб, унинг ичини айланиб, ҳамма томонини қўллари билан пайпаслаб, текшириб чиқдилар. Бир тешик топиб, у жойга изорларидан бир парча йиртиб, беркитдилар. Яна иккита тешик чиқди. Турли зарарли ҳашаротлар бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чақиб, озор бермасин дея, у иккала тешикка икки оёқларини қадаб олиб, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ичкарига чақирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам анча толиққан эдилар. Кирганларидан сўнг Абу Бакрнинг тиззаларига муборак бошларини қўйиб ётиб, уйқуга кетдилар. Ҳазрат Абу Бакр бекорга эҳтиёт чораларини кўрмаган эканлар. Оёқлари билан тўсиб турган тешикларнинг биридан илон келиб, оёқларини чақиб олди. Аммо Абу Бакр илон тешикдан чиқиб кетмаслиги ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам безовта бўлмасликлари учун оёқларини қимирлатмай туравердилар. Бироқ оғриқнинг қаттиқлигидан кўзларига ёш келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларига томган эди, у зот алайҳиссалом уйғониб кетдилар.

Сенга нима бўлди, Абу Бакр? – сўрадилар у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Ота-онам Сизга фидо бўлсин, ё Аллоҳнинг Расули! Нимадир чақиб олди, – дедилар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илон чаққан жойни муолажа қилдилар, оғриқ тезда барҳам топди.

Бу – мисли кўрилмаган муҳаббат ва ишқ достонидир. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг нафақат ўзлари, балки бутун оилалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида шай эдилар.

Шу ҳижрат сафарини мисол қилиб олсак. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқнинг ўзлари у зотга ҳамроҳ, ўғиллари Абдураҳмон ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса кундузи Қурайш аҳли орасида юриб, ҳолатни ўрганиб, кечалари ғорга келиб, оталарини хабардор қилиб кетар эдилар. Фуҳайра деган қуллари кундузи қўйларини боқиб, ғор олдидаги келиб-кетган изларни йўқотар, кечаси келиб, Набий алайҳиссалом билан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга сут соғиб берар эди. Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумо ёш бўлсалар ҳам, бу сафар хизматидан бебаҳра қолмадилар, оналари уйда тайёрлаган овқатни ғордагиларга етказиб турдилар. Хуллас, оиланинг ҳар бир аъзоси Набий алайҳиссалом хизматларида тайёр турдилар, ҳатто бу хизматлари асносида машаққат ва тазйиқларга ҳам учрадилар.

Бир куни Абу Жаҳл кўчада Асмо розияллоҳу анҳони кўриб қолиб, тазйиққа олади, Асмога қараб: "Ҳой Абу Бакрнинг қизи, отанг қани?" деб бақиради. Асмо "Аллоҳга қасам, отам қаердалигини билмайман", деб жавоб беради. Абу Жаҳл жаҳл устида Асмога тарсаки тортиб юборади, зарбнинг кучидан қизнинг қулоғидаги сирғаси учиб кетади, аммо шунда ҳам у зотни бор вужуди билан ҳимоя қилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр розияллоҳу анҳу ғордан чиқиб, Мадина томон йўлга отланишди. Йўлда Абу Бакр гоҳ олдинга ўтиб, гоҳ орқада қолиб юрдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом нега бундай қилаётганларини сўраганларида "Гоҳо олдинга ўтиб кетишим – йўлни текшириб, бирор хавф йўқлигини билиб келиш учун. Гоҳида орқада колишим – ортимиздан кимдир эргашиб келаётган бўлса, биринчи бўлиб мен йўлиқай деганим учун", дедилар.
 

Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Ишқи Расул" китобидан Нодиржон Одинаев таржимаси

Мақолалар