Бизга муборак Рамазон ойи рўзасини фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Рамазон ойи кечаларини қоим қилишни суннат қилган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин.
Биз оддий ойлардан бири эмас, балки жуда улуғ, фазилатларга тўла ойнинг охирги учинчи даҳаси – жаҳаннам оташидан асрагувчи даҳасидамиз. Ушбу муборак ой жаннат эшиклари очиладиган, дўзах эшиклари ёпиладиган ойдир. Ҳар кеча бир нидо қилувчи нидо қилади: “Эй яхшиликни истовчи, келгин! Эй ёмонликни истовчи, тўхтатгин!”.
Бу муборак ой – Рамазон ойида инсонларга меҳр билан бундай дейилади: Тавба қилинг, ўзингизни сарҳисоб қилинг ва умрингиздан қолган фурсатни ғанимат билинг. Чунки шундай бир кун келадики, инсон дунёга қайтишни орзу қилади, аммо унинг орзуси қабул қилинмайди ва унга муҳлат берилмайди
Доктор Зағлул Нажжор ушбу ҳолатнинг даҳшатидан йиғлаб бундай дейди:
“Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Агар сен уларни дўзах олдида тўхтатилганларида кўрсанг эди! Улар: «Дўзах узра тўхтатиб қўйилганда, «Оҳ, кошки эди (дунёга) қайтарилсак, Раббимиз оятларини ёлғонга чиқармайдиган мўминлардан бўлсак», дейишларини кўрганингизда эди!” (Анъом сураси, 27-оят).
Ушбу улуғ қисса Қуръон каримда қиёмат кунининг энг даҳшатли манзараларидан бирини тасвирлайди. Бу шундай манзараки, уни тасаввур қилганда танимиз жимирлаб кетади, қалблар қўрқувдан титрайди. Улар дунёда Аллоҳнинг оятларини инкор қилган, пайғамбарларини масхара қилган ва Аллоҳдан бошқасига ибодат этган кимсалар эди.
Қиёмат куни эса улар жаҳаннам ёқасида туриб, ўз кўзлари билан ўша оловни кўрадилар. Унинг даҳшатли овозини эшитадилар, занжирлар ва кишанларнинг шоҳиди бўлишади, ақл тасаввур қила олмайдиган азобларни кўрадилар.
Шунда қўрқув шунчалик кучаядики, қалблар ҳалқумга келиб қолади, нафаслар тиқилиб кетади. Ана ўша пайтда бу гуноҳкорлар шундай бир орзу қиладиларки, агар уларга дунёда шу орзу берилганида эди, Аллоҳга ҳеч қачон осий бўлмас эдилар: “Оҳ, кошки эди (дунёга) қайтарилсак, Роббимиз оятларини ёлғонга чиқармайдиган мўминлардан бўлсак”. Лекин бу орзу қабул қилинадими? Бу кечиккан пушаймон фойда берадими?
Жавоб кейинги оятда келади: “Йўқ! Уларнинг олдиндан яшириб юрган (сир)лари уларга фош бўлиб қолди. Борди-ю, (дунёга) қайтарилсалар ҳам, (яна ўша) тақиқланган нарсаларга қайтган бўлур эдилар. Улар, ҳақиқатан, ёлғончилардир!” (Анъом сураси, 28-оят).
Аллоҳ таоло уларнинг ҳақиқий ҳолатини очиб беради. Агар улар дунёга қайтарилса ҳам, яна аввалги гуноҳ ва инкорга қайтадилар. Чунки уларнинг бу ердаги пушаймони ҳақиқий иймон эмас, балки азобдан қўрқишдир.
Ушбу Қуръоний қисса бизга катта ибрат беради:
– Пушаймон кеч бўлса, фойда бермайди.
– Тавба эшиги фақат дунёда очиқ. Ўлим келганда ёки қиёмат қўзғалганда тавба қабул қилинмайди.
– Иймон фақат оғиздаги сўз эмас. У қалбдаги ишонч, тил билан иқрор ва амал билан исботдир.
– Аллоҳ муҳлат беради, аммо беэътибор қолдирмайди.
Бу ерда биз учун муборак Рамазон ойидаги буюк ибрат бор.
Рамазон – пушаймондан олдинги имконият ойидир.
Рамазон – тавба эшиги ёпилишидан олдинги фурсатдир.
Бу ойда кўплаб инсонлар дўзахдан озод қилинади.
Савол шу: “Биз озод қилинганлардан бўламизми ёки кейин пушаймон бўлувчиларданми?”.
Рамазон фақат еб-ичишдан тийилиш эмас. У гуноҳлардан тийилиш, Аллоҳга чин қалб билан қайтиш ойидир. Рамазондаги ҳар бир кун – янги саҳифа саналади. Ҳар бир кеча – кўз ёши билан йиллар давомидаги камчиликларни ювиш имкониятидир
Шунинг учун, эй бу сўзларни ўқиётган азиз инсонлар:
Пушаймон фойда бермайдиган кунни кутмангиз.
Айниқса ушбу муборак ойда тавбага шошилингиз.
Кўпроқ истиғфор айтинг. Намозингизни тўғриланг. Қуръони карим билан муносабатингизни мустаҳкамланг. Ким билсин, балки бу Сизнинг ҳаётингиздаги охирги Рамазон бўлиши мумкин.
Аллоҳдан сўраймизки, Бизни Рамазон ойини ғанимат билиб, Ўзига яқин бўладиган ҳамда Рамазон ойи тугаганида жаҳаннамдан озод бўладиган бандалари қаторида қилсин! Омийн. Я Роббал ъааламийн!. …” (Доктор Зағлул Нажжор хотираларидан).
И.Аҳмедов таржимаси
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси