Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Эй фарзанд! Рақамли олам шунчаки экранлардан иборат эмас. У – эркакларнинг ғурури ва қизларнинг ҳаёси синовдан ўтадиган ҳақиқий имтиҳондир. Шунинг учун бу сўзларни қалбинг билан ўқи.
Эй фарзанд! Google, Facebook, Twitter ва WhatsApp – чуқур денгизга ўхшайди. Унда кўп инсонларнинг ахлоқи йўқолди, кўп ақллар ҳалокатга учради!
Эй фарзанд! Унинг тўлқинлари кўп қизларнинг ҳаёсини ютиб юборди ва кўп инсонлар ҳалок бўлди. Шунинг учун у ерда асалари (арилар) каби бўл, фақат пок нарсага қўн, ўзингга ва бошқаларга фойда келтир.
Чивин (ёки пашша) каби бўлма, у қаерда касаллик бўлса, ўша ердан уни тарқатади!
Эй фарзанд! Интернет – катта бозор. Бу ерда ҳеч ким ўз “товарини” бепул бермайди. Ҳар ким бирор нарса эвазига ҳаракат қилади. Огоҳ бўл!
Баъзилар ахлоқни бузишни истайди.
Баъзилар шубҳали ғояларни тарқатади.
Баъзилар эса фақат машҳурлик излайди.
Шунинг учун ҳар бир “товарни” яхшилаб текширмасдан олма.
Эй фарзанд! Номаълум ҳаволаларни (линкларни) очишдан сақлан. Чунки уларнинг баъзиси тузоқ бўлиши мумкин: хакерлик, маълумот ўғирлаш, зарар ва ҳалокат.
Эй фарзанд! Латифалар ва ёлғон хабарларни тарқатма. Ҳаром ишларга оид “copy-paste” қилишдан ҳам эҳтиёт бўл.
Чунки сен интернетда савоб ва гуноҳ билан савдо қилаётганингни унутма.
Эй фарзанд! Изоҳ ёзиш ёки бирор нарсани улашишдан олдин ўзингдан сўра: “Бу иш Аллоҳни рози қиладими ёки ғазаблантирадими?”.
Эй фарзанд! Кўзинг билан кўрмаган одамингни дўстлигига ишонма. Фақат ёзганларига қараб инсонларга ҳукм чиқарма. Чунки кўпчилиги ниқобланган! Ҳақиқат шуки: “Уларнинг суратлари сохта бўлиши мумкин, ахлоқи жозибали кўриниши мумкин. Улар ниқоб тақади ва “ростдек кўриниб ёлғон гапиради”. Шунинг учун зоҳирга алданма”.
Эй фарзанд! Сохта исмлардан эҳтиёт бўл. Чунки уларнинг эгалари кўпинча ўзларига ишонмайди.
Ўзига ишонмаган одамга сен ҳам ишонма.
Эй фарзанд! Сени ранжитганни сен ҳам ранжитма.
Чунки сен ўз ахлоқингни намоён қиласан, у эса ўз табиатини кўрсатади.
Ҳар бир идиш ичидаги нарса билан тошади.
Гўзаллик жавобда эмас, тилингда!
Эй фарзанд! Ёзадиган нарсангни яхшилаб ўйла. Чунки сен ёзасан, фаришталар ҳам ёзади, Аллоҳ эса ҳаммасини кўриб, ҳисобини қилади.
Шунинг учун саҳифангни Қиёмат куни сенга қарши эмас, балки сенга гувоҳ бўладиган қилиб юрит!
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Рамазон ойидан кейин тутиладиган олти кунлик рўза ҳақида батафсил маълумот берcангиз. Олдиндан раҳмат.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рамазон ойидан кейин ҳижрий-қамарий тақвимнинг ўнинчи ойи ҳисобланадиган Шаввол келади. Ушбу ой ҳам фазилатли ва баракотли ойлардандир. Айниқса бу ойда соғлиғи ва имкони бор кишилар нафл рўза тутсалар, кўплаб ажру-савобга эга бўлишлари ваъда қилинган. Жумладан Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, шавволнинг олти кунида рўза тутган киши умр давомида рўза тутганлик савобини қозонар экан. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом сураси, 160-оят).
Бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Бу ҳақда “Зоҳирийя” ва “Хулоса” номли фатво китобларимизда Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани кетма-кет тутилиши шарт эмаслиги, балки ой давомида тутиб ҳам адо этиш мумкинлиги айтиб ўтилган.
Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорат бўлади. Зеро беайб – Парвардигори олам! Банда камчилик ва хатолардан холи эмас. Бу – худди фарз намозлар ортидан ўқилган суннат намози кабидир. Ушбу суннатлар фарзда билиб-билмай йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилади. Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз-вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради.
Қолаверса, шавволнинг олти кунида рўза тутиш ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан зерикмаганига, балки унга рағбати кучли эканига далолат қилади. Зеро, бу ойдаги рўзанинг ҳикмати ҳақида Аллома Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш – Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни (бошқа) солиҳ, хайрли ишларга бошлайди, давомли қилади”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази