Ризқ бу – бомдод намозига ўз вақтида улгуришингиз, мол-мулкингизда камбағалларнинг насибаси бўлиши, бирор кунингиз Қуръондан ўз вирдингизни ўқимасдан ўтмаслиги, бирор соатингиз Аллоҳни зикр қилмасдан ўтмаслиги, гарчи бир марта бўлса-да, зикр қилишингиз ризқдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш шарафига ноил бўлишингиз ҳам ризқдир ва яна қалб хушуси, кўнгил юмшоқлиги ва мискинларга бўлган муҳаббат ҳам ризқдандир.
Кимнинг куни юқоридагилардан бирор насибасиз ўтса, у ер юзидаги барча хазиналарга эга бўлса ҳам, аслида фақирдир!
Даъво: Қуръон хатмининг савоби ўликларга етиб-борадими ёки йўқми?
Раддия: Қуръондан хатм қилиниб унинг савобини ўликларга бағишланса, бу савоб марҳумларга бориб етади. Марҳумларимиз ҳаққига мағфират сўраб дуо қилиб туришимиз лозим.
Усмон ибн Аффоннинг розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳум дафн этилгандан сўнг унинг тепасида туриб: “Биродарингизга мағфират сўранглар ва унга Аллоҳдан сабот тиланглар, зеро, у ҳозир сўралмоқда”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Саъд ибн Убода йўқлигида онаси вафот этиб қолди. Шунда Набийнинг олдиларига келиб: “Ё Расулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онам мен йўғимда вафот этди унинг номидан садақа қилсам, савоби етадими?” деб сўрадилар.
У зот алайҳиссалом: “Ҳа”, дедилар. “Бўлмаса, сизни гувоҳ қиламанки, менинг ушбу боғим у киши номидан садақадир” (Имом Бухорий ривояти).
Хулоса қилиб айтганда, марҳумларимиз ҳақига қилинадиган хатми Қуръон, дуолар, садақалар савоби ўтганларимизга бориб етишида ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Имом Шаъбий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
كَانَتِ الأَنْصَارُ إِذَا مَاتَ لَهُمُ الْمَيِّتُ يَأْتُونَ قَبْرَهُ فَيَقْرَؤُونَ عِنْدَهُ الْقُرْآنَ مرقاة المفاتيح
“Ансорлар орасида кимнинг маййити вафот этса, унинг қабрига бориб, у ерда Қуръон ўқир эдилар”.
Бу амал саҳобалар даврида мавжуд бўлган. Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг васиятлари:
إِذَا مَاتَ أَحَدُكُمْ فَلْيُسْرِعْ بِهِ إِلَى قَبْرِهِ وَلْيُقْرَأْ عِنْدَ رَأْسِهِ بِفَاتِحَةِ الْبَقَرَةِ وَعِنْدَ رِجْلَيْهِ بِخَاتِمَتِهَا.
“Агар сизлардан бири вафот этса, уни тезда қабрига олиб боринглар. Бош томонида Бақара сурасининг бошини, оёқ томонида эса охири ўқилсин” (Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси