Ризқ бу – бомдод намозига ўз вақтида улгуришингиз, мол-мулкингизда камбағалларнинг насибаси бўлиши, бирор кунингиз Қуръондан ўз вирдингизни ўқимасдан ўтмаслиги, бирор соатингиз Аллоҳни зикр қилмасдан ўтмаслиги, гарчи бир марта бўлса-да, зикр қилишингиз ризқдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш шарафига ноил бўлишингиз ҳам ризқдир ва яна қалб хушуси, кўнгил юмшоқлиги ва мискинларга бўлган муҳаббат ҳам ризқдандир.
Кимнинг куни юқоридагилардан бирор насибасиз ўтса, у ер юзидаги барча хазиналарга эга бўлса ҳам, аслида фақирдир!
Тили ва дили билан иймон келтириб, унинг тақозосига кўра гўзал ҳаёт кечирган инсон комил мўмин дейилади. Бундай кишилар дўзах юзини кўрмай, Аллоҳнинг фазли-марҳамати ила тўғри жаннатга кирадилар. Тили ва дили билан иймон келтириб, катта гуноҳлар қилиб, тавба қилмай вафот этган инсон фосиқ мўмин ҳисобланади...
Тили билан иймон келтириб, қалбида иймони бўлмаган кимса мунофиқ ҳисобланади. Бундай кишига дунёда мўминларга ўхшаб муомала қилингани билан охиратда улар учун ҳеч қандай насиба бўлмайди, Аллоҳ асрасин.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг “Раббоний нидолар” китобидан