Дунё мамлакатлари турли тақвимларда йил, ой, кун ҳисобини юритади. Энг кенг тарқалгани – милодий деб аталадиган Григориан тақвими ҳисобланади. Ислом мамлакатларида ҳижрий-қамарий ва ҳижрий-шамсий тақвимлар мавжуд.
Кўп Ислом мамлакатларида амал қилинадиган ҳижрий-қамарий тақвим ойнинг фалакдаги ҳаракатига асосланади. Ҳилол (янги ой) кўрингандан кейинги кун янги ойнинг биринчи куни ҳисобланади. Ҳижрий-қамарий ойлар 29 ёки 30 кун бўлади. Шу сабабли ҳижрий-қамарий йил 354-355 кун бўлиб, милодий йилдан 10-11 кун кам бўлади.
Ҳижрий-қамарий тақвимнинг биринчи куни Муҳаррам ойининг биринчи кунидан бошланади. Ҳижрий-қамарий йил бўйича ойлар тартиби қуйидагичадир: Муҳаррам, Сафар, Рабиул аввал, Рабиул охир, Жумодул аввал, Жумодул охир, Ражаб, Шаъбон, Рамазон, Шаввол, Зулқаъда, Зулҳижжа.
Қуръони каримдаги Тавба сурасининг 36-оятида Аллоҳ таоло ойларни 12 та қилиб белгилагани қайд этилган. Бу ойлар инсонга ёрдамчи бўлиб, умрини, вақтини, ишларини режалаштиришда, ҳисоблашда лозим бўлади.
Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Ислом тақвимини жорий қилишга маслаҳат қилишган ва катта келишув бўлган. Ҳижрий-қамарий тақвимдан фойдаланишга Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврида, яъни 16-ҳижрий йилнинг Рабиул аввал ойида қарор қилинган ва 1-Муҳаррам 17-ҳижрий йилнинг боши деб ҳисобланган.
Ҳижрий-қамарий йилнинг бошланишига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилган саналари асос қилиб олинган. Бу милодий 622 йилга тўғри келади. “Ҳижрий” деган сўз “ҳижрат (кўчиш)га тегишли”, “қамарий” эса “ойга тегишли” деган маънони билдиради.
Милодий сана ойлари 28 ёки 29 ҳамда 30 ё 31 кунлик бўлгани каби ҳижрий ойлар, жумладан, Рамазон ойи ҳам гоҳида 29, гоҳида 30 кунлик бўлиши мумкин. Ҳижрий ойнинг милодий ойдан фарқи шуки, масалан, март ойи доимий равишда 31 кунлик бўлса, ҳижрий ойлар ҳилолнинг янгиланиши билан боғлиқ бўлгани учун қайси ой неча кунлик бўлиши ойнинг кўринишига қараб аниқланади.
Ислом дини таълимотларида муборак Рамазон ойи ва ҳайити кунини белгилашда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Янги ойни кўриб рўза тутинглар ва янги ойни кўриб ҳайит қилинглар”, деган ҳадиси шарифлари асос қилиб олинган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам охиратга риҳлат қилгунларига қадар тўққиз йил Рамазон рўзасини тутганлар. Шулардан аксарида йигирма тўққиз кунлик, озроғида ўттиз кунлик бўлган.
Бу борада Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда зикр қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида 29 кун тутган рўзамиз 30 кун тутганимиздан кўпроқ эди” (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, Рамазон ойи неча кун бўлса, шунча кун рўза тутилади ва ўша мукаммал рўза ҳисобланади.
Ҳижрий ойларнинг йигирма тўққиз ёки ўттиз кунлик бўлишини қуйидаги ҳадиси шарифда ҳам кўриш мумкин.
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ойга хотинларидан ийло қилдилар. Йигирма тўққиз кун ўтгандан сўнг эса эрталаб (ёки кечқурун) кирдилар. Шунда у зотга: “Сиз бир ой кирмасликка қасам ичган эдингиз?” дейилди. У зот: “Ой йигирма тўққиз кун (ҳам) бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Шунга кўра, ҳеч ким ўзича Рамазон доим ўттиз кун бўлади, деб ҳукм чиқариши асло тўғри эмасдир. Бундай дейиш саҳиҳ ҳадислар ва уламолар ижмоси (иттифоқи)га зиддир.
Демак Рамазон ойи 29 кунлик бўлиб келган тақдирда ҳам биз оят ва ҳадисларга мувофиқ бир ой мукаммал рўза тутган бўламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.
Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.
“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.
Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.
Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.
Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.
Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.
“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.
Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.
Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати