Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Андижон вилояти Асака тумани "Хазрати Умар" жоме масжиди имом хатиби Муҳаммадсобир домла Иминовнинг волидаи меҳрибонлари вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, Уламолар кенгаши аъзолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига хусусан, Муҳаммадсобир домла Иминовга ҳамдардлик билдиради.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида “Заковат” интеллектуал мусобақаси ўтказилди.
Беллашувдан кўзланган асосий мақсад — диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада оширишдан иборат.
Мусобақада шаҳар ва туманлардан жамланган жамоалар Қуръони карим, ҳадиси шарифлар, ислом тарихи, миллий қадриятлар ва мамлакатимиз қонунчилигига оид саволлар бўйича ўз билим ва тезкор фикрлаш қобилиятларини намоён этдилар.
Якуний натижаларга кўра:
1-ўрин — “Тафаккур” жамоаси
2-ўрин — “Иттифоқ” жамоаси
3-ўрин — “Ҳикмат” жамоаси
Ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллигининг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати