وَكَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُعَلِّمُ بَعْضَ بَنَاتِهِ فَيَقُولُ: قُولِي حِينَ تُصْبِحِينَ: سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ، لَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ، مَا شَاءَ اللهُ كَانَ وَمَا لَمْ يَشَأْ لَمْ يَكُنْ، أَعْلَمُ أَنَّ اللهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ، وَأَنَّ اللهَ قَدْ أَحَاطَ بِكُلِّ شَيْءٍ عِلْمًا، فَإِنَّهُ مَنْ قَالَهُنَّ حِينَ يُصْبِحُ حُفِظَ حَتَّى يُمْسِيَ، وَمَنْ قَالَهُنَّ حِينَ يُمْسِي حُفِظَ حَتَّى يُصْبِحَ.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи қизларига «Тонг оттирганингда "Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, лаа қуввата иллаа биллаҳи, маа шаа Аллоҳу кана ва маа лам яшаъ лам якун. Аъламу анналлоҳа ъалаа кулли шайъин қодийр. Ва анналлоҳа қод аҳота бикулли шайъин илман»ни айтгин", деб ўргатар эдилар ва: "Ким шуларни субҳ кирганда айтса, то кеч киргунча ҳимоя қилинади. Ким шуларни кеч кирганда айтса, то субҳ киргунча ҳимоя қилинади", дер эдилар».
Дуонинг маъноси: «Аллоҳ покдир. Ҳамд Унгадир. Қувват фақатгина Аллоҳдадир. Аллоҳ хоҳлаган нарса бўладир. У хоҳламаган нарса бўлмайдир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. Ва албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани илми ила иҳота қилгандир».
Тонг чоғи ва кеч кирганда ўқиладиган дуолар сирасига бу ривоятда келган дуо ҳам қўшиб қўйилса, яхши бўлади.
"Ҳадис ва ҳаёт" китобининг 35-жузи
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқотлари фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун, 16 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Диний идорага келган бир гуруҳ фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, арз ва таклифларини тингладилар.
Мулоқот давомида имомлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, устоздан хайрли дуо олиш ниятида келганлар, ўзлари ёзган китобларини тақдим этганлар ҳам бўлди. Моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларга эса белгиланган тартибда тегишли кўмак кўрсатилди.
Самимий қабул ва кўрсатилган эътибордан мамнун бўлган фуқаролар миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилишди.
Дарҳақиқат, инсон дардига шерик бўлиш, унинг ташвишини енгиллатиш — савоби улуғ амалдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:
«Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади» (Имом Бухорий ривояти).
Эслатиб ўтамиз, бундай қабуллар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари ҳамда барча жоме масжидларида ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати